224-модда. Суднинг иммунитети
Хўжалик судида чет давлатга нисбатан даъво тақдим этишга, уни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилишга, чет давлатга қарашли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган мол-мулкни хатлаш ва унга нисбатан даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни қўллашга, хўжалик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартибида ундирувни шу мол-мулкка қаратишга, агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билангина йўл қўйилади.
Халқаро ташкилотларнинг суд иммунитети Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.
225-модда. Чет давлат суди томонидан айни бир шахслар ўртасида,
айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низолар
юзасидан ишларни кўришнинг процессуал оқибатлари
Агар чет давлатнинг ваколатли суди Ўзбекистон Республикаси хўжалик судида даъво тақдим этилгунича ишни кўришга қабул қилиб, айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ишни кўрган ёки шу иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради ёки иш юритишни тугатади. Агар чет давлатнинг суди томонидан қабул қилинадиган ёки қабул қилинган ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олиниши ёки ижро этилиши мумкин бўлмаса ёхуд тегишли иш Ўзбекистон Республикаси хўжалик судининг мутлақ ваколатида бўлса, шундай оқибатлар келиб чиқмайди.
226-модда. Суд топшириқлари
Хўжалик суди айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида чет давлатлар судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ёки халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва бошқаларни) ижро этади.
Топшириқ қуйидаги ҳолларда ижро этилмайди:
1) топшириқни ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки унинг хавфсизлигига таҳдид солса;
2) топшириқни ижро этиш хўжалик судининг ваколатига кирмаса.
Хўжалик суди томонидан айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларни ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Хўжалик судлари чет давлатларнинг судларига айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқлар билан белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |