Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчилари таълим олишлари билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда уларнинг таълимни давом эттиришлари ёки эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратиш, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисидаги низом 1-иловага;
Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини жиҳозлаш учун талаб этиладиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар рўйхати 2-иловага;
2018 — 2020 йилларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш дастури 3-иловага;
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хонасини жиҳозлаш учун талаб этиладиган асбоб-ускуналар рўйхати 4-иловага;
Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этишни мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этишни мувофиқлаштирувчи кенгаш:
2018 — 2020 йилларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш дастурида назарда тутилган параметрларни амалга ошириш юзасидан доимий мониторинг юритилишини;
зарурат бўлганда мажмуаларни жиҳозлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилишини таъминласин.
4. Мажмуада касбий таълим беришнинг вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
ўқувчилар томонидан касб-ҳунар кўникмаларининг ўзлаштирилишини таъминлаш, махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касбларни ўргатиш орқали уларнинг касб-ҳунар олишга бўлган эҳтиёжини қондириш;
касбий таълим бериш жараёнида «уста-шогирд» анъаналари, маҳаллий ва хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда энг мақбул усуллардан фойдаланиш ҳамда касбларнинг малака талаблари ва касбий таълим бериш жараёнининг методик таъминотини такомиллаштириб бориш;
касбий таълим бериш жараёнига инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали касбий таълим бериш сифатини таъминлаш;
ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаган ҳолда меҳнат жараёнини ташкил этиш кўникмаларини шакллантириш орқали уларнинг меҳнат фаолияти билан фаол шуғулланиши имконини берувчи касб эгаси бўлишларини таъминлаш;
меҳнат бозори учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этилмайдиган касблар бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлашни таъминлаш.
5. Қуйидагилар 2018 — 2020 йилларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш дастурини молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
халқаро ва хорижий молия ташкилотларининг маблағлари, шу жумладан, имтиёзли хорижий кредитлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Белгилаб қўйилсинки:
мажмуа Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этилади;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган мажмуалар ушбу таълим муассасасининг ўқув бинолари, шу жумладан синф хоналари ва устахоналаридан бепул фойдаланади;
ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган мажмуаларда касбий таълим бериш жараёнини сифатли ташкил этиш учун етарли шарт-шароитлар яратишга тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори масъул ҳисобланади;
мажмуаларда касбий таълим бериш жараёнини ташкил этиш учун ўқувчилар гуруҳларини шакллантириш ҳамда ўқувчилар давомати устидан доимий назорат ўрнатишга тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари ва умумий ўрта таълим муассасаси директори масъул ҳисобланади;
ишлаб чиқариш таълими усталари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш харажатлари мажмуа фаолият юритаётган таълим муассасасининг харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда:
25 кун муддатда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан олисда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этиладиган мажмуаларни касбий таълим соҳасида амалий-методик иш тажрибасига эга бўлган малакали педагог кадрлар ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда мажмуада ўргатиладиган касблар бўйича малака талаблари, машғулотлар режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин;
икки ой муддатда битирувчиларга умумий ўрта таълим муассасаларини тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатнома билан бирга мажмуада ўргатилган касблар бўйича диплом берилиши тўғрисида ўқувчилар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширсин;
б) Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йилги Давлат бюджети параметрларини шакллантириш билан боғлиқ муддатларда кейинги йил учун мажмуаларни жиҳозлашнинг манзилли дастурини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) икки ой муддатда Молия вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мажмуаларда ўтиладиган дарс жараёни учун талаб этиладиган хомашё материаллари билан таъминлаш меъёрларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг оптималлаштирилиши, айримларида ўқувчилар сонининг камайиб кетиши муносабати билан ўқув бинолари, синф хоналари, техник воситалар ва ўқув-лаборатория жиҳозлари умумий ўрта таълим мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга берилишини ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминласин;
д) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, иш берувчиларнинг таклифига асосан мажмуаларда ўқувчиларга ўргатиладиган касблар рўйхатини меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида қайта кўриб чиқсин, зарур ҳолларда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
е) Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда мажмуаларда ўргатиладиган касблар бўйича босқичма-босқич ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги мажмуаларни жиҳозлаш мақсадида халқаро ва хорижий молия ташкилотлари маблағларини ҳамда имтиёзли хорижий кредитларни жалб этиш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ушбу қарорда назарда тутилган харажатлар учун зарур маблағларни 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида «Таълим» соҳасига назарда тутилган маблағлар доирасида ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ушбу соҳага ажратилган маблағлар доирасида назарда тутсин;
ушбу қарордан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил учун тасдиқланган харажатларига тегишли ўзгартиришлар киритсин;
2018 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришни ташкил этиш мақсадида мажмуаларни зарур хомашё ва материаллар билан таъминлаш харажатлари учун маблағлар ажратилишини таъминласин.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
икки ҳафта муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда таълим муассасаларида ташкил этиладиган мажмуаларнинг жойлаштирилишини тасдиқласин;
бир ой муддатда мажмуаларда ўргатиладиган касбларни ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқлаштирсин ҳамда 2019 йилдан бошлаб мактаб битирувчиларининг эгаллаган касблар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
11. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.И. Иноятов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори М.М. Холмухамедов зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 24 октябрь,
868-сон