54-модда. Маҳкумларни
жазони ўташ учун жўнатиш
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар тергов ҳибсхонасининг маъмурияти ҳукм қонуний кучга кирганлиги тўғрисида суд хабарномасини олган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида жазони ўташ учун жўнатилади.
Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
55-модда. Маҳкумлар жазони ўташ учун жўнатилганлиги
ва етиб келганлиги тўғрисида хабар
Тергов ҳибсхонасининг маъмурияти маҳкум жазони ўташ учун жўнаб кетганлиги тўғрисида унинг оиласига уч кунлик муддат ичида хабар юбориши шарт.
Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум етиб келган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида бу ҳақда ҳукм чиқарган судни хабардор қилиши, шунингдек маҳкумнинг оиласига муассаса манзилини кўрсатиб ҳамда маҳкумнинг ёзишма олиб бориш, учрашув, посилка, йўқлов ва бандероллар олиш, телефон орқали сўзлашув ҳуқуқларини тушунтириб, хабарнома юбориши шарт.
56-модда. Маҳкумларни жазони ижро этиш
муассасаларига қабул қилиш тартиби
Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасаларига қабул қилиш муассаса маъмурияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширилади.
Муассасага етиб келган маҳкумлар уларнинг шахсини ўрганиш ва шароитга мослашиб олишлари учун ўн беш суткагача муддатга, одатда, қабул бўлимига жойлаштирилади, манзил-колонияга келган ҳамда хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун тергов ҳибсхоналари ва турмаларда қолдирилган шахслар бундан мустасно.
Муассасага етиб келганларидан сўнг маҳкумларга жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида керакли ахборот берилади, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади.
57-модда. Жазони битта муассасада ўташ
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс бутун жазо муддатини, одатда, битта муассасада ўтайди.
Маҳкумни бир колониядан айни шу турдаги бошқа колонияга жазони ўташни давом эттириш учун ўтказишга унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида унинг розилигини олган ҳолда, шунингдек маҳкумнинг мазкур муассасада қолишига тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолларда йўл қўйилади.
Маҳкум касал бўлиб қолган тақдирда уни колониядан ёки турмадан ихтисослашган даволаш муассасасига ўтказишга тиббий хулоса асосида йўл қўйилади.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ижро этувчи бир муассасадан бошқасига ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |