ЎСМИРЛИК ДАВРИ ПСИХОЛОГИЯСИ
Ўсмирлик инсонни балоғатга етиш даври бўлиб, ўзига хос хусусияти билан камолотнинг бошқа поғоналаридан кескин фарқ қилади. Ўсмирда рўй берадиган биологик ўзгаришлар натижасида унинг психик дунёсида туб бурилиш нуқтаси вужудга келади. Балоғат даврига 11-15 ёшли қизлар ва ўғил болалар кирадилар. Камолотнинг мазкур палласида жисмоний ўсиш ва жинсий етилиш амалга ошади.
Ўсмирлик ёшида қизлар ва ўғил болаларнинг жисмоний қиёфасида муҳим ўзгаришлар рўй беради. Бу даврнинг бошланишида қизлар ўғил болаларга нисбатан тезроқ ўсиб улғаядилар. Бу нарса қиз болаларниг эртароқ жинсий балоғатга етишига боғлиқдир.
6, 7- синфларда новча, салобатли бўлиб кўринадиган бўйчанг қизлар билан ёнма-ён паст бўйли, серхаракат ўғил болалар тез ўсиб, қиз болалар билан тенглашиб оладилар. Юқори синфга ўтганларида эса улардан ўзиб кетадилар.
Ўсмирлик даврида ўғил блолаларнинг бўйи 25-30см, қиз болаларнинг бўйи 18-20 см ўсади. Бу даврда тананинг интенсив ўсиши юзага келади.
Маълумки, бўйига ўсиш, найсимон суяклар ва умуртқа поғонасининг узайиши хисобига рўй беради. Бу даврда найсимон суякларнинг охирги таянч қисмлари хали етарли даражада суяклашмаган, юмшоқ бўлади. Бу хусусиятларни назарда тутиш, ўсмирнинг спортнинг мураккаб оғир турлари билан шуғулланишига йўл қўймаслик керак. Акс холда боланинг умуртқа поғонаси қийшайиб, бўйи ўсмай қолиши мумкин.
Ўсмирлик ёшининг иккинчи даврида юз суяклари, айниқса унинг умуртқа қисми (бурун, юқори жағ, ёноқ) жуда тез шакллана бошлайди. Юз кейинчалик қарийиб ўзгармайдиган муайян шаклга киради. Оғиз бўшлиғи ва халқум ўзгаради, бўғизда ҳам ўзгариш рўй беради: овоз пайлари узаяди ва кучаяди. Натижада ўсмирларнинг, айниқса ўғил болаларнинг овози йўғон ва паст бўлиб қолади. «Овознинг бузилиши» ёш болаларга хос ўткир, овознинг нисбатан паст, катталарга хос овоз билан алмашинувидир.
Бироқ бу овозлар орасига хали боланинг ўткир овози қўшилиб ҳам туради. Катталар хазил билан ўсмирлар овозини «хўроз овози» деб атайдилар. Овознинг ўзгариши ўсмирнинг ўзини таажубга солади. Қизларнинг овози кескин ўзгармайди. Шундай бўлса-да қизларга хос ўткир, жаранглаган овоз аста-секин қизларнинг майин, текис ва нозик, салгина пасайган овозига ўз ўрнини беради.
Ўсмирлик ёшида мускул системасининг ўсиши ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Мускуллар тез ўсиб, мустахкамланиб боради. Оёқ ва қўл суякларининг ўсишдан орқада қолади. Ўсмирларнинг мускуллари хали ингичка, нисбатан кучсиздир. Натижада ўсмирнинг гавдаси номутаносиб, харакатлари, юриши нотекис, бесўнақай бўлади. Оёқ товонлари тез ўсади. Оёқлар узун, мускуллар нозик бўлганидан ўсмир юришидаги бесўнақай бўлади. Ўсмирларда ўз мускулларини ўстиришга зўр иштиёқ туғилади. Улар оғир нарсаларни кўтарадилар. Мускулларини ўстирадиган машқлар билан шуғулланадилар. Ўсмирлик даврида нафас олиш органлари жадал ривожланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |