314-модда. Солиқ даври. Ҳисобот даври
Календарь йил солиқ давридир.
Йил чораги ҳисобот давридир.
(314-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-343-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 584-модда)
315-модда. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни ҳисоблаб чиқариш, уларнинг ҳисоб-китобларини тақдим этиш ва уларни тўлаш тартиби
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ҳар ойда солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар қуйидагича тўланади:
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар тўловчи бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан — ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;
микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан — ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай.
(315-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-343-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 584-модда)
ХVI БЎЛИМ. РЕСПУБЛИКА ЙЎЛ ЖАМҒАРМАСИГА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАР
53-боб. Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар
316-модда. Солиқ тўловчилар
Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўловчилар қуйидагилардир:
юридик шахслар — Ўзбекистон Республикасининг резидентлари;
оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) — юридик шахс;
(316-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Қуйидагилар Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларнинг тўловчилари бўлмайди:
нотижорат ташкилотлар, бундан уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан олган даромадлари мустасно;
ягона солиқ тўловини ва (ёки) ягона ер солиғини тўловчи юридик шахслар;
(316-модданинг иккинчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
(316-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
умумбелгиланган солиқларни тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар, бундан акциз тўланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно.
(316-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-343-сонли Қонунига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 584-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |