Буюк алломалар илмий меросини фан соҳалари бўйича ўрганиш - куннинг долзарб вазифаси
2017 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда “Мустақиллик йилларида халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, буюк алломаларимиз, азиз-авлиёларимизнинг илмий, диний ва маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас қадамжоларини обод қилиш, ёш авлодни уларнинг эзгу анъаналари руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди ва изчил давом эттирилмоқда”, -дея алоҳида таъкидлаб ўтилган. Дарҳақиқат ўтган йиллар давомида юртимизда яшаб ўтган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганишга катта эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан 1990 йили Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг 1200 йиллиги, 1991 йил-Алишер Навойи йили, 1993 йил –Аҳмад Яссавий йили, 1994 йил-Мирзо Улуғбек йили, 1996 йил-Амир Темур йили сифатида кенг нишонланди. Шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори валий сингари улуғ сиймоларнинг мероси қайтадан ўрганилди. Абу Абу Сахл Масихий, Абу Наср ибн Ироқ, Абу Саид ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мискавайх, Абу Мансур ас-Саолибий, Аҳмад Муҳаммад ас-Сахрий, Зайнуддин Журжоний, Абулкарим Зирғалий, Абу Абдуллоҳ ал-Вазир, Абул Хасан Маъмун, Абу Муҳаммад Хоразмий, Абдуаввал ибн Абдусамадий, Абу Азоқ ибн Бахном, ал-Косий, Абу Абдуллоҳ Илоқий, Абу Абдулла ан-Найсабурий ал-Хоразмий, ал-Хамдакий, Ихмад Масъурий, Абу Муҳаммад Раккоший, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абубакр Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сухайл ал-Хоразмий каби олимлар ҳаёти ва ижодига қизиқиш бошланди. Бу билганларимиз юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг бир қисми холос. Юртимиздан 100дан зиёд Термизийлар, 100дан зиёд бухорийлар, 100 дан зиёд Самарқандийлар, 20 дан зиёд Фарғонийлар, 11та Марғинонийлар, 10лаб Тошкандийлар, 10лаб Зоминийлар, Ғиждивонийлар, Нахшабийлар, Насафийлар, Навоийлар, Накшбандийлар, Наршахонийлар етишиб чиққан.
Масалан қадим Шошдан етишиб чиққан Ал-Одамий, Ал-Усбоникатий, Ал-Ийлоқий, Ал-Борискатий, Ал-Бискатий, Ал-Бинкатий, ал –Тункатий, Ал-Харашкатий каби олимлар бизга унчалик ҳам таниш эмас. Бу каби номи бизга номаълум бўлган, Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан етишиб чиққан юзлаб алломаларнинг асарлари ўз ўқувчиларини кутиб, яроқсиз ҳолга етиб келиш арафасида турибди.
Бизнингча бу қарор ўз вақтида қабул қилинган ва унда кўтарилган масалалар ўта долзарб ҳисобланади.
Ўрта Осиёнинг биринчи тарихчиси Абу Бакр Наршахий юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг номини ёзса китобларга сиғмаслигини айтиб ўтганди.
IX-XII асрларда юртимизда биринчи Уйғониш даврида бир неча авлод вакиллари етишиб чиққан бўлсалар, Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам Ренессанснинг иккинчи тўлқини бошланган.
Мирзо Улуғбек ва уннг академияси, Қозизода Русмий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Фосиҳ Хавофий каби кўплаб олимлар асрларга етгулик илмий кашифиётларни амалга оширдилар.
Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқандда «Дор уш-шифо» номли йирик касалхона бўлиб, унга ўз замонасининг таниқли табиби Мир Саййид Шариф Шерозий (1334-1414) Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келиб, шу касалхонага бошчилик қилган. Шу даврда йирик табиблардан Ҳисомиддин Иброҳим Кирмоний, Мавлоно Файзуллоҳ, Табризий, Мансур ибн Муҳаммадлар яшаб ижод этганлар. Мир Сайид Журжоний, мавлоно Изаддин Масъуд Шерозий, Мавлоно Фаррух каби табиблар ҳам Амир Темур саройида хизмат қилганлар. Шамсиддин Одам ва Низомиддин Шерозий каби машҳур табиблар Шоҳруҳ саройида хизмат қилганлар. Бурҳониддин Кермоний Мирзо Улуғбекнинг шахсий табиби бўлган. Амир Темур Дамашқни эгаллаганидан сўнг, Мавлоно Жамолиддин ва Мавлоно Сулаймон ҳам Самарқандга таклиф этилган ва шу ерда фаолият юритган.
Юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг неча минглаб қўлёзмалари,низолар ва урушлар даврида чет элларга тарқалиб кетган, шунга қарамасдан бизнинг қўлёзмалар институтимиздан ҳам ўн минглаб қўлёзмалар ва турли ҳужжатлар сақланади. Буларни кенг миқёсда ўрганиш, улардаги маъно гавҳарлари, илмий тафаккурни ўзлаштириш, бугунги ислоҳотларни жадаллаштиришда фойдаланиш ҳозирда энг долзарб масала ҳисобланади.
Бугунги кунда қўлёзма мероснинг асосий қисми Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Чунончи, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа Шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоб ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан иборат фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани диққатга сазовордир.
Мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларни таъкидлаган ҳолда қарорда таъкидланганидек, уларнинг янги сифат босқичида, кун талаби даражасида ўрганилиши талаб этилмоқда. Айни вақтда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар самарасини ошириш зарурати бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш билан боғлиқ. Бу борада нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида ғоят ноёб ҳисобланган, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, шунингдек, қадимий ёзма манбалар фондига эга бўлган муассасалар фаолиятини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Айнан буюк алломалар илмий меросини фан соҳалари бўйича ўрганиш,
барча фанларнинг интеграцияси ва ўзаро алоқадорлигини таъминлаш асрий анъаналарнинг тикланишини бошлаб беради.
Шу билан биргаликда юртимизда яшаб ўтган юзлаб олимлар ҳақида маълумотлар етарли эмас, ҳатто баъзиларининг номларини ҳам билмаймиз.
Юқорида таъкидланган қарорда “бой тарихий, илмий, маънавий-интеллектуал меросимизни сақлаш, илмий таҳлил қилиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида соҳа мутахассисларига, тегишли таълим йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабаларга батафсил маълумот бериб бориш, буюк аллома ва мутафаккирларимиз асарларини дунё ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этиш, замонавий илм-фан, маънавият ва амалиёт ривожида ундан самарали фойдаланиш ва келгуси авлодларга етказиш” масаласи долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилган.
Ўрта асрларда ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудида яшаб ижод қилган аллома ва мутафаккирларнинг математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар, медицина, кимё, география сингари табиий фанлар, тарих, адабиёт, фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар, ислом дини ва илоҳиётга оид меросини тадқиқ қилишни кенгайтириш ва чуқурлаштириш талаб этилади.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтини қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган замонавий ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллангани қайд этилган.
Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети каби мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган олий таълим муассасалари билан биргаликда қўлёзмалар билан ишлаш малакасига эга бўлган ёш мутахассисларни режа асосида мақсадли тайёрлаш ва Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш масаласи турибди.
Бу мавзу юзасидан бизнинг фикр-мулоҳаза ва тавсяиларимиз қуйидагича:
ТАКЛИФ ВА МУЛОҲАЗАЛАР:
1. Соҳалар тарихига тааллуқли Ибн Сино, ал Хоразмий, ал-Фарғоний, ал-Беруний, ал-Форобий, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо ва бошқа биз номларини яхши билмаган олимларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш (лотин ва кирил вариантларида), чоп этиш ва олий ўқув юртларига тарқатиш. Уларнинг мағзини чақиш, амалиётда қўллаш методларини яхши билиш шартини қўйиш, кейинчалик янги илмий тадқиқотларга имкон яратиши мумкин. Тиббиёт олийгоҳлари учун “Тиб қонунлари”, математика ва ҳисоблаш, информатика тизимлари учун Ал-Хоразмийнинг “Ал жабр вал муқобала” асарини ўрганиш шартини қўйиш. Бу асарлар юз йиллар давомида Европа университетларида асосий дарслик сифатида ўргатилган. Сартон XI асрни Беруний асри деб атагани бежиз эмас.
2. Ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимида араб ва форс тилларига ихтисослаштирилган мактаб, лицейларни кўпайтириш;
3. Шарқшунослик институти қошида, унинг вилоятлардаги филиаллари билан 2 йиллик араб ва форс тиллари курслари ташкил этиш. Бу курсларда олий ўқув юртининг иқтидорли талабалари қатнашишлари керак ёки ўриндошлик асосида ЎЗФА Шарқшунослик институти ходимлари ҳам университетларда қўшимча дарслар ўтишса ва биргаликда соҳаларга тегишли асарларни таржима қилишса мақсадга мувофиқ бўлур эди.
4. Турли соҳаларга ихтисослашган олий ўқув юртлариининг биринчи курс бакалавр тизимидаги талабалар мақсадли равишда соҳалари бўйича илмий ишлар олиб бориш учун тайёрлаб борилса мақсадга мувофиқ бўлади.
5. ЎЗФА қошидаги Шарқшунослик институти билан олий ўқув юртларининг кенг ҳамкорлигини йўлга қўйиш лозим.
6. ЎЗФА Шарқшунослик институти ходимлари ва иқтидорли талабалар ҳамда ўқитувчилар билан тегишли фан тарихларига оид қўлёзмаларни ишлаш учун ички грантлар ташкил этилиши лозим.
7. ЎЗФА Шарқшунослик институти ходимларини сифат ва сон жиҳатдан кучайтириш, фан тарихлари бўйича илмий тадқиқотларни кучайтириш керак.
8. Тарих факультетларида фан тарихига ихтисослаштирилган бўлимлар очилиши лозим деб ҳисоблаймиз.
9. Илм-фан ва соҳалараро интеграцияни йўлга қўйиш учун бошқа соҳа вакилларига ҳам араб, форс, эски ўзбек тилларини ўргатиш, илмий тадқиқотларни амалга оширишга имкониятлар яратиб бериш.
10. ЎЗ ФА Шарқшунослик институти қошидаги докторантура тизимини кучайтириш, уларга квота бериш масалаларини қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Бир сўз билан айтганда бу даргоҳни йирик ва марказлашган илмий тадқиқот институти даражасига олиб чиқиш;
11. Илмий ишлар мавзуларини беришда айнан алломаларнинг алоҳида фанга қўшган ҳиссаларини очиб берувчи диссертация мавзуларини тақдим этиш.
12. Ўзимизда мавжуд бўлмаган, аммо чет эллар фондларида сақланаётган алломалар асарларини юртимизга олиб келиш, таржима қилиш ва чоп этиш;
13. Махсус таржимонлар гуруҳини ташкил этиш ва уларни лозим даражада моддий рағбатлантириш;
14. Тарих соҳасидаги Координацион кенгаш ишини чеклаш, бу соҳадаги таниш-билишчилик, мавзуларга монополия ҳуқуқларини олган баъзи тарафкаш олимларнинг ўзбошимчалиги ва нохолис муносабатларига чек қўйиш. Шу сабабли айнан мавзуларни танлашни ОАК қошидаги экспертлар гуруҳи кўриб чиқишини ташкил этиш. Олимлар томонидан долзарб мавзулар аниқланиб, конкрет ва аниқ ихтисослашган, умумийликдан холи, фаннинг қайсидир бир муаммосини очиб беришга мўлжалланган мавзулар танлашга эътибор қаратиш;
15. Институтлар қошидаги Илмий Кенгашларда тасдиқланган мавзуларни тўғридан тўғри ОАКга тавсия этиш.
16. Долзарб бўлган янги илмий иш мавзулари базасини шакллантириб бориш ва улар ҳақида ОАК порталида чоп этиб бориш;
17. ЎзФА Шарқшунослик институтига қўлёзмалар билан ишлайдиган мутахассисларни кенг жалб этиш, унинг ишлаш механизмига жузьий ўзгартиришлар киритиш, яъни бошқа соҳа вакилларининг манбалар билан ишлаш лаёқатини шакллантиришга ёрдам беришини таъминлаш методларини ишлаб чиқиш.
18. Чет элларда юртимиздан етишиб чиққан аллломалар тарихини чуқур ўрганган олимлар жуда кўп, уларнинг асарларини чоп этиш, глобал тармоқларидаги инглиз тилидаги мавзуга оид ҳужжатли фильмларни таржима қилиш ва доимий равишда дарсларда фойдаланиш;
19. Олимлар билан биргаликда алломаларнинг фанга қўшган ҳиссасини ёритувчи ҳужжатли фильмлар яратиш, мультфильмлар ишлаб чиқиш, уларнинг асарларидан парчаларни дарслик ва қўлланмаларга киритиш;
20. Амалга оширилган илмий ишларни чоп этиш масалаларини грант ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳал этиш.
21. Олий ўқув юртларида грантлар ташкил этиш масалаларини ҳал этиш.
Шоҳиста Ўлжаева
Тарих фанлари доктори
Do'stlaringiz bilan baham: |