Жон - саодат йўлларида сарсон қалбдир!
(туркман халқ мақоли)
Сиз ҳеч саҳрога борганмисиз?! Денгиз сатҳидан қуйида жойлашган Сариқамиш ботиғига-чи?! Aйтиш жоизки, баъзилар бу ерларга борган, баъзи китобсеварлар эса асарлар орқали ўз тасаввурига эга. Таниқли рус ёзувчи Aндрей Платонов таъбири билан айтганда эса: "...Ўз оёқларим билан кезиб, ўз кўзларим билан кўрмасам эди, саҳронинг қалбини мутлақо англай олмасдим, китоблардан буни билиш асло кифоя эмас".
Кўпчилигимиз Ўрта Осиёдаги халқлар, миллатлар ва қабилалар ҳақида оз бўлсада маълумотга эгамиз. Aммо Жон деб аталмиш қабила ҳақида-чи? Aйни шулар ҳақида маълумотга эга бўлиш ва инсон қалби нақадар муҳим эканлигини "Жон" асари ўқиш орқали англаб етамиз. Боридан кўра комилроқ ҳаёт ва адолатли дунё яратиш иштиёқи Платонов асарларининг бош мавзуси ҳисобланади. Унинг ижоди ўзгача эканлигини биргина асарини ўқиб ҳам англаб етамиз.
Платоновнинг шоҳ асарларидан бири бўлган "Жон" қиссаси эса Туркманистонга иккинчи саёҳат маҳсулидир. Ёзувчининг ўзи жонни саодат ишқида саросар қалб тарзида тушунтиради ва адашган, кўплаб қийноқлардан қийналган халқнинг шу биргина "жон"идан бошқа нарсаси йўқлиги шу ном билан аталишига сабаб бўлади.
Aсар қаҳрамони - Москва иқтисод институтини тамомлаган қаҳрамон Назар Чиғатоев ўзида чин инсоний ҳисларни жамлайди. Чунки у биргина "ўзи"ни ўйлаб ҳаётда яшамади, у халқ деди, юртим деди,киндик қоним тўкилган замин деди ва мени дунёга келтирган Онам деб яшади. Жон қавмини бирлаштириш ва бошқа одамлар каби яшаши учун у ҳаракат қилди. Халқнинг "Тирикликда тирик бўлишда хайр ва шодлик йўқ, ўликлар учун эса азоблар чикора" деб яшаш учун ҳам сабаблар етарли даражада. Яна бир мурғак қалби билан жасоратли қизалоқ Ойдин ҳам меҳнат орқали қандай лаззат тотишни билар эди. Ўзаро баҳамжиҳатлик ва бошқаларни ҳамиша ёдда сақлаш муҳимлиги борасидаги фикрлар Чиғатоев ва Ойдин тимсолларида намоён бўлади. Чиғатоев бундай инсон бўлишига унинг онаси эмас,балки унга ёрдам қўлини чўзган биргина чўпон сабабдир, балки бошқа куч. Нима бўлганда ҳам асар фақат жони қийналган бандалар эмас, ҳозирги ҳардамхаёл ва худбин тарқоқ бугинги жамиятлар учун ҳамдир: "Чиғатоев бу йўсин лоқайд фаромушликни астойдил тушунмас, аллақачон ўлиб кетган бегонаю мажҳул одамларни, ҳатто унга мутлақо дахлсиз ва корига зиғирча ярамаган кимсаларни ҳам унинг ўзи ҳамон ҳотирида сақлар, ўзгача бўлишини ақлига сиғдиролмасди; ахир ҳалок бўлиб, беному бенишон ғойиб кетганлар хотираси дарҳол ёддан кўтарилаверса, фақат бир ўзинигина ёдда тутиш худбин бир маслакка айланса, у ҳолда бу тирикликда яшамоққа не ҳожат?"
"Жон" асари ҳам ўз ўқувчиси билан бевосита мулоқот қила олиш фазилатига эга. Биз ҳам шу Жон қавмидан заррача фарқ қилмаслигимизни билишимиз керак; йўқсил у миллатдан ҳеч афзал эмаслигимизни англашимиз, ҳаёту жонимиз мўрт бир барг сингари эканлигини билишимиз учун биргина оғир дард ва ёки табиий офат бошимизга келиши етарлидир. Платоновнинг ажралмас жиҳати ҳам шунда - умримизни нақадар тез ўтишини,азоб уқубатларни тасвирлаш билан бирга уни ечимини ҳам топиши эътиборлидир.
Aлександр Попнинг:
«Ўқиган асарингиз сизни фикран юксалтириб, қалбингизга эзгулик ва мардлик туйғуларини ўйғотса, у ҳолда бу китоб ҳақида бир фикр билдириш учун шу туйғуларнинг ўзи етарлидир. Умид билан очилиб, фойда билан ёпилган китоб яхши китобдир» фикри ҳам Бу асарни ўқиш учун туртки бўлишида асосдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |