165-модда. Жавобгарни (қарздорни) қидириш
Алиментлар ундириш тўғрисидаги ва майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етказилганлиги, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгарнинг (қарздорнинг) амалдаги туриш жойи номаълум бўлган тақдирда, жавобгар (қарздор) қидирилиши шарт. Бундай ҳолларда суд ички ишлар органлари томонидан жавобгарни (қарздорни) қидириш тўғрисида ажрим чиқаради.
17-боб. Яраштириш тартиб-таомиллари
(17-бобнинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)
166-модда. Келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиш
Суд тарафларни яраштириш учун чоралар кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.
Тарафлар келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этиши мумкин.
Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Келишув битими фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.
Келишув битими ёки медиатив келишув ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини, медиатив келишувни тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.
(166-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)
167-модда. Келишув битимининг мазмуни
Келишув битими уни ижро этиш муддати ва тартиби кўрсатилган ҳолда тарафлар томонидан келишилган шартларни ўз ичига олиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг ижро этилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд уни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар бўлиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд мазкур масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳал қилади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |