Инсониятнинг қадимий ҳаёт тарзи, қийинчиликлари, муаммолари, орзу-истаклари мифологик образлар ва афсоналарда ўз аксини топган. Мавжуд воқелик инсоннинг ижоди билан бирга унинг ҳаёт тарзи, диний қарашлари, урф-одатларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган. Турли халқ ва қабилаларнинг ҳаётида асосий ўрин тутган ҳайвон ёки буюмнинг илоҳийлаштирилиши натижасида фетишизм, тотемизм, анимизм каби дин шакллари юзага келди. Космогоник сюжетлар ибтидоий мифологияда катта ўрин эгаллаган. Яъни ер ва осмон, қуёш ва ой, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг инсон ҳаётидаги ўрни диний тасаввурларда намоён бўлган. Ҳаёт ва ўлим, табиат ва маданият, аёл ва эркаклар орасидаги алоқалар ибтидоий мифологияда тасвирланган.
Теологик ёндашувга кўра, турли буюмларга сиғиниш ва кўпхудолик, жумладан анимизм, тотемизм, фетишизм ва шомонлик яккахудолиликдан кейин юзага келган.
Неолит – янги тош даври, янги тош ишлаш, янги усуллар даври бўлиб, у одамларнинг турмушини, уларга таъсир этадиган барча соҳаларни тубдан ўзгартирди. Деҳқончилик-зироатчилик, чорвачиликнинг ривожланиши, ўсимликларни етиштириш, озуқа заҳираларини кўпайтириш, ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатиш одамлар ҳаётида озуқа заҳираларини яратиш, гўшт, сут, теридан фойдаланишни ўргатди. Лойдан идишлар, уй қуриш учун фойдалана бошланди. Тош буюмларни силлиқлаш ва сайқал бериш шаклланди. Кишилар ўтроқ ҳаёт кечиришга ўта бошлаб, зич ва кўпчилик гуруҳлар билан ўрнашарди. Қишлоқлар кенгайиб, атрофларида кичик қишлоқчалар юзага кела бошлади. Аҳоли кескин кўпайиши янги ерларни ўзлаштиришга, ҳаёт тарзининг ўзгариши диний тасаввурларнинг ривожланишига янги имкониятлар яратди.
Деҳқончиликнинг эҳтиёжлари – ҳосилни узоқ вақт сабрсизлик билан кутиш, аниқ вақтни ҳисоблаш муҳимлигини, ер фаслларининг циклларини билиш – буларнинг ҳаммаси деҳқон қабилаларининг осмону ерга, қуёшу ойга, ёмғиру шамолга янги қизиқишининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Қудратли руҳларга боғлиқлик сезиларли ва кўзга ташланадиган бўлиб қолди. Илтижо ва қурбонлик уларга аталди. Натижада руҳлар қудратли худоларга айлана борди. Худолар учун ибодатхоналар ташкил этилиб, уларга махсус мутахассис хизматкорлар – келажакдаги коҳинлар хизмат қиларди. Баъзи худоларнинг кўриниши ҳайвон, қуш, балиқларнинг ё боши, ё танаси шаклида бўларди. Мифологик жиҳатдан бу қаҳрамонларнинг худога қариндошлиги сақланиб қолган. Фетишизмнинг характери ўзгариб, илоҳларнинг бутлари ибрдатхоналар ёнига ўрнатилган йирик ҳайкаллар шаклига айланди.
Баъзан бутлар ўрнига рамзий ҳайкалчалар, турли шаклдаги тошлардан фойдаланилди. Мазкур ҳайкал ва қурилмалар ибодатхоналарнинг рамзи бўлиб қолди.
Афсун ҳам ўзгариб, афсунгарлар энди илоҳлар билан алоқа маросимлари, диний маросимлар, ибодат ва қурбонлик қилиш тартиблари юзага келди. Фол очиш ва башорат қилиш каби янгиликлар вужудга келди. Фол ва башоратнинг мақсади истакни билиш эди.
Хулоса қилиб айтганда, барча илмий адабиётларда диннинг пайдо бўлиши борасида билдирилган фикрлар илмий гипотезалардан иборат. Диний адабиётлардаги ушбу масаланинг талқини эса ҳар бир инсоннинг диний эътиқодига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |