460-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масаланинг апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши
Апелляция ёки кассация инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.
Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади.
(460-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-661-сон Қонуни таҳририда - ҚҲММБ, 13.01.2021 й., 03/21/661/0011-сон)
461-модда. Алоҳида тоифадаги ишлар бўйича қайтарма ижронинг ўзига хос жиҳатлари
Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича пул суммаларини ундириш тўғрисидаги, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш ҳақидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг вафот этиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади.
462-модда. Йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш
Йўқолган ижро ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок этган шахсларнинг, ижро ишини юритиш тарафларининг, давлат ижрочисининг, прокурорнинг аризасига кўра, шунингдек ижро ҳужжатини берган суднинг ёки бошқа органнинг ташаббуси бўйича тикланиши мумкин.
Йўқолган ижро ишини юритиш тўлиқ тикланади ёки унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади.
Йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза суд ҳужжати ижро этиладиган жойдаги судга берилади.
Аризада ижро ишини юритиш тўғрисидаги батафсил маълумотлар бўлиши керак. Аризачида сақланиб қолган ва ижро ишини юритишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари аризага илова қилинади.
Суд ишни кўраётганда ижро ишини юритишнинг сақланиб қолган қисмидан, иш йўқолгунига қадар ундан жисмоний ва юридик шахсларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ижро ишини юритишга дахлдор бўлган бошқа маълумотномалар ва ҳужжатлардан фойдаланади.
Суд ижро ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этган ёки ҳозир бўлган шахсларни гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.
Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхалари ижро ишининг тарафларига ва давлат ижрочисига юборилади.
Тўпланган материаллар йўқолган ижро ишини юритишни аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.
Аризачи йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилиши чоғида суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб ёлғон ариза берилганда суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |