«Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълим мактабларининг синф
раҳбарлари тўғрисида»ги низом
Ўзбекистон Республикаси Халқ Таълими вазирлигининг 2001-йил 9-ноябрдаги 163-сонли буйруғига илова
Умумий қоидалар
Умумий ўрта таълим муассасаларида синф раҳбари фаолияти Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонуни, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», Президент фармонлари, Хукумат қарорлари, халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли меъёрий хужжатлари талаблари ва ушбу низом асосида ташкил этилади.
Синф раҳбари мактабнинг тарбиявий тизимидаги таянч педагогларидан бири бўлиб, ўзига бириктирилган синф ўқувчиларининг амалда белгиланган таълим ва тарбия олишларини ташкил этади. Синф ўқувчиларининг маънавий ва маърифий тарбиясини ташкил этишда ўқитувчилар, болалар етакчиси, психолог, ота-оналар, шунингдек, мактаб раҳбарияти орқали вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳомийлик ва васийлик комиссиялари, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда иш ташкил этади. Синф раҳбари мактабда ва кенг жамоатчилик орасида синф ўқувчиларининг (ота-оналари билан биргаликда) тарбияланганлик даражасига жавобгар шахс ҳисобланади.
Унинг мақсади ҳар томонлама етук, баркамол-маънавий, ақлий, жисмоний ривожланган шахс тарбиясини амалга ошириш, синф ўқувчиларининг қобилиятларини тўлиқ намоён этишлари учун етарли педагогик шароит яратишдир. Бу борада мактаб педагогик ва ўқувчилар жамоаси ҳамкорлигида тарбиявий ишларни ташкил этишда ҳар бир ўқувчининг ўзига хос хусусиятларига қараб ёндошишни йўлга қўяди.
Бошланғич синф ўқитувчилари ўзига бириктирилган синфга раҳбар ҳисобланадилар. 5-9 синфларда синф раҳбарлари тажрибали ўқитувчилар орасидан мактаб маъмурияти томонидан танлаб олиниб, тайинланади.
Бир ўқитувчига фақат битта синф раҳбарлиги топширилади.
Синф раҳбари фаолиятини маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари назорат этади ва мувофиқлаштиради.
Синф раҳбарининнг вазифалари
Синф раҳбарининг асосий вазифаси - ўқувчиларнинг аҳил гуруҳларини, аниқ мақсадга йўналтирилган ишчан жамоани ташкил қила олиш ва уларни таълим-тарбияли шахслар, келажаги буюк давлатнинг ҳақиқий эгалари, комил инсонлар этиб вояга етказишдир. Синф раҳбарлари ўқувчиларига меҳрибон бўлиши, уларнинг ўсиб-улгайишларини педагогик кузатувлар асосида назорат этиши, ёрдамга муҳтож ўқувчиларга якка ҳолда ёндоша олиши лозим. Шу асосда улар қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик, меҳр-мурувват, масъуллият, ташаббускорлик, ишбилармонлик каби хислатларини уйғотади.
Синф раҳбари ишини ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ва умумий ривожланиш даражаларини, қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда, кенг қамровли тарбиявий ишлар ва аниқ мезонлар асосида ташкил этади.
Жумладан:
Ўқувчиларни Миллий ғоя ва маънавият асослари руҳида тарбиялаш йўналишида;
Ўқувчиларни Ватанга, Ўзбекистон Республикаси Президентига муҳаббат ва фидоийлик, Давлат рамзларига садоқат, Миллий ғоя руҳида тарбиялаш;
Ўқувчилар онгига ўзи туғилиб улгайган юртига, буюк аждодларимиз мероси ва халқимизнинг бугунги бунёдкорлик ишларига юксак эҳтиром туйғуларини сингдириш, юртимизда бунёд этилаётган иншоотларга, маърифат масканлари билан таништириб бориш;
Синфда ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш муҳитини яратиш, тарбия жараёнига бой маданий меросимиз, миллий одоб-аҳлоқ меъёрларини тадбиқ этиш, меҳнатга ижодий муносабатни тарбиялаш;
Ўқувчиларни ўзбек ва бошқа халқларнинг маданий, тарихий, миллий анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш;
Ота-оналар ва маҳалла билан ҳамкорликда:
Баркамол авлодни тарбиялашда «Маҳалла, мактаб ва оила ҳамкорлиги» концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, аниқ белгиланган режа асосида синф ота-оналар мажлисларини ўтказиб бориш;
Ўқувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, ота-онасиз болаларнинг, ҳомийлик ва васийликка берилган вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялаш;
Ўқувчиларнинг мактабга белгиланган либосда келишларини назоратга олиш;
Ўқувчилар кундаликларининг юритилишини назорат ва таҳлил қилиш, уларнинг ўқув қуролларини мавжудлиги ва сақлашларини кузатиб бориш;
Ўқувчиларнинг турар жойлари, уй шароитлари билан танишиш. Уларнинг соғлиги, маиший ҳолатларини ўрганиш, яхшилашга ёрдам бериш. Уйда ва мактабда маданий дам олишларига ва мустақил ишлашларига шароит яратишга ҳаракат қилиш;
Ўқувчиларни турли салбий диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларини олдини олиш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;
Синф ота-оналар қўмитаси билан ҳамкорликда умуммактаб ота-оналар мажлислари, конференциялар, давра суҳбатлари, мулоқотлар уюштириш. Синфда ўтказилган тарбиявий ишлар юзасидан педагогик кенгашларда ҳисобот бериш;
Дарсларга мунтазам келмайдиган, тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлашда уларнинг ота- оналари, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилиш;
Ўқувчиларда ота-оналар ва катталарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, камтарлик, саҳийлик ва саховатпарварлик, инсонларга ёрдам беришга тайёр туриш, меҳрибонлик, меҳнатсеварлик хислатларини сингдириб бориш.
Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мактабдан ва синфдан
ташқари фаолиятга жалб этиш бўйича:
Ўқувчиларни ҳар томонлама камол топтириш, уларни қизиқиш, имконият ва қобилиятларига қараб фан тўгараклари, спорт секциялари, бадиий-эстетик, техник, экологик, сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги тўгаракларга, клубларга жалб этиш;
Қобилиятли ва истеъдодли ўқувчиларни рағбатлантириш, иқтидорли болалар ижодий имкониятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
Ўқувчилар дунёқарашини миллий маданиятнинг асоси бўлган мусиқа ва қўшиқ, рақс, кино, адабиёт, халқ оғзаки ижоди, театр, наққошлик ва меъморчилик каби халқ амалий санъати турлари воситасида кенгайтириш мақсадида уларни маданият масканларига жалб этиш;
Ўқувчиларни ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш, шунингдек кузги, қишки ва баҳорги таътилларини мазмунли ўтказишлари учун шароит яратиш;
Ўқувчиларнинг маданий дам олишлари, саёҳатларини уюштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
Мактабда ўтказиладиган турли тадбирлар (байрамлар, кўрик танловлар, спорт мусобақалари, учрашувлар, кечалар ва бошқалар)да ўз синфининг фаол иштирокини таъминлашдир.
Ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
Синф жамоаси билан биргаликда синф фаолларини сайлаш ва синф ишларини режалаштириш, тарбиявий соатларни белгилаш, ўқувчилар давоматини мунтазам кузатиб бориш;
Синфда ўқувчиларни аҳил жамоага жипслаштириш ва ташаббускор ўқувчиларни қўллаб- қувватлаш, синф жамоасининг эҳтиёж ва қизиқишларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш;
Ҳар бир ўқувчининг ўзи учун кун тартибини тузишларни ташкил этиш, бу тартибнинг бажарилишини назорат қилиш;
Ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тузилмаларини, жумладан, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Камалак» болалар ташкилоти, болалар етакчиси, ўқувчилар ижодий бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, «Камалак» болалар ташкилотининг фаолияти, асосий мазмун-моҳияти ва жамиятдаги мавқеини тарғиб этиш;
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошлангич ташкилоти ҳамда «Камалак» болалар ташкилотларининг ҳисобот сайлов йиғилишларини белгиланган тартибда ўтказилишида сардорларга амалий ёрдам бериш;
Ўқувчилар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро, шахс ва мактаблар томонидан бажарилиши шарт бўлган қонун ҳужжатлари ҳақида тушунчалар бериб бориш, қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш;
Болалар ва ўсмирлар учун чоп этиладиган газета ва журналларни тарғиб этиш, обунани ташкил қилиш, синф деворий газетасини чиқарилишига кўмаклашиш.
Мактаб педагогик жамоаси билан биргаликда:
Синф ўқувчиларининг мактаб(уставида белгиланган) ички тартиб-қоидаларини бажаришларини таъминлаш;
Синф журналларининг ва бошқа зарурий ҳужжатларнинг тўғри юритилишини таъминлаш;
Ўқувчилар ўзлаштиришини юқори даражага кўтариш, тартиб-интизомни сақлаш мақсадида синф мажлисларини ўтказиб бориш;
Ўқувчиларнинг ўқишда эришган ютуқлари, умумий фойдали меҳнатда, мактаб ҳаёти ва жамоатчилик ишларида фаол қатнашганликларини эътиборга олиб тақдирлаш ҳақида таклиф бериш;
Соғлом турмуш тарзи, оилавий ҳаёт гигиенаси ҳамда жисмоний тарбия, зарарли одатлардан сақланиш каби масалаларга эътибор бериш;
Ўқувчиларнинг ўзлаштирмаслик сабабларини аниқлаш ва уни бартараф этиш учун фан ўқитувчилари билан биргаликда ёрдам бериш;
Педагогик жамоа, психологлар билан ҳамкорликда битирувчи синф ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш;
Мактаб тиббиёт ходимлари, ўқитувчилари, психолог, ота-оналар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, маънавий, маърифий, жисмоний ва ақлий жиҳатдан ривожланиш мувофиқлигини назорат қилиш;
Мактабда техника хавфсизлиги қоидаларига, санитария-гигиена тартибига, ўқувчиларни муҳофаза қилиш қоидалари талабларига риоя қилишни таъминлаш;
Шунингдек, ўз малакасини ошириб туриш, ўз соҳаси бўйича ўтказиладиган турли миқёсдаги семинарларда иштирок этиш каби вазифалардан иборат.
Синф рахбарининг ҳуқуқлари
Ўзига бириктирилган синф ўқувчиларининг дарс ва имтиҳонларида иштирок этади. Бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар учун қўшимча дарслар ташкил этилиши бўйича таклифлар беради.Ўқувчилар тарбиясига оид илғор иш тажрибаларини амалга ошириш бўйича мактаб маъмуриятига ташаббус билан чиқади.
Тарбиявий соатларни режалаштиришда ўқувчиларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиқиб, мактабнинг умумий режасига қўшимча ёки ўзгаришлар бўйича таклиф киритиши мумкин.
Синф фаоллари ишини назорат қилади. Ўқувчиларнинг синф йиғилишларини уюштиради ва синф фаоллари(кенгаши) билан биргаликда йиғилиш кун тартибини белгилайди.
Ўқувчиларнинг ўқишда эришган ютуқлари, умумий фойдали меҳнатда, мактаб ҳаёти ва жамоатчилик ишларида фаол қатнашганликларини эътиборга олиб тақдирлашга тавсия этиш ҳақида таклифлар беради.
Ўқувчиларнинг ота-оналари билан таълим-тарбия масалалари юзасидан суҳбатлашади, ҳамкорлик қилади, педагогик маслаҳатлар беради. Ўқувчилар хулқини баҳолайди.
Синф раҳбари иш режалари ва уларни ташкил этиш
Синф раҳбарининг иши режа асосида олиб борилади. Унинг иш режасини мактабнинг умумий режаси асосида директорнинг маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланади.
Синф раҳбарининг йиллик ишларини режалаштириш, синфда тарбиявий ишларни ташкил этиш ва ўтказишга ёрдам бериш, улар самарадорлигини ошириш, синф раҳбарлари ишларини мувофиқлаштириш, иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида мактабда синф раҳбарлари услубий бирлашмалари ташкил этилади. Синф раҳбарлари услубий бирлашмаларига мактабдаги барча синф раҳбарлари аъзо бўладилар.
Синф раҳбарларида ойлик, (ўқув йили бўйича) чораклик ва йиллик режалари, умумхалқ байрамларини ўтказиш бўйича тадбирлар режалари ва сценарийлари, тарбиявий соатлар учун намунавий машғулот ишланмалари, ўқувчиларни қизиқишлари асосида ижодий бирлашмалар (тўгараклар, спорт секциялари, клублар ва бошқалар)га жалб этиш дафтари, тарбияси оғир (мунтазам дарс қолдирадиган) ўқувчилар ҳамда иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш режалари, ота-оналар мажлиси баённомалари, ота-оналар билан суҳбат дафтари, ўқувчиларнинг турар жойлари, уларнинг ота-оналари ҳақида батафсил маълумотлар каби иш ҳужжатлари юритилиши лозим.
Шунингдек, синф раҳбари ўқувчилар шахсига оид маълумотлар (шахсий дело)ни шакллантиради ва сақлайди. Ўқув йили чораклари ва якуни бўйича ҳисоботлар беради. Синф раҳбарлари фаолият йўналишлари бўйича ҳисоботларини маънавий-маърифий тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига топширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |