«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси 2010 йилдан бошлаб фаолият юрита бошлади. «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси шу қисқа вақт ичида қўлёзмадан тайёр китобгача бўлган жараёнларни тўла автоматлаштириш, матбаачиликдаги энг илғор, замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида мамлакатимиздаги етакчи матбаа корхоналарига тенглашиб қолди.
Нашриётимиз мамлакат аҳолисининг илмий-маърифий ва диний адабиётларга бўлган талабини қондиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Нашриётда Ислом илмларининг деярли барча соҳаларига, барча йўналишларига — Қуръон, ҳадис, сийрат, ақоид, фиқҳ, тасаввуф, тарих ва бошқа кўплаб илмларга оид, шунингдек, ижтимоий тарбиявий, илмий-оммабоп йўналишлардаги ҳамда болалар адабиётига оид икки юзга яқин китоблар чоп қилинди. Жумладан, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», «Қуръон илмлари», «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми, «Сунний ақийдалар», «Кифоя, «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Руҳий тарбия», «Зикр аҳлидан сўранг», «Одоблар хазинаси» (Адабул муфрад), «Бахтиёр оила», «Соғлом бола», «Ижтимоий одоблар», «Мукаммал саодат йўли», «Очиқ хат», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Дин насиҳатдир», «Bacатия — ҳаёт йўли», «Мазҳаблар – бирлик рамзи», каби юздан ортиқ китоблари чоп этилди. Ҳозирги кунда ушбу асарлар рус, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тилларга таржима қилинмокда. Таъкидлаш жоизки, бу қадар кенг кўламли, юксак илмий савияли, адабий-бадиий жиҳатдан етук, юқори сифатли диний-маърифий китоблар сўнгги бир неча юз йил ичида ўлкамизда чоп этилмаган эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сўнгги йилларда динимиз, халқимиз, Ватанимиз олдида қилган энг буюк хизматларидан яна бири — «Олтин силсила» номли мажмуанинг академик нашрига бош-қош бўлганларидир. «Набавий ҳадисларнинг Олтин силсиласи» деб номланган ушбу улкан илмий лойиҳага имом Бухорий, имом Муслим, Абу Довуд, имом Термизий, Имом Насоий, Имом Ибн Можа, имом Молик, имом Доримий ҳамда имом Ибн Ҳиббон каби бутун Ислом олами эътироф этган буюк муҳаддисларнинг ҳадис тўпламлари киритилган. Ушбу мажмуанинг жами 60 жилдга яқин бўлиши кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача мажмуанинг бош асари — саккиз жилдлик «Саҳиҳи Бухорий» тўплами чоп қилинди. Республикамиз раҳбарияти ушбу улкан илмий лойиҳани юқори баҳолаб, тўлиқ қўллаб-қувватлади, «Олтин силсила» мажмуасини ҳозирги замоннинг энг илғор матбаа анъаналарига мувофиқ равишда чоп этиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Иншааллоҳ, ушбу асарнинг тўлиқ нашр этилиши халқимиз учун муносиб совға бўлади ҳамда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ислом оламида муҳим воқеа бўлади.
Нашриёт фаолият кўрсата бошлагандан буён миллион донадан зиёд китоб чоп этилган бўлиб, уларнинг деярли барчаси асосида аудиокитоблар ҳамда видеомаҳсулотлар тайёрланган.
Нашриётимиз «Олтин силсила» туркумининг дастлабки жилдлари (2014), «Очиқ хат» (2015) ҳамда рус тилидаги «Тафсир Хилал китоблари республика танловларида «Йилнинг энг яхши китоби» деб топилган. «Олтин силсила» китоби Узбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан «Йилнинг энг яхши муқоваси» номинацияси бўйича ғолиб деб топилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |