6-боб. Давлат фуқаролик хизматига кириш тартиби 24-модда. Давлат фуқаролик хизматига кириш Давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ мустақил танлов асосида номзодни давлат лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилади. 25-модда. Давлат фуқаролик хизматига кириш шартлари Давлат фуқаролик хизматига давлат лавозимларини эгаллашда малака
ва бошқа талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилиниши мумкин. Қуйидаги шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди: давлат лавозимига малака талабларида бошқача ҳолат ўрнатилмаган бўлса, ўн саккиз ёшга тўлмаганлар; суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлар; суд ҳужжати билан белгиланган муддатда давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар; ушбу Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган давлат хизматчиси мақоми билан боғлиқ бўлган чекловларни қабул қилишдан бош тортганлар; давлат фуқаролик хизматига киришдан аввал бир йил давомида давлат фуқаролик хизматчиси номини ва давлат хизматини обрўсизлантирадиган ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганлар; давлат фуқаролик хизматига киришдан аввал икки йил давомида эгаллаб турган лавозимининг малака талабларига номувофиқлиги, паст самарали хизмати фаолияти муносабати билан давлат лавозимидан озод этилганлар. Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган маълумотларни тақдим этмаслик ёки атайин ёлғон маълумотлар бериш давлат фуқаролик хизматига қабул қилишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат фуқаролик хизматчиси номини ва давлат хизматини обрўсизлантирадиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхати давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларида белгиланади. 26-модда. Давлат лавозомини эгаллаш учун танлов Танловни ўтказиш меритократия, очиқлик ва мустақиллик принциплари асосида амалга оширилади. Танловни ўтказишда номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеи бўйича камситишларга йўл қўйилмайди. Бўш давлат лавозимлари тўғрисида ахборот «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органи расмий веб-сайтида автоматик тарзда нашр этилади, шунингдек давлат органи ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида, ижтимоий тармоқлар, мессенджерларда ва даврий босма нашрларда ҳам жойлаштирилиши мумкин. Бўш давлат лавозимлари тўғрисида давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органи расмий веб-сайтида ахборот нашр этиш санаси мазкур лавозимга танлов эълон қилиш санаси ҳисобланади. Танловда иштирок этиш бўйича аризаларни қабул қилиш фақат номзодлар томонидан сайтдаги электрон сўровномани тўлдириш орқали амалга оширилади. Аризалар қабул қилишда номзодлардан ҳужжатлар ва улар нусхаларининг қоғоз шаклини талаб қилиш ман этилади. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун давлат органи ва ташкилотлари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига аутсорсинг шартлари билан ташқи ташкилотлар жалб этилиши мумкин. Танловларни ўтказиш учун давлат органи ёки ташкилотларида давлат вакант лавозимларни эгаллаш бўйича танловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш комиссияси тузилади. Танлов суҳбат шаклида ўтказилади. Давлат органи ёки ташкилоти қўшимча тарзда давлат фуқаролик хизматлари бўйича ваколатли орган билан келишилган ҳолда тест ёки ёзма имтиҳон ўтказилишини кўзда тутиши мумкин. Танлов комиссияси танлов натижалари бўйича номзодни лавозимга тайинлаш ёки рад этиш ҳақида якуний хулоса қабул қилади. Танловларни ташкиллаштириш ва ўтказишда белгиланган тартибга риоя этмаслик ҳолатлари, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилишига таъсир ўтказадиган ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли орган танлов натижасини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ҳуқуқига эга. Танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган шахслар давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли орган билан келишмасдан лавозимидан озод этилиши мумкин эмас. Давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танловни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.