11-модда. Судда ишни кўришнинг бевоситалиги ва оғзакилиги
(11-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Биринчи инстанция суди фуқаролик ишини кўраётганида ишга оид далилларни бевосита текшириши: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, экспертлар ва мутахассисларнинг хулосаларини эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт.
Ишни кўриш оғзаки равишда ўтади. Ишни кўриш жараёнида судья алмаштирилган тақдирда, иш бошидан қайта кўрилиши керак.
(11-модданинг 3-қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонунига мувофиқ чиқариб ташланган - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
12-модда. Ишларни амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш
Суд ишларни Ўзбекистон Республикасининг қонунлари асосида ҳал қилиши шарт. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларига зид бўлмаса, бошқа норматив ҳужжатларни ҳам қўлланади.
Суд қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатнинг ҳуқуқ нормаларини ҳам қўллайди.
Низоли муносабатни тартибга соладиган қонун бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган қонунни татбиқ этади, борди-ю, бундай қонун ҳам бўлмаса, республика қонун ҳужжатларининг умумий асослари ва маъносига таянади.
13-модда. Фуқаролик ишларининг якка тартибда ва ҳайъат томонидан кўрилиши
Барча биринчи инстанция судларида ишлар судьянинг якка ўзи томонидан кўрилади. Ишни судьянинг якка ўзи кўрганида, у суд номидан иш юритади.
Ишни апелляция ва кассация тартибида кўриш Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судида, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида уч нафар судьядан иборат таркибда, назорат тартибида кўриш эса Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ишлар апелляция, кассация тартибида ва назорат тартибида уч нафар судьядан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида - Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида - Пленум таркибининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда кўрилади.
(13-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сон Қонуни таҳририда - Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |