Мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган қонунлар, фармон қарорлар қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, жамоатчилик назоратини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар натижасида нуфузли халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни яхшиланишига эришилди. Хусусан, иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз 44 поғона юқорилаб 108-ўринни эгаллади. Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 14 поғона юқорилаб 85-ўринга кўтарилди. Шуни алоҳида айтиш мумкинки, Ўзбекистон бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди. Глобал инновацион индексда Ўзбекистон 7 поғона кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллади ва энг жадал юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди.
Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 январь куни «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» ги фармон имзоланди ва ушбу фармон асосида 7 та йўналиш ва юз мақсадни ўз ичига олган Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Дастлаб фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, 2022-2026 strategy.uz, jamoatchilik.uz, regulation.gov.uz порталларига жами 17 535 та таклифлар келиб тушди. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
Ушбу йўналишлар инсон қадрини улуғлаш, маҳалла институтини ривожлантириш, давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилишини таъминлаш кабилар устувор вазифа этиб белгиланган. Масалан, стратегияда белгиланган 1-мақсадга назар солсак, унда маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш этиб белгиланиши, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллаларда кўрсатиш белгиланиши фуқароларга бир қанча қулайликларни яратиб беради. Жорий йилнинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланиши ва бу бўйича амалга оширилиши белгиланган вазифалар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига ҳамоҳанг тарзда олиб борилади. Фуқаролар билан бевосита иш олиб борувчи маҳалла институти муаммоларнинг юқори бўғинларда тўпланиб қолишининг олдини олган ҳолда ҳар бир фуқаро билан индивидуал тарзда шуғулланиб, масалаларни ҳал этиш йўлидир.
Яна бир муҳим ислоҳотлардан бири 2026 йилгача эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинишидир. Шунингдек, 2023 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилишда иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараваригача оширилиши мамлакатимиз томонидан нафақат ёш авлодга, балки кексаларга ҳам ғамхўрлик қилинаётганини ифода этади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳеч қандай соҳа йўқки, эътибор қаратилмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |