« Жиззах қўзғолони” достони Фозил Йўлдош ўғли томонидан яратилган бўлиб, унда 1916 йилда Ўрта Осиёда шу жумладан, Ўзбекистонда юз берган миллий озодлик қўзғолонларининг энг кўзга кўринарлиси – Жиззах қўзғолони воқеаси тасвирланади. Достон бевосита 1916 йилдаги Жиззах қўзғолони бостирилгандан кейинрок яратилган булса-да, у Махмуд Зарифов томонидан илк бор 1937 йилда ёзиб олинган. Шунинг учун бу қўлёзма жуда ҳам нодир ҳисобланиб, барча нашрлар асосида шу манба ётади. Достонда подшо Николай II нинг 1916 йил 25 июнда чиқарган Туркистон ўлкасидаги мехнаткашлардан Биринчи жахон уруши йилларида мамлакатнинг ички районларидаги қора ишлар учун мардикорликка олиш муносабати билан Жиззахда кўтарилган қўзғолон жуда аниқ тасвирланган. Достоннинг илк тадқиқотчиларидан бири, профессор Х.Зарифовнинг қайд қилишича, Фозил шоир дастлаб 1916 йил мардикорликка олиш воқеасига бағишлаб даставвал қатор қўшиклар тўқиган. Воқеа ва фактлар кўпая боргани сари унинг қўшиқлари ҳам ортиб борган. Қўзғолон катта қуроллик куч билан ўта даҳшатли бостирилгандан кейин Фозил шоир Жиззах шаҳри ва уездининг турли қишлоқларида достон айтиб юриб, Жиззах қўзғолонига оид материалларни, яъни халқ оғзидаги нақл ва ҳикоятларни тўплаган. Кейинчалик ана шу ҳикоя ва кузатишлар натижаси ўлароқ «Жиззах қўзғолони» номли достон яратган. Фозил шоир 1916 йилдаги Жиззах қўзғолонининг иштирокчилари Абдулла Очилов, Машариф Хусаинов, Мавлон Кенжаев, Урдуш Муқимов ва бошка ҳурматли қариялар билан ўтказган суҳбати вақтида бу қўзғолон тафсилотларини аниқлаб олишга муваффақ бўлади.
Муаллифи – Фозил Йўлдош ўғли
Яратилиш санаси – 1917-1918 йиллар
Мундарижаси:
Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тарихимизни ўрганишдаги аҳамияти. Миллатнинг ўзлигини англаши, миллий-озодлик ва мустакиллик харакатларини акс эттирувчи Ўзбек тарихий достонларининг гўзал намуналаридан бири Фозил Йўлдош ўғлининг «Жиззах қўзғолони» достони ҳисобланади. “Жиззах қўзғолони” достонининг миллатимиз тарихида тутган ўрни беқиёсдир. Унда афсонага айланган воқеа-ҳодисалар эмас, айнан миллатимиз бошидан кечирган ҳаётий воқеалар ифодаланган. Яъни, биринчи жаҳон уруши даврида Россия империясининг халқимизга нисбатан ўтказган жабр-зулми ва шавқатсиз сиёсатидан норози бўлган халқнинг кўтарган қўзғолони ҳақида воқеаларнинг бевосита иштирокчиси, гувоҳи бўлган Фозил Йўлдош ўғли батафсил ҳикоя қилади. Шоир достонда уруш орасида қора ишлар учун мардикор олиш маҳаллий амалдорлар, бойлар ва руҳонийларнинг болаларини қолдириб, асосан ишга яроқли меҳнаткашларни-ҳар оиланинг асосий меҳнат кучини руйхатга олингани ва уларни Россияга, подшо хизматига боришга мажбур қилинганини баён қилар экан, халқнинг бу ҳодисага муносабатини ўта ҳаққоний акс эттиради: «Бизга ўхшаган камбағални тўпнинг оғзига бойлаб берар экан, бу нима гап?! Камбағалнинг меҳнат қилиб, қайта-қайта чиқим бериб юргани озми?! «Йиқилганни тепиб ўт»,-деб подшо ҳам меҳнаткашни қирар экан. Бойларнинг қўйи, моли куп. «Менга атаб қўй сўйди», деб худонинг ҳам димоғи чoғ бўлар экан. «Унинг давлати катта», деб подшо ҳам бойни ҳурмат қилар экан»,-деб элда ҳар йиғинда бир неча сўзлар гапирилаётир».
Достонда баён қилинишича, бу уруш кундан-кун авж олади, кенгайиб боради. Россия подшолиги кучсизланиб қолади. Бундан таҳликага тушган Николай ўз амалдорлари иштирокида катта мажлис чақиради. Бу мажлисга йиғилганлар Россия мустамлакаси ҳисобланган ўлкалардан фронт ва фронт орти ишларига одам олишни таклиф қиладилар. Аммо Николай ўз мустамлакаларидан оддий кишилар қўлига қурол бериб, аскарликка чақириш хавфли эканини айтиб, бу таклифни рад этмоқчи бўлади. Лекин охирида фронтдаги аҳволнинг ниҳоят даражада оғир эканлигини эътиборга олиб, фронт ва фронт орти ишлар учун ҳар беш хонадондан битта одам олиш ҳақида фармон чиқади. Фармонда одам беришни истамаган киши ўз ўрнига одам ёллаб юбориш мумкин дейилади. Бу билан пулдор одамлар ва уларнинг ўғилларига осонлик туғилади. Меҳнаткаш халқ бу хабарни эшитиб, шаҳар ва қишлоқларда норозилик ҳаракатлари бошланади. Бу норозилик ҳаракатига халқ ўртасидан чиққан Тойир, Қурвонбой каби одамлар бошчилик қиладилар. Оломон баъзи амалдорларни ўлдиради ва Жиззах устига юриш қилиб қўрғонни қуршаб оладилар. Руҳонийлардан Мухторхон эшон халқни курашдан воз кечишга, тақдирга тан беришга ундамоқчи бўлади. Аммо қўзғолончилар унга қарши:
Эшонсан халқнинг пирисан,
Шу душманларнинг бирисан,
"Жаннатга олиб бораман" деб
Сен халқни алдаб юрибсан
деган сўзлар билан эшоннинг кирдикорларини фош этади. Сўнгра қўзғолончилар билан аскарлар ўртасида жанг бўлади. Шундан сўнг Жиззахга Тошкент ва Самарқанддан қўшин келади. Улар қўзғолончиларни шавқатсизларча жазолайдилар. Шу тариқа қўзғолон бостирилади. Мардикорликка олиш бошланади. Достонда мардикорларнинг сарсон-саргардонлиги тасвирланади. Достон :
"Ҳамма халқ озодликка чиқиб, мурод-мақсадига етди.
Буни халқ шоири Фозил Йўлдош айтди"
каби сўзлар билан якунланади. Достон юзасидан олиб борилган текширишлар ва кузатишлар шуни тасдиқлайдики, у ўзбек халқ эпосида ҳам мазмуни, ҳам тузилиши билан бутунлай янги ҳодиса. Бу янгилик, энг аввало асар сюжетининг кенг ижтимоий-сиёсий воқеаларни ягона оқимда - ялписига акс эттиришда кўзга ташаланди. Чунки асарда алоҳида олинган қаҳрамон ва у билан боғлиқ муайян воқеалар тасвирланмаган. Достондаги асосий қаҳрамон бу – меҳнаткаш халк. Шу жиҳатдан қаралса, «Жиззах қўзғолони» ўзбек халқ эпосидаги достон - эпопеяни ташкил этади. Достоннинг янги типдаги – реалистик характердаги тарихий асарлиги халқ бошига тушган оғир жабр-зулмнинг, стихияли қўзғолоннинг фожиали бостирилишини аниқ қилиб кўрсатиб беришида, унда идеал ғалаба, идеал ҳаёт акс этмаганлигида ҳам намоён бўлади.
Кимлар айтган: Фозил Йўлдош ўғли
Достоннинг ёзиб олинган қўлёзмаларининг асл нусхалари: Фозил Йўлдош ўғли тилидан Ҳоди Зариф ёзиб олган.
Нашрлари: “Жиззах қўзғолони” достон. Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти. Тошкент. 1965
Таржима қилинган тиллар:
Do'stlaringiz bilan baham: |