Bog'liq ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҚАРОРИ
2-боб.Аттестацияни ташкил этиш ва аттестация
комиссияларини тузиш
14. Психологик хизмат ходимлари асосий иш жойи бўйича аттестацияга жалб этилади.
Таълим муассасаларида ўриндошлик асосида ишлаётган ва асосий иш жойи бўйича бошқа таълим муассасасида психологик фаолият билан шуғулланмайдиган психологик хизмат ходимлари ўриндошлик асосида фаолият юритаётган таълим муассасаси бўйича аттестацияга жалб этилади.
15. Психологик хизмат ходимларининг малака тоифалари таълим муассасаларининг бир туридан бошқасига ишга ўтганида сақланади.
16. Психологик хизмат ходимлари олий маълумоти, илмий даража олганлиги ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломда (кейинги ўринларда диплом деб юритилади) кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликлари бўйича аттестациядан ўтади.
17. Таълим муассасалари раҳбарлари аттестациядан ўтувчиларнинг ҳар бири учун алоҳида ҳужжатлар йиғмажилди тайёрлайди.
Ҳужжатлар йиғмажилдида аттестациядан ўтувчининг аризаси, таълим муассасасининг раҳбари томонидан берилган тавсиянома (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган бўлса), паспорти, дипломи, аттестациядан ўтганлиги тўғрисида олган ва амалда фойдаланаётган сертификати (агар мавжуд бўлса), малака оширганлиги ҳақидаги сертификати нусхалари, маълумотнома, сўнгги бир йил давомида ўтган тренинг машғулотларининг таҳлиллари, очиқ машғулотлар ўтганлиги, эришган ютуқлари (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотлар тўпланади.
18. Психологик хизмат ходимлари аттестацияси халқ таълими бошқармалари аттестация комиссиялари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари аттестация комиссиялари ва тегишли олий тълим муассасаларидаги аттестация комиссиялари (кейинги ўринларда аттестация комиссиялари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
19. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида (кейинги ўринларда халқ таълими бошқармалари деб юритилади) олий малака тоифасига талабгор психологик хизмат ходимлари аттестациясини ўтказиш учун халқ таълими бошқармалари аттестация комиссиялари тузилади.
Халқ таълими бошқармалари аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланади.
20. Қуйидагилар халқ таълими бошқармалари аттестация комиссияларининг вазифалари ҳисобланади:
олий малака тоифасига талабгор психологик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш;
туман (шаҳар) аттестация комиссияларининг биринчи ва иккинчи малака тоифасига талабгор психологик хизмат ходимлари аттестацияси якунлари бўйича ҳисоботларини таҳлил қилиш;
олий, биринчи ва иккинчи малака тоифали психологик хизмат ходимларига сертификатлар олиш учун Давлат инспекциясига буюртманома бериш ҳамда аттестация ўтказилгандан сўнг бир ой муддатда психологик хизмат ходимларини сертификатлар билан таъминлаш.
21. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида биринчи ва иккинчи малака тоифасига талабгор психологик хизмат ходимлари аттестациясини ўтказиш учун туман (шаҳар) аттестация комиссиялари тузилади.
Туман (шаҳар) аттестация комиссиялари таркиби халқ таълими бошқармалари буйруғи билан тасдиқланади.
22. Қуйидагилар туман (шаҳар) аттестация комиссияларининг вазифалари ҳисобланади:
биринчи ва иккинчи малака тоифасига талабгор психологик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш;
биринчи ва иккинчи малака тоифали психологик хизмат ходимларига сертификатлар олиш учун халқ таълими бошқармалари комиссияларига буюртманома бериш.
23. Аттестациядан ўтувчи психологик хизмат ходимлари аттестация комиссиялари таркибига киритилмайди.
24. Аттестация комиссиялари раислари ва аъзолари аттестация ушбу Низом талабларига ҳамда аттестация жадвалига мувофиқ ўтказилиши учун масъул ҳисобланадилар.