455-модда. Автотранспорт йиғимларининг турлари
Автотранспорт йиғимлари жумласига қуйидагилар киради:
автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим;
чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғим.
456-модда. Солиқ тўловчилари
(1-қ.) Автотранспорт воситаларини сотиб олувчи ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб киришни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳамда норезидентлари автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимни солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.
(2-қ.) Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг эгалари ёки улардан фойдаланувчилар ушбу воситаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити йиғими солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.
(3-қ.) Автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимни солиқ тўловчилари деб эътироф этилади.
457-модда. Солиқ солиш объекти
Қуйидагилар йиғимлар солиш объектидир:
автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш;
чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва унинг ҳудуди орқали транзити.
458-модда. Солиқ базаси
Солиқ базаси қуйидагилардир:
сотиб олинган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириладиган автотранспорт воситалари двигателининг от кучидаги қуввати ёки автотранспорт воситаларининг қиймати;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганида ёки унинг ҳудуди орқали транзитида - чет давлатларнинг автотранспорт воситалари.
459-модда. Солиқ имтиёзлари
Автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
1) ишлаб чиқарувчи завод томонидан қўл билан бошқаришга мослаштирилган енгил автомобилни ва (ёки) мотоаравачани сотиб олувчи барча гуруҳлардаги ногиронлиги бўлган шахслар;
2) яқин қариндошларидан ҳадя шартномаси ёки мерос асосида автомобиллар ва мотоаравачалар олувчи фуқаролар;
3) фаолиятининг асосий тури йўловчилар ташиш бўлган, қонун ҳужжатларига мувофиқ йўловчилар ташиш учун белгиланган намунадаги лицензияга эга бўлган автомобиль транспорти корхоналари - йўловчилар ташишни амалга оширувчи транспорт воситалари бўйича (енгил автомобиллар ва йўналишли таксилардан ташқари);
4) юридик шахслар - қирқ тоннадан ортиқ юк кўтарадиган, сотиб олинган кон автосамосваллари бўйича;
5) ҳомийлик (беғараз) ёрдами сифатида автомобилларни олган (сотиб олган) болалар уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, ногирон болалар учун марказлар, қариялар ва кичик ёшдаги ногиронлар учун интернат-уйлар, шунингдек бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган тиббиёт муассасалари;
6) юридик шахслар - автотранспорт воситаларини битта тизим (давлат ва хўжалик бошқаруви органи) ичида балансдан балансга бепул ўтказиш чоғида;
7) қайта ташкил этиш натижасида автотранспорт воситасини олган ҳуқуқий ворис;
8) автотранспорт воситаларини ушбу модданинг 3 ва 4-бандларида кўрсатилган юридик шахсларга лизингга бериш учун олувчи лизинг берувчилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |