7-Мавзу :Физика ўқув экспериментини ўтказиш услуби ва техникаси. Намойиш тажрибаларини тайёрлаш ва кўрсатиш методикаси ва техникаси.
РЕЖА:
Физика ўқув экспериментини ўтказиш услуби ва техникаси.
Намойиш тажрибаларини тайёрлаш ва кўрсатиш методикаси ва техникаси
3.Хулоса .
Физикадан ўқув эксперименти-бу физик ҳодисаларни дарсда махсус асбоблар ёрдамида, уни ўрганиш учун қулай шароитда кўрсатишдир. Шунинг учун, ҳам у бир вақтнинг ўзида билимлар манбаи, ўқитиш методи ва кўргазмалилик тури бўлиб, хизмат қилади.
Мактаб физика эксперименти иккита асосий кўринишга бўлинади: демонстрацион эксперимент ва лаборатория эксперименти.
Экспериментнинг бу икки кўриниши бир-бирини тўлдиради.
Демонстрацион экспериментни ўқитувчи бажаради ва бир вақтнинг ўзида бутун синф ўқувчилари томонидан кузатилади.
Тўғри ташкил қилинган ўқув эксперименти шахсда қўйилган мақсадларга интилишдаги собитликни, аниқ маълумотлар олишда пухталикни, ишдаги аниқликни, қаралаётган ҳодисаларнинг асосий сифатларини ва бошқаларни кузатиш ҳамда ажратиб олиш малакасини тарбиялашда амалий восита бўлиб хизмат қилади.
Тажриба ва кузатишларни тушунтириш ўқувчиларни экспериментал методнинг моҳияти, унинг физикадан илмий тадқиқотлардаги роли билан таништириш, шунингдек, ўқувчиларни баъзи бир кўникмалар билан қуроллантириш учун катта аҳамият касб этади. Физик эксперимент асосида ҳодисаларни ўрганиш ўқувчиларнинг илмий дунёқарашини шакллантиришга, физик қонунларни янада чуқурроқ ўзлаштиришга ёрдам беради, ўқувчиларнинг фанни ўрганишга бўлган қизиқишини орттиради.
Демонстрацион эксперимент ҳодиса ва қонунларни ўрганишда ўқувчиларнинг фикрлашига ўқувчи фаол раҳбарлик қилиши талаб қилинган ҳолларда зарур бўлади.
Тажрибани демонстрация қилиш мақсадга йўналтирилган жараён бўлиб, унинг давомида ўқитувчи ўқувчиларнинг ҳис-туйғуларини бошқаради ва уларда маълум тасаввур ва тушунчаларни шакллантиради. Демонстрацион тажрибанинг ўқитувчи нутқи билан қўшилиши – физик тушунчаларни муваффақиятли шакллантиришнинг муҳим шартларидан биридир. Ўрта умумтаълим мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари физика дастурларида ҳар бир мавзу бўйича демонстрацион тажрибалар минимуми кўрсатилган. Бу тажрибалар лаборатория ишлари билан биргаликда физик таълимнинг экспериментал асоси бўлиб хизмат қилади.
Демонстрацион эксперимент ўтказишда қуйидагиларга асосланиш мумкин: у ёки бу ҳодисани кузатиш, илгари сурилган ғояни текшириш, физик қонуниятларни аниқлаш ва улардан келиб чиқадиган натижаларни текшириш. Муҳим физик тушунчаларни шакллантирадиган, қонуниятларнинг, физик ғоя ва фаразларнинг моҳиятини очиб берадиган натижалар алоҳида ўрин эгаллаши керак. Масалан, Эрстед, Фарадей ва ҳ.к. ларнинг классик тажрибалари шулар жумласидандир.
Демонстрацион тажрибада экспериментал қурилмаларни танлаш ва экспериментни ўтказиш бу ўқитувчининг иши, ўқувчилар эса кўпинча эксперимент натижаларини қайд қилувчи ва қайта ишловчи кузатувчилардир.
Кузатиш – ўқувчилар фаолиятининг фаол шаклидир. У вазифанинг кузатиш методикасини аниқ тушунтиришни, кузатиш натижаларини у ёки бу назария ёрдамида тушунтириладиган расм, жадвал, график, таъриф шаклида қайд этишни талаб қилади.
Ўқувчилар кўпинча узоқдан кузатишлари, ўзлари асбоблар билан ишламасликлари экспериментнинг бу турининг заиф томони ҳисобланади, шунинг учун экспериментни қўйишда ўқувчилар амалий кўникмаларни эгалламайди.
Айтиш мумкинки, амалий кўникмаларни шакллантириш учун ўқувчиларнинг мустақил экспериментига ажратиладиган вақт асосий омил ҳисобланади. Ўрта умумтаълим мактаб ва касб-ҳунар коллежлари дастурида лаборатория ишлари соатлари фанга ажратилган соатнинг тахминан 15 фоизини ташкил қилса, академик лицейлар дастурида умумий соатнинг тахминан 40 фоизни лаборатория ишларига ажратилади.
Асбоблар билан ишлаш, қурилмаларни йиғиш, асбоб кўрсатишларини қайд қилиш кўникмаларини сингдириш усули бўлиб лаборатория ишлари хизмат қилади. Лаборатория ишларининг турларидан бири бўлган фронтал лаборатория ишларини икки киши ёки якка шахс бажаради. Бунда ҳамма экспериментаторлар дарс мавзусига боғлиқ бўлган бир хил тажриба бажаради.
Физик практикум лаборатория ишлари курснинг у ёки бу қисми ўрганиб бўлингандан сўнг ўтказилади, бунинг учун алоҳида ишлар танлаб олинади. Практикумда ўқувчилар аввал олинган вазифаларни икки киши бўлиб тўлиқ мустақил бажаради, бунда улар махсус қўлланмалардан фойдаланадилар. Практикум ишлари нисбатан мураккаброқ, улар учун асбоб ускуналар ва қурилмалар баъзи ҳолларда техникавий бўлиб, илмий лабораторияларда ва ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Синфдан ташқари ва уйда бажариладиган тажрибалар уйда ёки мактаб лабораториясида якка ҳолда ёки жамоа бўлиб қўйилади. Экспериментнинг бу тури кўпинча изланиш, мактабни моддий техник жиҳатидан таъминлаш учун зарур бўлган экспериментал қурилмаларни лойиҳалаштириш хусусиятига эга бўлади.
Физикани ўргатишда ўқув экспериментига қуйидаги муҳим вазифалар қўйилади:
ўқувчиларнинг тушунча, қонунлар ва назарияларни яхши ўзлаштиришларини таъминлаш;
билимларни амалда қўллаш малакасини шакллантириш;
асбобларни тадқиқ қилишнинг муҳим методлари билан танишиш; ахборотни бир тизимга тушуриш, ишлов бериш ва узатиш;
ўқувчиларнинг фанга қизиқишини ошириш ва уларни моддий ишлаб чиқаришнинг янги техника ва технологияларини ўзлаштиришга тайёрлаш;
ўқувчиларда мутақил ишлаш ва ишга ижодий ёндошиш малакасини шакллантириш;
амалий малака ва кўникмаларни шакллантириш, моддий ишлаб чиқариш соҳасида меҳнатга тайёргарлик.
Техника ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ўқув экспериментини ўтказишга нисбатан мажбурий талаб ҳисобланади.
Ўқув экспериментларига қўйиладиган умумий дидактик талабларга қуйидагилар киради:
кўргазмалилик ва инсоннинг сезги органлари имкониятларига мос келиши;
соддалик, илғор тажриба базасида асбоб ва қурилмаларнинг тузилиши ва ишлаш принципларини тушунишни таъминлаш;
ҳавфсизлик, яъни меҳнат муҳофазаси нормаларига мувофиқ келиши;
ишончлилик, яъни эксперементни бир неча маротаба такрорлашда кутилаётган натижани олишга амин бўлиш;
такрорлаш ва тушунтиришнинг зарурлиги;
вақтнинг чекланганлиги ва ўз вақтида намойиш этилиши.
Физикадан ўқув экспериментига қўйиладиган асосий методик талаблар қуйидагилар:
илмий аниқлиги;
содда баён қилиниши;
кўргазмалилик;
меҳнатни илмий ташкил қилиш ( дарсда ҳар бир дақиқа ғанимат). Шунинг учун ҳам тажриба ва асбобларни тайёрлаш учун кетадиган вақт минимумгача қисқартириладиган, улар билан ишлашда ишончли ҳамда бузилмайдиган вариантларидан фойдаланиш жуда муҳим.
Илмий аниқлик – тажрибанинг кузатилаётган эффект, ўрганилаётган ҳодиса ёрдамида тўғри тушунтириб бериладган вариантини танлаб кўрсатишдир.
Физикани муваффақиятли ва самарали ўқитиш учун нафақат тажрибаларни намойиш этиш, амалий лаборатория ишларини бажариш, балки дарсларда турли хил кўргазмали қуроллардан ҳам фойдаланиш зарур. Кўргазмали қуроллар ўқувчиларда ҳодисалар, машиналар, асбоблар образларини яратади, фикрлашни фаоллаштиради, ўқув жараёнини жонлантиради, ўрганилаётган материалга қизиқиш ва эътиборни кучайтиради ва шу билан уни яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беради.
Ўрганаётганда кўпинча ҳодисаларнинг ўзини эмас, балки бу ҳодисалар юзага келтирадиган ҳаракатларни кузатишга тўғри келади; баъзи асбоблар мураккаб бўлади, уларнинг деталлари ёмон кўринади ёки умуман кўринмайди, кўп ҳодисалар ва уларнинг техникадаги қўлланилишини табиий ҳолда кўрсатиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси кўгазмали қуроллардан фойдаланишни талаб қилади.
Кўгазмали қуролларга қуйидагилар киради:
- кодоскоп;
катта ҳажмдаги қўлланмалар;
синф тахтасидаги расмлар ва чизмалар;
диа ва эпипроекциялар;
кинопроекциялар.
Физикадан кўргазмали қуролларга телевидения, телеёзув, компьютерлар каби техник воситалар ҳам киради.
Ўқитиш жараёнида микрокалкульяторлардан ҳисоблаш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин. Турли хил арифметик амалларни бажаришни енгиллаштирувчи воситаси сифатида микрокалькуляторлардан фойдаланишни ўргатиш зарур.
Физикани ўқитиш жараёнида компьютерлардан фойдаланишда физика ўқитувчисининг ўзи диалог режимини ўзлаштириши лозим: у турли матнларни дисплей экранига чиқариш имконини берувчи клавиатурадан фойдалана олиши, қаторларни кўчира олиши, матнларни тўғирлаши, турли регистрларга ўтиши ва ҳ.к. Бундан ташқари график маълумотларни киритиш ва чиқариш амалларини, шунингдек ўргатувчи аҳамиятига эга баъзи компьютер ўйинларини билиши керак. Ўқитувчи шу амалларни ўқувчиларга ўргатиши керак.
Машина билан ишлаш кўникмаларининг минимумини эгаллаб олгандагина уни физика ўқитишга қўллаш мумкин. Физикани ўрганиш жараёнига компьютерни қўллашнинг жиддий муаммоларидан бири дастурлаш тилини танлашдир. Тилни танлаш фойдаланиладиган машиналар турига боғлиқ.
Компьютерни ўқув жараёнига унумли тадбиқ қилиш учун компьютер билан таъминланган ҳамма мактаб ва муассасалар синф хоналари учун ягона дастурлаш тилини танлаб олиш зарур. Бу нарса ҳозирги вақтда кўп сонли мутахассислар томонидан турли йўналишларда ишлаб чиқилаётган педегогик дастурий воситалардан фойдаланишни анча соддалаштиради. Бунда дастурларни кўпайтириш, тайёр дастурларни мактаб ва бошқа муассасалар синф хоналарига узатиш мумкин.
Компьютер қуйидаги имкониятларга эга:
биринчи ва энг муҳим имконият – якка узатишни амалга ошириш;
иккинчи имконият- ўқувчиларда мустақил ўрганишни ривожлантириш;
учинчи имконият – масала ечиш ёки лаборатория ишларини бажаришда компьютер ёрдамида ўқувчиларни қўлда бажариладиган амаллардан озод этиш;
тўртинчи имконият – машинада баъзи физик жараён ва ҳодисаларни моделлаштириш.
Машинага киритиш учун универсал дастурли таъминотдан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |