353-модда. Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш Ушбу модданинг иккинчи қисмида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ягона солиқ тўлови ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ягона солиқ тўловини тўловчилар шу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашлари керак. Бунда ушбу Кодекс 355-моддасининг иккинчи қисми 2-бандида кўрсатилган даромадларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиқ солинади.
Лотерея ўйинларини ташкил қилиш фаолияти билан бирга бошқа фаолият турларини амалга оширадиган юридик шахслар ушбу фаолият турлари бўйича қуйидагиларни тўлайди:
агар улар микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирса — ягона солиқ тўловини ёки умумбелгиланган солиқларни;
агар улар микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмаса, —умумбелгиланган солиқларни.
354-модда. Махсус қоидалар Умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган ягона солиқ тўловини тўловчилар, агар ушбу Кодекс 352-моддасининг биринчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, камида ўн икки ойдан сўнг ягона солиқ тўловини тўлашга қайта ўтишга ҳақлидир.
Ягона солиқ тўловини тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган солиқ тўловчилар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган биринчи чорак учун фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилинади.
(354-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда) Ягона солиқ тўловини тўловчилар ягона солиқ тўлови тўлаш муддатини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил муддатга кечиктириш ҳуқуқига эга, кечиктирилган суммалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда имтиёзли давр тугаганидан сўнг ўн икки ой ичида тенг улушлар билан тўланади, ушбу Кодекснинг 350-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилганлар бундан мустасно.
Агар ягона солиқ тўловини тўловчилар ушбу Кодекснинг 199-моддасига мувофиқ қўшилган қиймат солиғи солинадиган оборотни амалга оширсалар, қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлашлари мумкин. Юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш учун ҳисобот даври бошланишидан камида бир ой олдин, янги ташкил этилган юридик шахслар эса, ўз фаолиятини амалга оширишни бошлагунига қадар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш тақдим этади.
Ушбу Кодекс 352-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган юридик шахслар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ёзма билдириш тақдим этмаган ҳолда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлашга ўтишга ҳисобот йили бошланишидан эътиборан ҳақлидир.
(354-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 1-сон, 2-модда) Ягона солиқ тўловини тўловчилар томонидан қўшилган қиймат солиғини тўлашни рад этиш кейинги солиқ даври бошлангунига қадар бир ойдан кечиктирмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган шаклда тақдим этиладиган ёзма билдириш асосида фақат навбатдаги солиқ даврининг бошидан амалга оширилиши мумкин.
Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ушбу Кодекснинг VII бўлимида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ягона солиқ тўловини тўловчилар — юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари бўйича ижарага олинган ер участкалари учун бюджетга ижара ҳақи тўлашдан озод қилинади, умумбелгиланган солиқлар тўланадиган фаолият турларида фойдаланилаётган ер участкалари бундан мустасно.
(354-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)