9. Таълим муассасасида психологик хизмат муассаса директорининг буйруғига мувофиқ ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 1-3 штат бирлигидан иборат таркибда ташкил этилади.
Психологик хизмат битта ходимдан ортиқ таркибда ташкил этилганда улардан бирига психологик хизмат раҳбарлиги юклатилади.
10. Психологик хизмат ходими тегишли равишда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими билан келишган ҳолда таълим муассасаси директори томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Психологик хизмат ходими билан меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат шартномаси тузилади.
Психологик хизмат ходими лавозимига қўйиладиган малака талаблари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
томонидан белгиланади.
11. Таълим муассасаларида психологик хизмат назорати бевосита таълим муассасаси раҳбари томонидан амалга оширилади.
Психологик хизмат ходимлари таълим муассасасининг педагогик жамоа билан биргаликда ўқувчиларнинг психологик ҳолати, муассасанинг психологик муҳити, коррекцион-ривожлантирувчи ва профилактик тадбирларнинг амалга оширилиши, касбга йўналтириш ва ташхислаш фаолияти учун масъулдирлар.
12. Психологик хизмат ходимининг ўз фаолиятини амалга ошириши таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига ҳамда ўқув дастури
ва режасида белгиланган дарс машғулотлари ўтказилишига халақит бермаслиги лозим.
13. Таълим муассасаларида психологик хизмат ходими учун ҳафтасига 40 соатли иш тартиби жорий этилади.
14. Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан психологик хизмат ходимининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилади.
15. Психологик хизмат ходимлари малакасини ошириш умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари учун тегишли ҳудуддаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида ҳар уч йилда камида бир марта бепул амалга оширилади.
16. Психологик хизмат ходимларининг фаолияти умумий ўрта таълим муассасаларида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг методист-психологлари томонидан, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари методист-психологларининг фаолияти тегишли равишда ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг ўқувчиларни касбга йўналтириш ва педагогик-психологик ташхис бўйича методистлари томонидан, ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг ўқувчиларни касбга йўналтириш ва педагогик-психологик ташхис бўйича методистлари фаолияти Республика ташхис маркази томонидан назорат қилиб борилади.
17. Психологик хизмат ходимларининг асосий вазифалари ва функциялари қуйидагилардан иборат:
таълим муассасаси уставига амал қилиш;
ўқувчилар томонидан ўқув дастурларининг муваффақиятли ўзлаштирилишига таъсир қилувчи омилларни аниқлаш;
ўқувчилар, ота-оналар ва педагогларга таълим ва тарбия вазифалари бўйича консультация (маслаҳат) бериш;
ўқувчиларда хулқ оғишларини бартараф этиш борасида профилактик, ривожлантирувчи ва коррекцион ишларни амалга ошириш;
психологик диагностика ишларини ўтказиш; ўтказилган диагностик методикалар натижалари бўйича шахсий маълумотлар банкини шакллантириш;
ота-оналар ва педагогик жамоанинг психологик маданиятини ошириш тадбирларини ташкил этиш;
мактаб педагогик кенгашларида, директор хузуридаги йиғилишларда, тиббий-педагогик консилиумларда иштирок этади;
психологик этика тамойилларига амал қилиш.
18. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимида психологик хизмат ходимларининг методик бирлашмалари, ҳудудий халқ таълими бошқармаларида методик кенгашлар ташкил этилиши мумкин.
19. Психологик хизматнинг фаолияти умумий ўрта таълим муассасаларида Республика ташхис маркази томонидан тасдиқланган намунавий иш режа асосида ташкил этилади.
20. Психологик хизматнинг иш режаси таълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори асосида намунавий иш режага мувофиқ тасдиқланади.
21. Психологик хизматнинг ташкилий, илмий-методик ва дастурий таъминоти тегишли равишда Республика ташхис маркази бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилади.