447-модда. Таниб олиш учун кўрсатиш, эксперимент ўтказиш, эксперт текшируви учун намуналар олиш
Суд терговида таниб олиш учун кўрсатиш, эксперимент ўтказиш ва эксперт текшируви учун намуналар олиш ушбу Кодекснинг 125 — 131, 153 — 156, 188 — 197-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ўтказилади. Тарафлар шу суд ҳаракатлари муносабати билан илтимослар қилишга ва ўз мулоҳазаларини билдиришга ҳақлидирлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Суд ушбу ҳаракатларни ўтказишда кўмаклашишни суриштирувчи ёки терговчидан талаб қилишга ҳақлидир.
(447-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 сентябрдаги ЎРҚ-442-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 36-сон, 943-модда)
Таниб олиш учун кўрсатиш, эксперимент ўтказиш ҳамда намуналар олиш жараёни ва натижалари, шунингдек мазкур суд ҳаракатларининг юритилиши муносабати билан билдирилган илтимослар, мулоҳазалар ва тушунтиришлар суд мажлисининг баённомасида қайд қилинади.
448-модда. Суд терговининг тамомланиши
Барча далиллар текшириб чиқилганидан кейин раислик қилувчи тарафлардан улар суд терговини тўлдирмоқчиларми ва тўлдирмоқчи бўлсалар, нима билан тўлдирмоқчи эканликларини сўрайди. Башарти бу ҳақда илтимос қилинса, суд уни муҳокама қилади ва ҳал этади.
Илтимосларни қаноатлантириш учун зарур бўлган қўшимча ҳаракатлар бажарилганидан сўнг раислик қилувчи суд терговини тамом бўлган деб эълон қилади.
53-боб. ТАРАФЛАРНИНГ МУЗОКАРАСИ ВА СУДЛАНУВЧИНИНГ ОХИРГИ СЎЗИ
449-модда. Тарафлар музокарасининг мазмуни ва тартиби
Суд тергови тамомланганидан сўнг суд тарафларнинг музокарасини эшитишга ўтади. Музокара давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили сўзга чиқади.
Давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг, шунингдек ҳимоячи ва жамоат ҳимоячисининг сўзга чиқиш навбатини суд уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда белгилайди.
Тарафлар ўзларининг нутқларида суд терговида кўриб чиқилмаган далилларни келтиришга ҳақли эмас. Текшириш учун судга янги далилларни тақдим этиш лозим бўлса, тарафлар суд терговини янгидан бошлаш тўғрисида илтимос қилишлари мумкин.
Давлат айбловчиси суд терговининг якунларини инобатга олиб, ўз нутқида судланувчининг айблилиги ёки айбли эмаслиги тўғрисидаги хулосасини асослантириши лозим. Давлат айбловчиси судланувчи айбли деган хулосага келганда, унга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган жазо тури ва меъёри ҳақида судга ўз фикрини баён қилади.
Тарафлар нутқ сўзлаб бўлганларидан кейин, улардан ҳар бири бошқа тарафнинг нутқларида айтилган масалалар юзасидан эътирозлар ёки мулоҳазалар билан яна бир мартадан сўзга чиқишлари мумкин. Сўнгги эътироз билдириш ҳуқуқи ҳамиша ҳимоячи ва судланувчига берилади.
Суд тарафларнинг музокарасини муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин эмас, лекин раислик қилувчи музокарада иштирок этаётган шахсларнинг нутқларини, башарти улар кўрилаётган ишга дахли йўқ ҳолатларга тааллуқли бўлса, тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |