532-модда. Ҳукмни ижро этиш босқичида маҳкумнинг ҳуқуқлари
Ҳукмни ижро этиш босқичида маҳкум: судга ҳукмнинг ижросини кечиктириш ҳақида, касаллиги ёки ногиронлиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш ҳақида, жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш ва муддатидан олдин шартли озод қилиш ҳақида, жазони ижро этиш жойларида сақлаш шароитларини ўзгартириш ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа масалалар бўйича аризалар беришга; суд мажлисида иштирок этишга ва кўрсатувлар беришга, далиллар тақдим қилишга, илтимослар қилишга ва рад этишга; ишдаги барча материаллар билан танишишга, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар беришга ҳақли.
59-боб. ҲУКМ, АЖРИМ ВА ҚАРОРЛАРНИ ИЖРО ЭТИШДА ЮЗАГА КЕЛГАН МАСАЛАЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ
533-модда. Ҳукмнинг ижросини кечиктириш
Судья озодликдан маҳрум этилган шахсга нисбатан ҳукм ижросини қуйидаги асослардан бирортаси мавжуд бўлганда кечиктириши мумкин:
1) маҳкум жазони ўташига монелик қиладиган даражада оғир касал бўлиб қолганида — у соғайгунча;
2) ҳукмни ижро этиш пайтигача маҳкума ҳомиладор бўлиб қолса — бир йилдан ошиқ бўлмаган муддатга;
3) маҳкуманинг ёш боласи бўлса — у уч ёшга тўлгунга қадар;
4) жазони дарҳол ўташни бошлаш ёнғин ёки бошқа бирор табиий офат юз берганлиги, оиланинг меҳнатга яроқли ягона аъзоси оғир касал бўлиб қолганлиги, вафот этганлиги оқибатида ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар маҳкум ёки унинг оиласини жуда мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин бўлса — уч ойдан ошмаган муддатга.
Ҳукмнинг жарима солиш, фуқаровий даъвони қаноатлантириш ёки келтирилган зиённи қоплаш қисмининг ижро этилишини олти ойгача кечиктириш ёки тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш масаласини судья ишнинг муайян ҳолатларини ва маҳкумнинг моддий аҳволини эътиборга олиб ҳал қилади.
Ўта хавфли рецидивистларга ва ўта оғир жиноят содир этган шахсларга нисбатан ҳукмнинг ижросини кечиктириш мумкин эмас.
534-модда. Касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳкум жазони ўтаётган вақтида жазони ўташга монелик қиладиган руҳий ҳолатининг сурункали бузилиши юзага келган ёки бошқа оғир касалликка дучор бўлган тақдирда судья жазонинг ижро қилинишига мутасадди органнинг тақдимномасига биноан, махсус тиббий комиссиянинг хулосасига асосан маҳкумни ўталмай қолган жазони ўташдан озод қилиш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақлидир.
(534-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 сентябрдаги ЎРҚ-567-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.09.2019 й., 03/19/567/3737-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Руҳий ҳолатининг сурункали бузилиши юзага келган маҳкумни ўталмай қолган жазодан озод қилишда судья унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини тайинлашга ёхуд уни соғлиқни сақлаш органлари ёки қариндошлари васийлигига беришга ҳақлидир.
(534-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 сентябрдаги ЎРҚ-567-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.09.2019 й., 03/19/567/3737-сон)
Бундай шахслар соғайган тақдирда, башарти бу ҳол жазонинг ижро этиш муддати тугашига қадар содир бўлса, суд тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахслардан ташқари, оғир касалликка дучор бўлган шахсларни ўталмай қолган жазодан озод қилиш масаласини ҳал этишда судья содир этилган жиноятнинг оғирлигини, маҳкумнинг шахсини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олади.
(534-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 сентябрдаги ЎРҚ-567-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.09.2019 й., 03/19/567/3737-сон)
Маҳкумни ўталмай қолган жазодан касаллиги туфайли озод қилганда судья уни фақат асосий жазодан эмас, балки қўшимча жазо чорасидан ҳам озод қилишга ҳақли, бу ажримда кўрсатилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |