13-модда. Геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
Махсус ваколатли давлат органи:
геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади;
аэрокосмик суратга олишга, топография-геодезияга, картографияга оид ва бошқа текширувларни ҳамда қидирув ишларини амалга оширади;
геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) экспертизадан ўтказади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия координаталарининг, баландликларининг, гравиметрия ўлчовларининг ягона давлат тизимларини ҳамда давлат топографик хариталари ва режаларининг масштаб қаторини белгилаш масалалари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
геодезия ва картография фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, юридик шахсларнинг геодезия ва картографияга оид ишларни бажариш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштиради;
умумдавлат аҳамиятига молик геодезия ва картографияга оид ишларни рўйхатга олишни амалга оширади;
давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларининг ҳамда геодезик зичлаштириш тармоқларининг турлари ва таркибини, шунингдек уларни яратиш тартибини белгилайди;
давлат геодезия, нивелир, гравиметрия тармоқларини, геодезик зичлаштириш тармоқларини яратади, ривожлантиради ва ишлаш ҳолатида сақлаб туради;
график, рақамли, фотосурат шаклидаги ҳамда бошқа шакллардаги давлат топографик хариталари ва режаларини яратади, янгилайди ҳамда нашр этади;
маҳаллий координаталар тизимларини белгилаш ва улардан фойдаланиш тартибини аниқлайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг жойлашиш зичлиги нормаларини белгилайди ҳамда уларнинг жойлашган ерини аниқлайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларининг ҳисобини юритади;
давлат топографик хариталари ва режаларини янгилаш даврийлиги нормаларини белгилайди;
Ернинг картографик мониторингини, уни масофадан туриб зондлашни ва геодинамик тадқиқотларини амалга оширади;
сунъий йўлдош навигация тизимларининг ишлашини таъминлаш учун геодезия ва картографияга доир материалларни (маълумотларни) яратади;
Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмасини яратади, ривожлантиради ва унинг фаолият кўрсатишини таъминлайди;
Миллий географик ахборот тизимини, умумдавлат аҳамиятига молик бошқа географик ахборот тизимларини яратади ва юритади;
умумгеографик, сиёсий-маъмурий, илмий-маълумотга оид хариталарни ва бошқа тематик хариталарни, шунингдек тармоқлараро аҳамиятга молик атласларни, картография ўқув қўлланмаларини яратади ҳамда нашр этади;
географик объектларнинг номларини белгилашни, меъёрлаштиришни, давлат рўйхатидан ўтказишни, улардан фойдаланишни ва уларни сақлашни, шунингдек Географик объектлар номларининг давлат реестрини юритишни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини делимитация, демаркация (редемаркация) қилиш ва унинг ўтиш чизиғини текшириш бўйича чегарадош давлатлар билан музокаралар жараёнини ташкил этиш ҳамда ишларни бажариш учун зарур бўлган геодезия, картография ва гидрографияга оид ишларни амалга оширади, улар асосида материаллар (маълумотлар) тайёрлайди;
геодезия ва картография фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
геодезия, картография ва кадастрга оид ишларни метрологик жиҳатдан таъминлашни ташкил этади;
геодезия ва картографияга оид ишларнинг давлат ҳисобини амалга оширади;
Картография-геодезия давлат кадастрини юритади;
геодезия ва картографияга оид бажарилган ишлар тўғрисидаги техник ҳисоботларга доир талабларни белгилайди;
давлат картография-геодезия фондининг шакллантирилиши ва юритилишини амалга оширади;
давлат геодезия назоратини амалга оширади;
геодезия ва картография фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базасига, асбоб-ускуналарга ва бошқа техник воситаларга доир талабларни белгилайди;
илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технологик ишларни бажаради;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, юридик ва жисмоний шахсларни геодезия ва картографияга доир материаллар (маълумотлар) билан таъминлайди;
геодезия ва картография фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |