Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадларини солиққа тортишда Ўзбекистондаги ва ҳалқаро амалиёт Т.А.Искандаров – Банк молия академияси магистратура тингловичиси (toyirjon@gmail.com) Аннотация Аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидан, ўз ўзини банд қилишдан олган даромадларига солиқ солиш механизмлари ривожланган мамлакатлар амалиётида ўрганилиб, Ўзбекистондаги амалиёт билан солиштирган ҳолда декларация асосида солиқ солиш механизмларини мамлакатимизда қўллаш имкониятлари кўриб чиқилди. Таянч иборалар Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, якка тартибдаги тадбиркор, ўзини ўзи банд қилган шахслар, қатъий белгиланган солиқ, даромадларни декларация асосида солиққа тортиш, солиқларни унификациялаш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 07 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” ги ПФ-4947-сонли Фармонида, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш бўйича чора тадбирлари кўрилиши белгиланган. Мазкур йўналишлар бўйича ўтган 3 йил давомида Ўзбекистонда давлат бюджетига тушумлар тушишини тўлиқлигини таъминлаган ҳолда солиқларни унификациялаш, солиқ ҳисоботларини соддалаштириш ва шу орқали мамлакатнинг инвестицион муҳитини ошириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг тегишли моддаларига декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар турларига қўшимча киритилиши билан декларациялаш механизми орқали дарома солиғига тортиш амалиёт бошланди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқларни унификациялашда декларация меҳанизмидан фойдаланиш айнан – товарлар (хизматлар) реализациясидан даромади календарь йилида юз миллион сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар, улар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга ошираётган оила аъзолари ҳамда «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектлари томонидан олинган даромадлар, улар томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлаш тартиби танланганда декларация асосида даромад солиғи тўланиши мумкинлиги белгиланди (Солиқ кодексининг 393-моддаси, 1-қисм, 6-хатбоши).
Бироқ, юқоридаги солиқ тўловчиларнинг тоифаси томонидан ихтиёрийлик асосида солиқ тўланиши тартибини “танлаш” тартиби мавжудлиги декларациялаш тизимини бу соҳада тўлиқ ишлашида ҳамон тўсиқ бўлмоқда.
Жумладан, Фарғона вилояти мисолида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қатъий белгиланган солиқни ўрнига декларация тизими орқали солиқ тўлаш тартиби танланиши ҳолати бўйича таҳлил ўтказилганида, 2020 йилнинг ўтган ойлари давомида бирорта ҳам якка тартибдаги тадбиркор томонидан даромад солиғини декларация асосида тўланмаганлиги, дастлабки декларация тақдим этмаганлиги маълум бўлди. Бу ҳолатга декларация асосида солиқ тўланишида жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти натижасида олинган даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиш жараёни мураккаблиги, қўшимча ҳужжатларни тўплаш, сақлаш ва жамлаш зарурияти мавжудлиги сабаб қилиб кўрсатилсада, фикримча асосий сабаб – қатъий белгиланган солиқ миқдорининг ҳозирги кунда декларация асосида даромад солиғига тортилишига нисбатан озлиги ҳамда айрим фаолият турлари учун эса умуман қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод қилинган имтиёз мавжудлиги (якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга ошираётган оила аъзолари ҳамда «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектларига қатъий белгиланган солиққа тортилмаслиги қонунчилик билан киритилганлиги, шунингдек ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадлари жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан тўлиқ озод этилганлиги сабаб бўлмоқда) деб ҳисоблайман.
Табиийки, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар томонидан декларация асосида даромадини кўрсатиш ва солиқ тўлашдан кўра, мавжуд қонунчилик орқали берилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда қатъий белгиланган солиқни тўлаш ёки умуман мажбурият йўқлиги сабабли йиллик декларация асосида солиқ тўлашни танламаслик фойдалироқ бўлади. Бу билан ушбу тоифадаги солиқ тўловчиларга қонуний солиқ тўлашдан қочиш имконияти (“tax avoidance”) “лазейка” яратиб берилган деб ҳисоблайман.
Қуйидаги жадвал орқали қатъий белгиланган солиқни амалда даромадларни солиққа тортишда солиқ солишнинг тенглик принципига зид эканлигини аниқроқ рақамлар билан кўришимиз мумкин бўлади (1-жадвал).
Чакана савдо фаолияти билан вилоят марказларида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ 5000.0 минг сўмдан юқори бўлган ҳолатда якка тартибдаги тадбиркор томонидан декларация асосида даромад солиғига тортилишидан кўра, қатъий миқдорда солиқ тўлаш афзалроқ. Бу миқдор 5000.0 минг сўмгача бўлган тақдирдагина ЯТТ томонидан камроқ солиқ тўлаши мумкинлиги, бироқ даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиш жараёнида ҳужжатларни тўплаш, сақлаш ва ҳисобини юритишда вақт сарфлаб, ҳисоб китоб қилиб боришдан кўра (айрим ҳолларда ушбу ҳатти ҳаракатлар учун бухгалтерлар, малакали мутахассисларни жалб қилиш ва уларга иш ҳаққи тўлашлигини инобатга олинса) қатъий миқдорда солиқ тўлаш тартиби афзалроқ бўлади деб ўйлайман. Бу чакана савдо фаолияти бўйича таҳлил қилинган бўлсада, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан рухсат берилган бошқа фаолият турларида ҳам даромадларни солиққа тортишда умумийлик ва тенглик таъминланмаган.