181-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари
Иш тўғрисида маъруза қилинганидан сўнг, суд даъвогар ва унинг томонида иштирок этувчи учинчи шахснинг, жавобгар ва унинг томонида иштирок этувчи учинчи шахснинг, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитади.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза берган прокурор, шунингдек бошқа шахслар арз қилган талаблари бўйича тушунтиришлар бериш ёки уларни асослаш учун биринчи бўлиб сўзга чиқадилар.
Ишда иштирок этувчи шахслар бир-бирларига саволлар беришга ҳақлидирлар.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёзма тушунтиришлари ва ушбу Кодекснинг 63, 65, 66 ва 72-моддаларида назарда тутилган тартибда суд олган тушунтиришлар ўқиб эшиттирилади.
182-модда. Далилларни текшириш тартибини белгилаш
Суд тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, гувоҳларни, экспертларни сўроқ қилиш ҳамда бошқа далилларни текшириш тартибини белгилайди.
183-модда. Гувоҳларни сўроқ қилиш тартиби
Ҳар бир гувоҳ алоҳида сўроқ қилинади.
Сўроқ қилинмаган гувоҳлар ишни кўриш вақтида суд мажлиси залида бўлишлари мумкин эмас.
Раислик қилувчи гувоҳни сўроқ қилишдан олдин унинг шахсини, ёшини, машғулот турини, шу ишга алоқасини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар билан ўзаро муносабатини аниқлайди, шунингдек уни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик, кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки бўйин товлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишинча 238 ва 240-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисида огоҳлантиради. Шундан кейин раислик қилувчи гувоҳга: «Иш юзасидан ўзим билган барча маълумотларни судга айтиб беришга қасам ичаман. Фақат ҳақиқатни, бор ҳақиқатни ва танҳо ҳақиқатни айтаман», деб ошкора қасамёд қилишни таклиф этади.
Гувоҳларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги тўғрисида улардан тилхат олинади. Қасамёд матни ва тилхат суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.
Раислик қилувчи гувоҳга иш бўйича шахсан ўзи билган маълумотларни судга айтиб беришни таклиф қилади. Шундан сўнг гувоҳга саволлар берилиши мумкин.
Гувоҳ кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ана шу шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, сўнгра эса, ишда иштирок этаётган бошқа шахслар гувоҳга саволлар беради. Суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга саволларни биринчи бўлиб даъвогар беради.
Судья (судьялар) гувоҳга у сўроқ қилинаётганида исталган вақтда савол беришга ҳақлидир.
Сўроқ қилинган гувоҳлар ишни кўриш тамом бўлгунига қадар суд мажлиси залида қолишлари лозим. Суд сўроқ қилинган гувоҳлар ишни кўриш тамом бўлмасидан олдин суд мажлиси залидан чиқиб кетишларига тарафларнинг розилиги билан рухсат бериши мумкин.
Зарур ҳолларда суд гувоҳни бир мажлиснинг ўзида ёки келгуси мажлисда такроран сўроқ қилиши, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувларида мавжуд бўлган зиддиятларни аниқлаш учун уларни юзлаштириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |