209-модда. Пул, қимматли қоғозлар, валюта бойликлари ва заргарлик буюмларини сақлаш учун топшириш
Ишга ашёвий далил сифатида қўшиб қўйилган пул, қимматли қоғозлар, валюта бойликлари, заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металлардан, қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмлар, шунингдек бундай буюмларнинг резгилари топилганда мутахассис иштирокида кўздан кечирилиши ва белгиланган тартибда сақлаш учун топширилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаровий даъвони таъминлаш мақсадида ёхуд гаров тариқасида олиб қўйилган ёки қабул қилинган пуллар уч суткадан кечиктирмай суриштирув, дастлабки тергов органи ёки суднинг депозит ҳисобига топширилиши шарт.
(209-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги 254-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 9-10-сон, 165-модда)
210-модда. Жиноят ишини юритиш тамом бўлгунга қадар ашёвий далиллар тўғрисида қабул қилинадиган қарорлар
Ашёвий далиллардан: тез бузиладиган нарсалар, кундалик рўзғорда зарур бўладиган нарсалар; уй ҳайвонлари, паррандалар ва боқиш лозим бўлган бошқа ҳайвонлар зарур тергов ҳаракатлари ўтказилгач, кечиктирмай эгаларига қайтариб берилиши лозим.
Тез бузиладиган нарсалар ёки уй ҳайвонлари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларнинг қонуний эгаси ёхуд мулкдори номаълум бўлган ёки бошқа сабабларга кўра уларни қайтариб бериш мумкин бўлмаган ҳолларда улар қараб туриш ёки белгиланган мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун тегишли корхона, муассаса, ташкилотга топширилиши лозим.
211-модда. Жиноят ишини юритиш тамом бўлганлиги муносабати билан ашёвий далиллар тўғрисида қабул қилинадиган қарорлар
Ҳукмда, шунингдек жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ажримда ёки қарорда ашёвий далиллар масаласи қуйидаги қоидаларга риоя этилган ҳолда ҳал қилинади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1) гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши керак ва улар тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек меросхўрларига қайтариб берилади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулкнинг қонуний эгалари, мулкдорлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари, худди шунингдек меросхўрлари аниқланмаган тақдирда, ушбу мол-мулк давлат даромадига ўтказилади;
(211-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 16 октябрдаги ЎРҚ-448-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 2017 й.)
2) муомаладан чиқарилган ашёлар тегишли муассасаларга берилиши лозим ёки йўқ қилиб юборилади;
3) ҳеч қандай қимматга эга бўлмаган ашёлар йўқ қилиб юборилади, манфаатдор шахслар ёки муассасалар илтимос қилган ҳолларда эса уларга берилиши мумкин;
4) жиноят ёки бошқа ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир қилиниши натижасида қонуний эгаси ва мулкдоридан маҳрум бўлиб қолган пуллар ёки бошқа бойликлар қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқ ворисларига, шунингдек меросхўрларига қайтариб берилиши лозим;
5) жиноий йўл билан орттирилган пуллар ва бошқа бойликлар суднинг ҳукмига биноан жиноят натижасида етказилган мулкий зарарни қоплашга ўтказилади, мулкий зарар кўрган шахс аниқланмаган тақдирда, давлат фойдасига ўтказилади;
6) ашёвий далил ҳисобланувчи ҳужжатлар уларни сақлаш зарурати тугагунга қадар ишда асраб турилади ёки манфаатдор шахсларга ёхуд муассасаларга берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |