Бетон учун пигментлар
Рангли бетон олишда бетон қоришмага пигмент қўшилса, ундан тайёрланган конструкция ҳажми бўйича рангли тусга эга бўлади. Агар юқори қатлами едирилса ҳам унинг ранги ўзгармайди.
Тўйинган рангдаги бетон аралашмасини тайёрлаш учун кўп миқдорда ранг берувчи пигмент киритиш зарур. Бунда унинг нархи ошиб кетади. Демак, бундай усулда рангли бетон олишнинг асосий камчиликларига унинг нархи ошиб кетишини киритиш мумкин.
Тротуар плиткалар, брусчаткалар, бордюрлар ишлаб чиқаришда ҳам худди шундай усуллар қўлланилади. Бундай усулда рангли бетон буюмлари тайёрланганда узоқ йиллар давомида уларни бўяш зарурати бўлмайди.
Бетонни бўяшнинг яна бир технологиясига тайёр темир-бетон ва яхлит бетон конструкцияларининг юзасини бўяш киради. Бунда бўёқ тайёр буюм юзасига сепилади. Анъанавий усуллардан (металл ёки пластмасса юзасини бўяш) фарқли равишда, бунда бўёқ бўялаётган конструкция юзасига чуқурроқ сингиши талаб қилинади. Бунда, бўёқнинг сингиши, пигментнинг қотирувчисига боғлиқ бўлади.
Бу технологиянинг қонунияти ёғочга морилка (Belinka, Pinotex, Dufatex қопламалари) билан ишлов бериш усулига жуда ўхшаш. Улар ёғоч юзасида эмас,балки унга сингиб кетиши натижасида ҳимоя ва безак қатламини ҳосил қилади. Бу ҳолатларда пигмент шимдирилувчи таркибга киритилади. Бунда сувни ишлатиш самара бермайди. Чунки, ранг ювилиб кетиши мумкин. Шунинг учун бундай ҳолатларда рангсиз локларни ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Пигмент ашёнинг ички қисмига қанча чуқурроқ кириб борса, унинг юзасидаги ранг шунча узоқ хусусиятларини йўқотмай туриши мумкин.
Бетон конструкциянинг юза қатлами доимо сув таъсирида (масалан, ёмғир, эриган қор ва ҳ.к.) бўлади. бунда, юзанинг едирилишга чидамлилиги ҳам катта аҳамиятга эга бўлмайди. Чунки, юза қатлам билан бирга бўёқ қатлами емирилади. Шунинг учун ҳам тайёр тротуар плиткалари ва брусчаткаларга эмас, уларни тайёрлашда ишлатиладиган бетон қоришмасига ранг берилади. Буни тасаввур этиш учун сувда марганцовка (калий перманганат)нинг эришини эслаш кифоя.
Пигмент ҳам бетон таркибидаги цементнинг силикат ва алюминат бирикмаларида шундай рангларни ҳосил қилиши керак. Демак, ҳосил бўладиган рангнинг тўйинганлигига қараб пигмент сарфи аниқланади.
Қандай (алкид, акрил, нитро ва бошқа) бўёқлар бўлишидан қатъий назар унинг таркибига бўёвчи моддалар – пигментлар қўшилади.
Масалан алкидли бўёқларда уайт спирт, мойли бўёқларда олиф, акрил бўёқларида сув, нитро бўёқларида ацетон ва шу кабилар ишлатилади.
Бетон учун ишлатиладиган пигментлар органик ва минерал турларга бўлинади. Улар олиниши бўйича табиий ёки сунъий бўлиши мумкин.
Табиий пигментлар майдалаш усулида, сунъий пигментлар эса минерал хомашёларни ҳарорат таъсирида ишлов бериш натижасида (масалан, умбра ёки куйдирилган охра) олинади.
Ҳозирги кунда ишлаб чиқаришда ишлатиладиган пигментларнинг турлари хилма хил.
Бетон учун ранг берувчи компонентлар капсула, эмульция ёки паста кўринишида ҳам бўлади.
Ҳозирги кунда ишлатилаётган пигментнинг турлари жуда кўп. Бунда иш бажарувчи унга қўйиладиган талаблар бўйича тўғри танлаш катта аҳамиятга эга.
Пигментларнинг кимёвий таркиби унинг ранги, емирилишга чидамлилиги, иссиқликка бардош бериши ва шу каби хоссаларини белгилаб беради. Пигмент таркибига қараб қуйидаги ҳусусиятларни айтиш мумкин:
-бўёқ сепилган юзанинг ранг билан тўлиқ қопланиши;
-бўяш хусусияти, пигментнинг бўёқ таркибига ўз рангини бериши;
-майдалик даражаси, пигментнинг барча хоссаларини аниқлаб беради. Масалан, майин туйилган пигментларнинг юзани қоплаши ва бўяш хусусияти юқори бўлади;
-мойни ўзида сақлаш қобилияти. Бу кўрсаткич ҳар 100 грамм пигмент учун 40 дан 100 граммгача бўлиши мумкин. Кам мойни ўзида сақловчи пигментлар кўпроқ иқтисодий самара беради. Чунки, бундай боғловчилар ишлатилганда олифнинг сарфи камаяди, ҳамда қопламанинг таркибида мой миқдори камайиши ҳисобига узоққа чидамлилиги ошади;
-ишқорга чидамлилиги, пигмент асосидаги боғловчиларнинг ранги ишқор таъсирида ўзгариб боришини ифодалайди. Асосан барча турдаги пигментлар ишқор таъсирига чидамли бўлади;
-ёруғлик таъсирига чидамлилиги, ультрабинафша нурлари таъсирида рангини ўзгартирмаслиги билан ифодаланади. Асосан барча табиий пигментлар ёруғлик таъсирига чидамли бўлади. Баъзи сунъий пигментлар ёруғлик таъсирида ўз рангини ўзгартириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |