Маздакийлик Эронда ва унга қўшни мамлакатларда илк ўрта асрларда тарқалган. Асосчиси – Маздак (470-529). Таълимотнинг асосий ғоялари III аср охирларида пайдо бўлган.
Унинг таълимотига кўра, дунё жараёнларининг замирида оқилона қонуният асосида ҳаракат қиладиган ёрқин ва эзгу ибтидо билан бетартиблик ва бебошлик, айқаш-уйқашлик тарзида намоён бўладиган нурсиз ёвуз ибтидо ўртасида муросасиз кураш боради. Бу кураш, албатта, эзгулик фойдасига ҳал бўлади.
Маздакийлик таълимоти бир қарашда жамият аъзоларини ўзаро ёрдамга, адолат ва тенгликка чақирган. Бойликка ружу қўйишни, шахс манфаатлари учун курашни инкор этган. Худо олдида ҳар қандай инсон тенг, жамият бойликлари ҳамма учун баробар, деб тарғиб қилган. Таълимот ўз наздидаги ижтимоий тенгсизликни йўқотиш учун курашган. Ушбу тенгсизликни ёвузлик аломати деб ҳисоблаган. Одамларнинг ижтимоий-иқтисодий тенгсизлигига барҳам бериш учун куч ишлатишга рухсат берган. Бунинг оқибатида, милодий V аср охирларида маздакийлик ҳаракати Марказий Осиё ва Эрон ҳудудларида кенг ёйилган халқ қўзғолонига айланиб кетган.
Маздакийлик ҳаракати 490-530 йиллар орасида Сосонийлар Эронида давлат миқёсига чиқди. Бу даврда Эронда сосонийлар сулоласи вакилларининг мавқеи пасайиб, чин ҳокимият амалда йирик зодагонлар ҳамда зардуштий руҳонийлари қўлига ўтган. Ижтимоий-иқтисодий нотенглик, меҳнат аҳлининг қаттиқ эзилиши ҳисобига бойликни бир гуруҳ зодагонлар ихтиёрида тўпланиши рўй берган эди. Бунинг устига Эрон салтанати ҳарбий муносабатларда, айниқса, Марказий Осиёда шаклланган эфталитлар давлати билан ҳарбий-сиёсий тўқнашувларда муваффақиятсизликка учради. Ҳарбий харажатларнинг кўпайиб кетиши, мамлакат хўжалигининг танг аҳволга келиши халқ норозилигига сабаб бўлди. Натижада, Маздакнинг ижтимоий тенглик ғоялари маздакийликнинг ғоявий байроғига айланди.
Маздакчи қўзғолончилар зодагонлар мулкларини босиб олиб, оч-наҳор, яланғоч, қашшоқларга улашиб бера бошладилар.
Сосоний подшоларидан Қубод I аввалига зодагонларнинг ҳокимиятдаги таъсирини тугатиш учун Маздак ва унинг тарафдорларини қўллаб-қувватлади. Чунки уни 496 йилда зодагонлар – зардуштий диндорлар тахтдан ағдариб ташлаган эдилар. Ниҳоят, 499 йили Қубод I маздакийлар ёрдамида тахтни қайта эгаллади. Ҳокимият атрофида маздакийлар мавқеи кучайди. Маздакийларнинг раҳбари сифатида Маздак Қубод ҳукуматида энг олий даражага эришди. Мамлакат бўйлаб маздакийлар бойларни талон-тарож қилишда давом этишди. Ниҳоят, бу вазият зодагонларни ҳам ўз мулклари ва ижтимоий мавқеларини ҳимоя қилиш чораларига мажбур этди. Қубод ҳукмдорлигига қарши кучли оппозиция туфайли Қубод I зимдан зодагонлар билан тил бириктира бошлади. У ўз вориси Хусравни маздакийларга қарши отлантирди. VI асрнинг 30-йиллари арафасида Хусрав Маздак ҳаракатини, хусусан, унинг бошчилигидаги қўзғолонни бостиришга эришди. Маздак ўлдирилди.
Маздакийлик диний-фалсафий, ижтимоий ҳаракати тарихчилар эътиборини асрлар давомида ўзига жалб қилиб келган. Бир томондан, маздакийлик демократик, содда коммуначилик ғоялари ва ҳаракат усуллари билан омма учун жозибадор кўринган бўлса, иккинчи томондан, бу ҳаракат, тақдири илоҳга қарши исён кўтариш билан тенг эди.
Маздак ва унинг диний-фалсафий ақидалари орасида мулк умумийлиги ва тенглигини тарғиб қилиш каби банд алоҳида ўрин тутган. Бу қоидага кўра, жамиятда аёллардан барча учун умумий мулк сифатида фойдаланиш ҳам кўзда тутилган. Лекин бу қоида ҳаётга қанчалик татбиқ этилгани маълум эмас. Тадқиқотчилар эса бу қоидани зодагонлар орасидаги юзлаб аёллардан иборат ҳарамлар тутиш одатига қарши қўлланган, деб ҳисоблайдилар.
Маздакийлик диний ғоя ёки диний таълимотдан кўра, кўпроқ чуқур ижтимоий-иқтисодий сабаблар заминида юзага келган диний-сиёсий ҳаракат бўлиб, халқ оммасининг орзуларини амалга ошириш йўлидаги уринишлари асосига қурилган эди. Аммо бу ҳаракат ўз олдига қўйилган мақсадга эриша олмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |