87-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишини олиб бориш, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан қўмиталарни сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун ўз ваколатлари муддатига сенаторлар орасидан қўмиталарни сайлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, зарурат бўлган тақдирда, муайян вазифаларни бажариш учун депутатлар, сенаторлар орасидан комиссиялар тузади.
88-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларига ва Сенати аъзоларига уларнинг депутатлик ёки сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенатда доимий асосда ишловчи Сенат аъзолари ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар. Улар тегишинча Қонунчилик палатаси ёки Сенатнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.
XIX боб. Ўзбекистон Республикасининг Президенти 89-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.
90-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади.