12-модда. Аҳоли пунктларининг турлари
Аҳоли пунктлари шаҳарларга, шаҳарчаларга, қишлоқлар ва овулларга бўлинади.
Аҳолининг сонига қараб шаҳарлар қуйидагиларга бўлинади:
энг йирик — аҳолисининг сони бир миллиондан ортиқ кишидан иборат;
йирик — аҳолисининг сони икки юз эллик мингдан бир миллионгача кишидан иборат;
катта — аҳолисининг сони юз мингдан икки юз эллик минггача кишидан иборат;
ўртача — аҳолисининг сони эллик мингдан юз минггача кишидан иборат;
кичик — аҳолисининг сони эллик минггача кишидан иборат бўлган шаҳарлар.
Аҳолининг сонига қараб шаҳарчалар қуйидагиларга бўлинади:
катта — аҳолисининг сони йигирма мингдан ортиқ кишидан иборат;
ўртача — аҳолисининг сони ўн мингдан йигирма минггача кишидан иборат;
кичик — аҳолисининг сони ўн минггача кишидан иборат бўлган шаҳарчалар.
Аҳолининг сонига қараб қишлоқлар ва овуллар қуйидагиларга бўлинади:
йирик — аҳолисининг сони беш мингдан ортиқ кишидан иборат;
катта — аҳолисининг сони уч мингдан беш минггача кишидан иборат;
ўртача — аҳолисининг сони бир мингдан уч минггача кишидан иборат;
кичик — аҳолисининг сони бир минггача кишидан иборат бўлган қишлоқлар ва овуллар.
Вақтинчалик аҳамиятга молик ва аҳоли таркиби доимий бўлмаган ҳамда иқтисодиёт тегишли тармоғининг хизмат мақсадидаги объектлари бўлган бинолар ва иншоотларнинг гуруҳлари (вахта усулида ишловчи нефтчилар, газчилар, изланувчиларнинг шаҳарчалари ҳамда уйлари), шунингдек якка уйлар (темир йўл назоратчиларининг, ўрмончиларнинг уйлари, дала шийпонлари ва бошқалар) ушбу бинолар ва иншоотлар маъмурий, ишлаб чиқариш ёки ҳудудий муносабатларда шаҳарсозлик фаолиятининг қайси тегишли субъектлари билан боғлиқ бўлса, ўша субъектлар тасарруфида бўлади.
Аҳоли пунктининг турига қараб шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, уларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби белгиланади.
Янги аҳоли пунктларини жойлаштириш ҳамда мавжудларини ривожлантириш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва инвестициявий ривожлантиришнинг узоқ муддатли прогнозларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош тарҳига, ҳудудларни режалаштириш тарҳларига ҳамда туманни (туманлар гуруҳларини) режалаштириш лойиҳаларига, аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришга оид шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Аҳоли пунктларини ташкил этиш ҳамда қайта ташкил этиш, уларнинг мақоми ва чегараларини ўзгартириш тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Аҳоли пунктлари чегараларидаги ерлар аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ улардан фойдаланишнинг тартибга солинишини амалга оширувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлади.
Аҳоли пунктларининг ерларидан фойдаланиш шартлари ва тартибига доир шаҳарсозлик талаблари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |