Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 30 июндаги 152-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомобиль йўллари давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисида низом”га мувофиқ “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Кадастр хизматининг Автомобиль йўллари давлат кадастрини (АЙДК) юритиш борасидаги тузилмаси, вазифалари, функцияларини, фаолиятининг ташкил қилинишини, шунингдек “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси корхоналари ва ташкилотлари ҳамда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг биргаликда амал қилиши тартибини белгилайди.
2. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Кадастр хизмати “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Автомобиль-йўллар илмий-тадқиқот институти ҳузурида ташкил қилинади.
“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Кадастр хизмати таркибига қуйидагилар киради:
бош кадастр хизмати – “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Автомобиль-йўллар илмий-тадқиқот институтининг тузилмавий бўлинмаси шаклида (бундан кейин – АЙДК Кадастр хизмати);
ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотларининг кадастр бўлинмалари (бундан кейин – ҲЙЭТ кадастр бўлинмалари);
йўл хўжалиги туман пудрат таъмирлаш-эксплуатация корхоналарининг кадастр бўлинмалари (бундан кейин – ЙХТПТЭК кадастр бўлинмалари).
3. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Кадастр хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси ва “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига амал қилади.
4. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясининг Кадастр хизмати ўз фаолиятини “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси ва “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг корхоналари ҳамда ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
5. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Кадастр хизматининг асосий мақсади АЙДКни юритиш ва “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компаниясини, шунингдек манфаатдор юридик ҳамда жисмоний шахсларни кадастр ахбороти билан таъминлашдан иборат.
6. “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси Кадастр хизматининг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл фонди маблағлари ҳисобидан, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан амалга оширилади.