XI. Аннуитетлар шартномасини ўзгартириш ва муддатидан олдин тўхтатиш
71. Аннуитетлар шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи иш берувчига (аннуитентларга) киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда қайта расмийлаштирилган аннуитетлар шартномаси бўйича суғурта полисини бериши шарт. Бунда аннуитетлар шартномаси бўйича илгари берилган суғурта полиси (полислари) ўз кучини йўқотади.
72. Аннуитетлар шартномаси қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тўхтатилади:
а) суғурта мукофоти аннуитетлар шартномасида белгиланган муддатда ва миқдорда тўланмаганда;
б) аннуитент аннуитет шартномаси амал қилган даврда вафот этганда;
в) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
73. Аннуитетлар шартномаси муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда қоплов пули иш берувчига тўланади. Бунда иш берувчи кўрилган зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга кўрилган зарарни ундириш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Аннуитент вафот этган вақтда иш берувчи тугатилган тақдирда товон пули Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланади. Бунда аннуитентнинг вафоти муносабати билан кўрилган зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга уни тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
XII. Суброгация
74. Иш берувчи мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчи томонидан ундирилган зарарлар бўйича жавобгар бўлган шахсга нисбатан эга бўлган талаб қилиш ҳуқуқи суғурта товонини тўлашни амалга оширган суғурталовчига у тўлаган сумма доирасида ўтади.
Иш берувчи суғурта товонини олишда суғурталовчига унинг суғурта ҳодисаси юзага келишида айбдор бўлган шахсга нисбатан қайта талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун барча зарур ҳужжатларни бериши шарт.
Агар иш берувчи суғурталовчи томонидан ундирилган зарар юзасидан жавобгар бўлган шахсга нисбатан ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечса ёки ушбу ҳуқуқни амалга ошириш иш берувчининг айбига кўра мумкин бўлмай қолса суғурталовчи иш берувчидан суғурта товонининг тўланган суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақлидир.
XIII. Суғурталовчини ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчини алмаштириш
75. Суғурталовчини ва (ёки) аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчини алмаштиришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
суғурталовчи ёки аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда;
суғурталовчига ёки аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчига нисбатан банкротлик таомили қўлланганда;
суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тугатилганда ёки у бекор қилинганда.
Суғурталовчини ва (ёки) аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчини алмаштириш махсус ваколатли давлат органининг розилиги билан амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |