149-модда. Кредит ташкилотларининг чегириладиган харажатларини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари
Кредит ташкилотларининг чегириладиган харажатларига ушбу Кодекснинг 142—146-моддаларида назарда тутилган харажатлардан ташқари қуйидагилар киради:
1) кредит ресурслари учун тўловлар, пул маблағлари ва қимматликларни ташиш ҳамда сақлаш харажатлари;
2) мижозларнинг депозит ҳисобварақлари, шу жумладан жисмоний шахсларнинг омонатлари бўйича ҳисобланган ва тўланган фоизлар;
3) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган нормалар доирасида таваккалчилик операциялари бўйича захираларга ажратмалар.
Тижорат банкларининг солиқ солинадиган фойдасидан улар ўз филиалларига берадиган мол-мулк қиймати чегириб ташланади.
23-боб. Суғурта ташкилотларининг даромадларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари
150-модда. Суғурта ташкилотларининг хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадлари
(150-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Суғурта ташкилотларининг хизматларни реализация қилишдан олинадиган даромадларига қуйидагилар киради:
(150-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
1) суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари). Бунда биргаликда суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари) суғурталовчининг (биргаликда суғурта қилувчининг) даромадлари таркибига фақат унинг биргаликда суғурта қилиш шартномасида белгиланган суғурта мукофотидаги улуши миқдорида қўшилади;
2) аввалги ҳисобот даврларида шакллантирилган суғуртавий техник захираларни камайтиришнинг (қайтаришнинг) қайта суғурта қилувчиларнинг суғурта захираларидаги улуши ўзгариши ҳисобга олинган ҳолдаги суммалари;
3) суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича пул мукофоти, шунингдек қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича тантьемалар (фойдадан олинадиган ҳақ);
4) қайта суғурта қилишга ўтказилган таваккалчилик бўйича суғурта тўловлари улушининг ўрнини қайта суғурта қилувчилар томонидан қоплаш суммалари;
5) қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича мукофотлар депосига ҳисобланган фоизлар суммалари;
6) суғурта қилдирувчининг (наф олувчининг) етказилган зарар учун жавобгар шахсларга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқини реализация қилишдан олинадиган, қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчига ўтган даромадлари;
(150-модданинг 7-банди Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни билан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)
8) суғурта агенти, брокер, воситачи хизматларини кўрсатганлик учун мукофот;
9) суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларига хизматлар кўрсатганлик учун суғурталовчи томонидан олинган пул мукофоти;
10) суғурта хизматлари кўрсатишдан ва қўшимча суғурта фаолиятидан олинган бошқа даромадлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |