294-модда. Солиқ тўлаш тартиби
Ер солиғи ер участкасининг мулкдори, ерга эгалик қилувчи, ердан фойдаланувчи ёки ижарачининг яшаш жойидан қатъи назар, ер участкаси жойлашган ҳудуддаги туман ёки шаҳарнинг маҳаллий бюджетига тўланади.
Йил мобайнида ажратилган ер участкалари учун ер солиғи жисмоний шахслар томонидан ер участкаси ажратилганидан кейинги ойдан эътиборан тўланади.
Ер участкаси майдони камайтирилган тақдирда, ер солиғини тўлаш ер участкаси камайтирилган ойдан эътиборан тўхтатилади (камайтирилади).
Ер солиғи бўйича имтиёзлар белгиланган тақдирда, бу солиқ имтиёз ҳуқуқи вужудга келган ойдан эътиборан тўланмайди. Ер солиғи бўйича имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар бекор қилинган тақдирда, бу солиқ мазкур ҳуқуқ бекор қилинганидан кейинги ойдан эътиборан тўлана бошлайди.
Белгиланган тартибда берилган ер участкалари учун ер солиғи ер участкасидан фойдаланиш фактидан қатъи назар, жисмоний шахслар томонидан тўланади.
Солиқ даври учун ер солиғи тўлаш жисмоний шахслар томонидан ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади.
(294-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-313-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 556-модда)
ХIII БЎЛИМ. ОБОДОНЛАШТИРИШ ВА ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СОЛИҒИ
295-модда. Солиқ тўловчилар
Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўловчилардир.
Қуйидагилар ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўловчилар бўлмайди:
нотижорат ташкилотлар, бундан уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан олинган фойдаси мустасно;
ушбу Кодекснинг ХХ бўлимида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодексга мувофиқ солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган юридик шахслар.
296-модда. Солиқ солиш объекти. Солиқ солинадиган база
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи чегирилганидан кейин юридик шахс ихтиёрида қоладиган фойда солиқ солиш объекти ва солиқ солинадиган базадир. Бунда солиқ солинадиган база қуйидаги суммаларга камайтирилади:
олиниши лозим бўлган (олинган) дивидендлар суммасига;
қўшимча фойда солиғи тўловчилар учун — соф қўшимча фойда суммасига;
текин олинган пул маблағлари суммасига, агар уларни ўтказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида юз бераётган бўлса;
жорий солиқ даврида фойдаланилганда харажатлар вужудга келмайдиган бюджетдан ажратиладиган субсидиялар суммасига.
(296-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тариқасида олинган маблағлар суммасига;
бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммасига.
(296-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонунига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
(297-модда Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-343-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 584-модда)
(298-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |