33-модда. Банкларнинг ҳисоб-китоб қилиш тартиби
Банклар ва уларнинг мижозлари ҳисоб-китобларни Марказий банк белгилайдиган тартибда амалга оширадилар. Кўрсатилган тартибни бузганлик учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: «Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 2465, 03.06.2013 й.).
34-модда. Кредитлар қайтарилишини таъминлаш
Банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўчар ва кўчмас мулкни гаровга қўйиш, кафолат бериш, кафилликка олиш ва мажбуриятлар асосида кредит берадилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744 — 748-моддалари.
Банклар таъминланмаган кредит (эътимодли кредит) бериш ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин.
35-модда. Қарздорларни тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Банкдан олган кредитларини ўз вақтида тўлаш мажбуриятларини бажармаётган қарздорларни банк тўловга қобилиятсиз деб эълон қилиши ва бу ҳақда матбуотда хабар бериши мумкин. Банк бундай қарздорларни банкрот деб топишни сўраб, иқтисодий судда даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга.
(35-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
IV. БАНКЛАРГА ВАСИЙЛИК ҚИЛИШ
36-модда. Васийликни тайинлаш
Банкнинг муваққат маъмуриятини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Марказий банк васий тайинлайди ва васийлик қилиш ҳақида фармойиш чиқаради. Фармойиш матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Банкнинг олдиндан васийдан розилик олмай қилган ҳаракатлари ҳақиқий эмас.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Банкларга васийлик қилиш тўғрисидаги низом (рўйхат № 570, 19.12.1998 й.).
37-модда. Васийнинг ваколатлари
Васий банкнинг мансабдор шахслари ва унинг акциядорлари ваколатларига, шунингдек банк аҳволини нормаллаштириш учун зарур чоралар кўриш, жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ филиалларни ёпиш, мансабдор шахсларни ва хизматчиларни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Васий исталган пайтда фуқароларнинг депозитлари ва инвестициялари бир йилдан кўп бўлмаган муддатга қисман ёки тўла тўхтатиб қўйилганлигини эълон қилиши мумкин, бунда депозитлар ва инвестицияларнинг тахминий қийматини сақлаб қоладиган чоралар кўрилиши шарт.
Башарти, васийлик вақтида ёки васийлик даврининг охирида банкни соғломлаштиришнинг иложи йўқлиги Марказий банк томонидан аниқланса, у лицензияни чақириб олади ва белгиланган тартибда банкни тугатади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Банкларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат № 626, 11.02.1999 й.).
Do'stlaringiz bilan baham: |