МУСАДДАС
Субҳидам махмурлуқтин тортибон дарди саре,
Азми дайр эттимки, ичгаймен сабуҳий соғаре,
Чиқти соғар тўлдуруб кофирваши маҳпайкаре,
Нақде дин олиб ичимга солди майдин озаре,
Ваҳки, диним кишварин торож қилди кофире,
Куфр элига ҳомию дин аҳлиға яғмогаре.
Демаким, невчун ҳаётингдин санга йўқ ҳосиле,
Ишқдин оллингда ҳар дам мушкил узра мушкиле,
Чун билурсен невчун айлабсен ўзунгни ғофиле,
Буйла бўлғай кимга ёри бўлса сендек қотиле,
Чобуке, раъноқади, нўшинлабе, хородиле,
Маҳваше насринузоре, гулрухе, сийминбаре.
Дўстлар, гар халқ аро йўқ мен кеби девонае,
Айламанг кўп айбким, ёнимдадур майхонае,
Анда шўхким тутар ҳар дам тўла паймонае,
Қайси шўхе боданўше кўзлари мастонае,
Жон берурда лаълидин Исосифат жононае,
Кўнгул олурда юзидин Юсуфойин дилбаре.
Ул қуёш ишқидаким кўнглумга йўқтур тоқате,
Шоми зулфидин агар жонимға етса меҳнате,
Орази меҳриға қилсам майл эрмас ҳайрате
Ким, эрур ҳар кимсаким, наззора қилса соате,
Зулфи кўзларни қора қилмоққа шоми фурқате,
Шоми фурқат дафъиға рухсори меҳри анваре.
Майл қилман боғ аро гар бўлса гул ё сунбуле,
Ёки гулдек юзда сунбулдек сочилған кокуле,
Улки, андин ҳар дам айлармен фиғону ғулғуле,
Гулъузоредур вале, савти нечукким булбуле,
Ҳам гулистон базми ичра сарв қоматлиғ гуле,
Ҳам шабистон базми иҳёсида шамъи анваре.
Раҳм қилмас нотавон кўнглум анинг зори бўлуб,
Чеҳра очмас кўзларимнинг ашки гулнорий бўлуб,
Илтифот этмас таним ҳажр ичра бемори бўлуб,
Васлидин марҳам етурмас бағрим афгори бўлуб,
Оллоҳ-Оллоҳ, бўйла офатнинг гирифтори бўлуб,
Найлагай бир мен кеби зори заифи абтаре.
Кўҳи дардинг заъфлиқ тан бирла чектим муддате
Ким, висол уммидидин кўнглумда эрди қуввате,
Эмди раҳм эткилки, юзланмиш ажойиб ҳолате,
Не кўнгулда қуввате қолмиш, не танда сиҳҳате,
Не қарору сабру не тобу тавон, не тоқате,
Не кўнгул, не жону не руҳу равон, не пайкаре.
Ул замонким, бўлдум ул ой меҳриға мойил бу навъ,
Билмадимким, бўлғусидур жонима қотил бу навъ,
Келгусидур ишқида оллимға юз мушкил бу навъ,
Айлагумдур ҳажридин майхонани манзил бу навъ,
Соқиё, дилдорим ул янглиғ мени бедил бу навъ,
Раҳм этиб, айлаб манга тутқил лаболаб соғаре.
Ошнолиғ тарк этиб, чун ёр этар бегоналиғ,
Мен қила олман саломат кўйида фарзоналиғ,
Айлайин дайри фано аҳли била ҳамхоналиғ
Ким, маломат жомидин ҳосил этай мастоналиғ,
То бўлуб бехуд Навоийдек қилай девоналиғ
Ким, тараҳҳум қилмаса, қилғай тамошо ул парий.
Do'stlaringiz bilan baham: |