3-§. Йўловчилар ташувчи транспорт воситаларига қўйиладиган талаблар 16. Автотранспорт воситаларининг техник ҳолати ва анжомлари тегишли стандартлар ҳамда техник фойдаланиш қоидалари талабларига жавоб бериши керак.
17. Автотранспорт воситалари Dst 974/2000 Ўзбекистон давлат стандартига мувофиқ анжомларга эга бўлиши керак.
4-§. Йўловчиларни ташувчи ҳайдовчиларга қўйиладиган талаблар 18. Автомобиль транспортида йўловчи ташувчи ҳайдовчилар Ўзбекистон давлат стандартларида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга жавоб беришлари керак.
19. Мунтазам қатновларни амалга оширувчи автобуслар ва йўналишли таксилар ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда:
тендер контрактига мувофиқ ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномага;
тегишли лицензияга (лицензия карточкасига);
йўналиш ҳужжатларига;
йўл варақаси ва чипталарни ҳисобга олиш варақасига;
йўл варақаларида йўлга чиқишдан олдин белгиланган тартибда ўтказиладиган автотранспорт воситасининг техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги қайдларга;
қатнов жадвалига ва йўналиш схемасига (шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда — унда аҳоли яшаш жойларидан ўтиш вақти, овқатланиш, дам олиш, тунги ухлаш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда) эга бўлиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг. Туристик-экскурсия қилиш йўналишларда ишлашда автобусларнинг ҳайдовчилари туристик йўналишга хизмат кўрсатиладиган қатнов йўли схемасига эга бўлишлари керак.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги 424-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 09/19/424/3170-сон) 5-§. Йўловчилар ташувчи автотранспорт воситалари ишини ҳисобга олиш 20. Қуйидагилар йўловчилар ташувчи автотранспорт воситалари ишини ҳисобга олувчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади:
а) автотранспорт воситасининг йўл варақаси;
б) шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро қатновчи (йўналишсиз таксилардан ташқари) автотранспорт воситаларининг чипталарни ҳисобга олиш варақаси;
в) автобус ва енгил автомобилларнинг буюртманомалар (буюртмалар) ва бошқа шартномалар бўйича ишлаши юзасидан топшириқнома;
г) чипталарни сотиш ведомости (йўналишсиз таксилардан ташқари).
21. Автотранспорт воситаларининг йўл варақалари ва чипталарни ҳисобга олиш варақалари ҳамда буюртманомалар (буюртмалар) ва бошқа шартномалар бўйича ишлаши юзасидан топшириқнома бланкалари қатъий ҳисобда турадиган бланкаларни ҳисобга олиш ва сақлаш қоидалари бўйича ҳисобга олинади ва ташувчида сақланади.
22. Йўл ҳужжатларида тузатишлар ва ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди. Ҳайдовчи гаражда, йўлда, оралиқ манзилларга кириб ўтишда ва охирги манзилларда йўл ҳужжатларидаги барча қайдларнинг тўғрилигини кузатиб бориши шарт.