Ўзбекистондаги автомобилсозлик соҳасининг жорий ҳолати
Алоҳида қайд этиш керакки, айрим ривожланган давлатларда автомобилсозлик саноати иқтисодиётнинг локомотив тармоғларидан биридир.
Худди шу каби, Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам автомобилсозлик соҳаси ўз ўрнига эга тармоқ ҳисобланади.
Масалан, 2016 йил автосаноат умумий саноат ҳажмининг 3,7 фоизини қамраб олган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 9,2 фоизга тенг бўлди, бу эса ўз навбатида автосаноатнинг умумий саноатдаги улуши 2016 – 2020 йиллар оралиғида 5,5 % пунктга ўсганини кўрсатади.
Маълумот учун: 2020 йилда автосаноат соҳасида фаолият юритадиган корхоналар томонидан жами 33 718,9 млрд сўмлик автотранспорт воситалари, трейлер ва ярим прицеплар ишлаб чиқарилди. 2016 йилда ушбу қиймат 4 112,3 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, ўсиш суръати 8 баробарни ташкил этди.
Хусусан, 2020 йил мобайнида 280 080 дона енгил автомобиллар (ўсиш суръати +217,7%), 642 дона автобуслар (ўсиш суръати -29,3%), 4 163 дона юк машиналари (ўсиш суръати +30,1%), 673 дона тракторлар (ўсиш суръати -6,5%), ва 41 дона махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилди.
Ушбу соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, қуйидаги айрим камчиликлар сақланиб қолмоқда:
1) енгил автомобиллар импорти ўтган йилларга нисбатан ўсиб бормоқда.
Хусусан, 2020 йил мобайнида жами 475 млн. долларлик енгил автотранспорт воситалари импорт қилинди, бу эса ўз навбатида 2017 йилга нисбатан импорт ҳажми 3 бараварга ошган.
Мазкур ҳолат эса, ўз навбатида аҳолини миллий автомашиналарга нисбатан чет эл автомобилларига бўлган эҳтиёжлари ўсиб бораётганлигини англатади.
2) соҳага чет эл инвестицияни жалб қилиш кўрсаткичи ўтган даврга нисбатан камайиб борган.
Масалан, 2016 йилда автомобилсозлик соҳасига жалб қилинган инвестициялар миқдори 120,6 млн долларни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 2017 йилда 65,1 млн (45% камайган), 2018 йилда 21,8 млн. долларни (67% камайган) ташкил этган.
3) ишлаб чиқарувчидан автомобил харид қилишдаги шартномавий муносабатларда тарафларнинг тенглиги принципи ишламаяпти.
Жумладан, ҳозирги вақтда харидор ишлаб чиқарувчидан автомобил харид қилишда давтлаб автомобил нархининг 85% қисмини, автомобилни олганидан сўнг қолган 15% қисмини тўлайди.
Шу билан бирга, тузиладиган шартномага асосан харидор автомобилни қабул қилиб олгунига қадар автомобил нархи ошадиган бўлса, ошган қисми ҳам тўланиши мажбур этиб белгиланган.
Бу ҳолатлар ўз навбатида, Фуқаролик қонунчилигинниг айрим нормаларига зид ҳисобланади.
Яъни Кодекснинг 1-моддасига асосан фуқаролик қонунчилиги улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга ва шартноманинг эркинлигига асосланиши назарда тутилган.
Шу каби, Кодекснинг 354-моддасида шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланиши кўрсатилган.
4) автомобил ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси пастлигича қолмоқда.
Хусусан, ҳозирда автомобил ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 48%ни (https://president.uz/uz/lists/view/4982) ташкил этмоқда.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги ПҚ–3028-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзавтосаноат” АЖни ривожлантиришнинг 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган мақсадли параметрларига кўра, енгил автомобилларни маҳаллийлаштириш даражаси 74,2% га етказиш белгиланган.
Ушбу рақамлар енгил автомобилларни маҳаллийлаштириш даражаси 26,2%га ортда қолаётганлиги англатади.
Маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги ўз навбатида, автомобил нархининг юқорилигига ва аҳолининг харид қувватининг пасайишига сабаб бўлади.
5) автомобил нархи аҳоли даромадига нисбатан анча юқори ҳисобланади.
Статистик маълумотларга асосан, 2021 йилда аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи 3,2 млн сўмга тенг ҳисобланади.
Автомобилниг энг паст нархини шартли равишда 60 млн. сўмга тенг деб олсак, битта фуқаро машина олиши учун ками 2 йил ишлаш ва ҳеч қандай харажат қилмаслиги талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |