198-модда. Протестни кўриш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсати протестни кўришда Олий хўжалик суди судьясининг ишнинг ҳолатлари ва протест важлари тўғрисидаги маърузасини эшитади.
Тушунтиришлар бериш учун Раёсат мажлисига ишда иштирок этувчи шахслар чақирилиши мумкин. Бундай ҳолда уларга Раёсат мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарномалар юборилади. Уларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсиқ бўлмайди.
Ишни назорат тартибида кўришда Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ёки унинг ўринбосари иштирок этиб, ўзи келтирган протестни қувватлайди ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раиси ёки унинг ўринбосари келтирган протест бўйича кўрилаётган иш юзасидан хулоса беради.
199-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Раёсатининг ишларни назорат тартибида қайта кўриш
бўйича ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсати ишни назорат тартибида кўриб:
1) хўжалик судининг ҳал қилув қарорини, қарорини ўзгаришсиз, протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини, қарорни тўла ёки қисман бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишга;
3) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартириб ёки бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбормасдан янги қарор қабул қилишга;
4) ҳал қилув қарорини, қарорни тўла ёки қисман бекор қилиб, иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўла ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
5) иш бўйича илгари қабул қилинган ҳал қилув қарорлари ёки қарорлардан бирини кучда қолдиришга ҳақли.
200-модда. Ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартириш
ёки бекор қилиш асослари
Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Хўжалик судининг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори юзаки асослар бўйичагина бекор қилиниши мумкин эмас.
201-модда. Қарор қабул қилиш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раёсати ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади. Агар Раёсатнинг ҳозир бўлган аъзоларидан кўпчилиги ёқлаб овоз берса, қарор қабул қилинган ҳисобланади. Раёсат аъзолари овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
Раёсат қарори Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Раиси томонидан имзоланади.
Раёсат қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раёсат қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |