53-модда. Туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳалари Туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлар белгиланади:
туман (туманлар гуруҳлари) ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини, табиий-иқлим шароитларини ҳамда аҳоли сони прогнозини инобатга олган ҳолда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
ҳудуднинг зоналаштирилиши ва режали тузилиши;
туман (туманлар гуруҳлари) ҳудудини табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари;
аҳоли пунктлариаро аҳамиятга молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш йўналишлари;
аҳоли пунктларини ривожлантириш учун захира ҳудудлар;
якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини жойлаштириш учун ҳудудлар, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини юритиш учун ер участкалари;
аҳолининг дам олиш жойларини ташкил этиш учун ҳудудлар;
аҳоли пунктларининг ва шаҳарлар шаҳар атрофи зоналарининг чегаралари;
туман (туманлар гуруҳлари) ҳудудини ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
54-модда. Аҳоли пунктининг бош режаси Аҳоли пунктининг бош режасида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари белгиланади:
аҳоли пункти ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини, табиий-иқлим шароитларини ҳамда аҳоли сони прогнозини инобатга олган ҳолда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
ҳудудларнинг зоналаштирилиши ва уларни қуриш навбати;
аҳоли пункти ҳудудини табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилиш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари;
аҳоли пунктининг қурилган ва қурилмаган ҳудуди нисбати;
аҳоли пунктини ривожлантириш учун захира ҳудудлар;
аҳоли пунктининг чегаралари;
аҳоли пункти ҳудудини ривожлантиришга доир бошқа лойиҳа ечимлари.
Шаҳарнинг бош режаси ва шаҳар атрофи зонасини режалаштириш лойиҳаси чегарадош ҳудудларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги келишув асосида ягона ҳужжат сифатида ишлаб чиқилиши мумкин.
Ўртача ва кичик шаҳарчаларнинг, шунингдек қишлоқлар ва овулларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан бирга ягона ҳужжат сифатида қўшиб бажарилиши мумкин.
Ҳудудида маданий мерос объектлари бўлган аҳоли пунктининг бош режаси ишлаб чиқилаётганда аҳоли пунктининг тарихий-архитектура режаси ва маданий мерос объектларининг муҳофаза зоналари инобатга олинади.
Аҳоли пунктининг бош режаси йигирма — йигирма беш йиллик ҳисоб-китоб муддатига мўлжалланиб ишлаб чиқилади. Аҳоли пунктининг бош режаси у тўлиқ амалга оширилгунига қадар ёки янги бош режа тасдиқлангунига қадар амал қилади.
Аҳоли пунктининг бош режаси мавжуд бўлмаганда ёки унинг янги бош режаси ишлаб чиқилаётган даврда аҳоли пункти ҳудудида жорий қурилиш учун ер участкаси ажратиш билан боғлиқ масалалар туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари билан келишиб олинади.
Аҳоли пунктининг янги бош режаси ишлаб чиқилаётган даврда давлат аҳамиятига молик объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратишга доир материаллар ишлаб чиқувчилар билан қўшимча равишда келишиб олиниши лозим.
Аҳоли пунктлари ҳудудида объектларни бош режасиз ва бошқа зарур шаҳарсозлик ҳужжатларисиз лойиҳалаштириш ҳамда қуриш тақиқланади.