289-модда. Солиқ солинадиган база
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг ер участкаларининг майдонига доир маълумотлари солиқ солинадиган базадир.
Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун фуқароларга берилган, шунингдек якка тартибдаги гаражлар эгаллаган ер участкаларининг майдонлари бўйича солиқ солинадиган база ушбу ер участкаларини берган ташкилотлар бошқарув органларининг маълумотлари бўйича аниқланади.
Хизмат юзасидан берилган чек ерларнинг майдонлари бўйича солиқ солинадиган база ўз ходимларига ер участкалари берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маълумотлари бўйича аниқланади.
290-модда. Имтиёзлар
Ер солиғидан қуйидагилар озод қилинадилар:
(290-модданинг биринчи қисми 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
2) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони ва Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;
3) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;
(290-модданинг биринчи қисми 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
4) I ва II гуруҳ ногиронлари. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
5) ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;
(290-модда биринчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 9 сентябрдаги ЎРҚ-254-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 35-36-сон, 300-модда)
6) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ўн олти ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Мазкур имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;
(290-модда биринчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 9 сентябрдаги ЎРҚ-254-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 35-36-сон, 300-модда)
7) Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган фуқаролар. Мазкур имтиёз тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногироннинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади;
(290-модда биринчи қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
(290-модданинг биринчи қисми 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
(290-модда биринчи қисмининг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
10) шахслар — уларга якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида берилган ер участкалари бўйича — ер участкаси берилган ойдан кейинги ойдан эътиборан икки йил муддатга.
(290-модда биринчи қисмининг 10-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган имтиёзлар, бундан 6-бандда кўрсатилгани мустасно, якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга берилади. Бунда мазкур имтиёзлар солиқ тўловчининг танлаши бўйича фақат битта ер участкасига берилиши мумкин.
Ушбу Кодекс 282-моддаси иккинчи қисмининг солиқ солинмайдиган ер участкаларига тааллуқли қисмида назарда тутилган имтиёзлар ер солиғи тўловчилар бўлган жисмоний шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |