48-боб. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ
272-модда. Солиқ тўловчилар
Мулкида солиқ солинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар, шу жумладан чет эл фуқаролари, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шунингдек юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчиларидир.
Агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчидир.
273-модда. Солиқ солиш объекти
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар солиқ солиш объектидир.
274-модда. Солиқ солинадиган база
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган базадир.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган шартли қиймати солиқ солинадиган базадир.
Битта жисмоний шахс бир нечта солиқ солиш объекти бўйича тўловчи бўлган тақдирда, солиқ солинадиган база ҳар бир объект бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
275-модда. Имтиёзлар
Қуйидагиларнинг мулкида бўлган мол-мулкка жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солинмайди:
1) «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқароларнинг. Мазкур имтиёз тегишинча «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони дафтарчалари, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг маълумотномаси асосида берилади;
2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларнинг. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;
(275-модданинг биринчи қисми 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
3) ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёлларнинг. Мазкур имтиёзни бериш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг болалар борлигини тасдиқловчи маълумотномаси асос бўлади;
(275-модданинг биринчи қисми 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
5) пенсионерларнинг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади;
(275-модданинг биринчи қисми 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
6) I ва II гуруҳ ногиронларининг. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;
7) собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналарининг ва бева хотинларининг (бева эрларининг). Имтиёз «Ҳалок бўлган аскарнинг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)» ёки «Ички ишлар органлари ҳалок бўлган ходимининг бева хотини (бева эри, онаси, отаси)» штампи қўйилган ёхуд пенсия гувоҳномасини берган муассаса раҳбарининг имзоси ва ушбу муассаса муҳри билан тасдиқланган тегишли ёзувли пенсия гувоҳномаси асосида берилади. Агар мазкур шахслар пенсионер бўлмаса, имтиёз уларга собиқ СССР Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ёки Ички ишлар вазирлигининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ёхуд Ички ишлар вазирлигининг тегишли органлари томонидан берилган ҳарбий хизматчининг ёки ички ишлар органи ходимининг ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида берилади. Собиқ СССРни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизматнинг ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида ёки фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ёхуд ички ишлар органлари ходимларининг бева хотинларига (бева эрларига) имтиёз фақат улар янги никоҳдан ўтмаган тақдирда берилади.
(275-модда биринчи қисмининг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 20 майдаги ЎРҚ-247-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 20-сон, 149-модда)
(275-модда биринчи қисмининг 8-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Ушбу модда биринчи қисмининг 3, 5 ва 6-бандларида кўрсатилган имтиёзлар қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида берилади.
(275-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
Ушбу моддада белгиланган имтиёзлар мулкдорнинг танлашига биноан фақат бир мол-мулк объектига тааллуқли бўлади.
Ушбу моддада назарда тутилган имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган солиқ солиш объектларига нисбатан қўлланилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |