ХХ БЎЛИМ. СОЛИҚ СОЛИШНИНГ СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБИ
55-боб. Умумий қоидалар
348-модда. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун қўлланилади ва ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашнинг махсус қоидалари қўлланилишини, шунингдек мазкур солиқлар бўйича солиқ ҳисоботи тақдим этилишини назарда тутади.
Қатъий белгиланган солиқни тўлаш белгиланган фаолият турларини амалга оширувчи ягона солиқ тўлови тўловчилар ва ягона ер солиғини тўловчилар ушбу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда ушбу Кодекснинг 58-бобида назарда тутилган тартибда қатъий белгиланган солиқ тўлашлари шарт.
(348-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган солиқлар ушбу Кодексда назарда тутилган жами умумбелгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўрнига тўланади, ушбу Кодекснинг 349-моддасида санаб ўтилганлар бундан мустасно.
Солиқ даври мобайнида, ушбу бўлимда назарда тутилган ҳолларда, солиқ солиш тартиби ўзгарган тақдирда, солиқ тўловчи бу ҳақда солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этади. Бунда ўтган давр учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўша даврда амал қилган солиқ солиш тартибидан келиб чиққан ҳолда тўлаш бўйича мажбуриятлар солиқ тўловчиларда сақланиб қолади.
349-модда. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда айрим умумбелгиланган солиқларни тўлашга доир мажбуриятлар
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган солиқ тўловчилар учун, агар ушбу Кодекснинг 373-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тўлов манбаида солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолиш мажбуриятлари ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига қуйидаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади:
ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган тартибда тўлов манбаида ундириладиган фойда солиғи;
ушбу Кодекснинг 207-моддасида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи;
агар ушбу Кодекснинг 350-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришда солинадиган акциз солиғи;
агар ушбу Кодекснинг 350-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар;
қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
(349-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонунига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
божхона тўловлари;
ягона ижтимоий тўлов;
давлат божлари;
товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим;
давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар (ягона солиқ тўловини ва ягона ер солиғини тўловчилар бундан мустасно);
(349-модданинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-359-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 685-модда)
автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун Республика йўл жамғармасига йиғим.
Do'stlaringiz bilan baham: |