30-модда. Профилактика суҳбати
Профилактика суҳбати шахсни жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтиришдан, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтиришдан иборат бўлади.
Профилактика суҳбати шахсни профилактик ҳисобга қўйишда ҳам ўтказилади.
Профилактика суҳбати ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасанинг ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширишга масъул бўлган вакили томонидан ўтказилади.
Профилактика суҳбати ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса жойлашган ерда, шунингдек шахснинг яшаш, ўқиш, иш жойида ёхуд бевосита ғайриижтимоий хулқ-атвор ёки ҳуқуқбузарлик аниқланган жойда ўтказилади.
Профилактика суҳбати давомида шахснинг ўзига хос хусусиятлари, унинг турмуш тарзи ва ижтимоий-маиший яшаш шароитлари, шунингдек ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ёки содир этилган ҳуқуқбузарликнинг сабаблари ва шарт-шароитлари аниқланади.
Илгари ўтказилган профилактика суҳбати ижобий натижа бермаган ва шахс ғайриижтимоий хулқ-атворни ёки ҳуқуқбузарлик содир этишга мойилликни давом эттирган ҳолларда, унга нисбатан расмий огоҳлантириш қўлланилади.
1. Профилактика суҳбати шахсни жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириш мақсадида амалга оширилади.
Бу борада мазкур қонуннинг 5-моддасида келтирилган «ишонтириш усулининг устиворлиги» принципига қатъий амал қилиниши лозим бўлади. Ана шундагина профилактика суҳбати амалга оширилаётган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликнинг муқаррарлигини англаб етиши мумкин.
2. Профилактика суҳбати шахсни жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтиришдан, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириш мақсадида ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган ҳамда профилактик ҳисобга олинган шахсларга нисбатан амалга оширилади.
3. Профилактика суҳбати ушбу қонуннинг 6-моддасида келтирилган ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассасаларнинг ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширишга масъул вакили томонидан ўтказилади. Масалан, ички ишлар органлари тизимида профилактика суҳбати жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлиги, паспорт-виза, назорат-лицензия, мулк ва объектларни қўриқлаш қоидаларига риоя қилиш устидан бевосита текширув ва назоратни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этишга жалб этилган ички ишлар органининг масъул вакили томонидан амалга оширилади. Шу жумладан, профилактик ҳисобга олишни амалга оширувчи профилактика хизмати ҳамда жиноий жазо ва бошқа жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларининг ижросини таъминловчи хизматлар ходимлари ҳам амалга оширади.
4. Профилактика суҳбати ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса ёхуд уларнинг қуйи бўғинлари (Мисол учун, ички ишлар идораларининг таянч пунктлари)да, шунингдек ғайриижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган ҳамда профилактик ҳисобга олинган шахсларнинг яшаш, ўқиш, иш жойида ёхуд бевосита ғайриижтимоий хулқ-атвор ёки ҳуқуқбузарлик аниқланган жойда ўтказилади.
Профилактика суҳбатини амалга оширган ходим бу ҳақда «Профилактика суҳбатини қайд этиш» китобига қайд этади ҳамда келгусида жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларини давом эттирмаслик, акс ҳолда қонунда белгиланган маъмурий жавобгарлик келиб чиқиши мумкинлигини тушунтиради.
5. Профилактика суҳбатини амалга оширган ходим профилактика суҳбати давомида шахснинг ўзига хос хусусиятлари (жамиятда, яъни оилада, ўқиш ёки меҳнат жамоаларида тутган ўрни, характери, билими, маълумот даражаси, мутахассислиги, дунёқариши, қизиқиши, эҳтиёжлари, яшашга нисбатан муносабати кабилар), унинг турмуш тарзи ва ижтимоий-маиший яшаш шароитлари (оилавий аҳволи, қаерда яшаши, фаолият тури, оиласи ва ўзининг моддий таъминланганлик даражаси кабилар), шунингдек ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ёки содир этилган ҳуқуқбузарликнинг сабаблари ва шарт-шароитлари (моддий эҳтиёж, етишмовчилик, қизиқиш, оиладаги тарбияда йўл қўйилган сусткашлик ёки салбий жисмоний ва маънавий-руҳий таъсир кабилар)ни аниқлаши ва бу ҳақда белгиланган шаклдаги китобга қайд этиши талаб этилади.
6. Шахс ўзининг ғайриижтимоий хулқ-атворини ёки содир этган ҳуқуқбузарлигининг моҳиятини англаб етса ва пушаймон бўлса, ходим профилактик суҳбат билан чегараланади. Аксинча, шахс ўзининг ғайриижтимоий хулқ-атворини ёки ҳуқуқбузарлик содир этишининг моҳиятини англаб етмаса ва пушаймон бўлмаса, шунингдек ходим аниқланган ғайриижтимоий хулқ-атворни давом эттиришга йўл қўйиб бўлмайди деб топса, у ҳолда шахсга нисбатан расмий огоҳлантириш қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |