Ушбу усул билан тажрибани бажариш ва ИЗС-10Н асбобни ишлатиш қоидаси ГОСТ 22904-93 да ёритилган.
Синаш учун саволлар
1. Қурилиш ашёларининг хоссалари ва сифати ҳақида нималарни биласиз?
2. Ашё сифатини аниқлашда квалиметрия усули ва уларнинг хоссаларида қандай умумийлик бор?
3. Зичлик деб нимага айтилади?
4. Қурилиш ашёларининг музлашга чидамлилиги ва сув шимувчанлиги нима?
5. Қурилиш ашёларининг зарарли муҳит таъсирида чидамлилиги ва уларнинг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти нима?
6. Ашёларнинг механик ва деформатик хоссалари ҳақида баён қилинг.
7. Қурилиш ашёларининг эстетик хоссаларига, хроматик ва ахроматик рангларга тушунча беринг.
8. Тезкор усулда қурилиш ашёларининг хоссаларини аниқлаш.
3-БОБ. Қурилиш ашёлари тузилиши ва қотиш жараёнлари
3.1.Қурилиш ашёларининг тузилиши
Ашёнинг таркибидан ташқари унинг муҳим кўрсаткичларидан бири тузилиш ҳисобланади.
Тузилиш - бу ашё таркибидаги маълум шакл ва ўлчамга эга бўлган бир жинсли моддаларнинг, ҳамда фазаларнинг (ғовакларнинг) жойлашиши. Ашёларнинг тузилиши учта даражада ўрганилади: макротузилиш, микротузилиш ва модданинг ички тузилиши.
Макротузилиш - бу кўз билан ёки озгина катталаштириш билан кузатиладиган ашё тузилишидир. Бу тузилиш ашёнинг таркибидаги макроғовакларнинг ўлчами ва хусусиятларига ёки макронуқсонларнинг табиати билан боғлиқ.
Қурилиш ашёларининг тузилиши ҳар доим бир жинсли бўлмайди ва унда нуқсонлар (ғовак, дарз) мавжуд бўлиши мумкин, бу ашёларнинг хоссаларини сезиларли даражада ёмонлаштиради. Умуман олганда, ашёнинг тузилиши ҳар доим унинг хусусиятларини белгилайди.
Ашё хоссаларининг аксарияти ғовакларнинг ўлчами, миқдори ва хусусиятига қараб аниқланади. Масалан, кўпик шиша оддий шишага нисбатан жуда енгил ва ярқироқ бўлмайди.
Ашёнинг ғоваклиги ортиши билан зичлик ва мустаҳкамлик кўрсаткичлари камаяди ва иссиқликдан мухофазалаш кўрсаткичи эса қуруқ ҳолатда яхшиланади. Нам ҳолатда, ғоваклардаги сув музлайди ва ҳажми кенгайиши ҳисобига ички зўриқишни келтириб чиқаради, бу эса ашёнинг иссиқлик-техник ва механик хоссаларининг ҳамда узоққа чидамлилигининг ўзгаришига олиб келади.
Қаттиқ зарраларнинг шакли ва ўлчами ҳам ашёнинг хусусиятларига таъсир қилади. Бундай қурилиш ашёлари макротузилишининг тубдан фарқ қиладиган бир нечта турлари мавжуд [10].
1.Ашёларнинг конгломерат тузилишида зарралар боғловчи моддалар билан мустаҳкам боғланган ва шу билан бирга ташқи кўриниши, ранги ва техник хусусиятлари билан ажралиб туради. Мисол тариқасида таркибида турли минераллар бир-бири билан мустаҳкам боғланган табиий ашёлардан гранитни, сунъий ашёлардан таркибида қум, чақиқтош ва боғловчи бўлган бетонни келтиришимиз мумкин. Қурилиш конгломератининг таркиби яхлит тизим бўлиб, ундан бузмасдан бирон бир таркибий элементни ажратиб бўлмайди.
2. Уяли тузилишда кўп ғовакли бетон, кўпик шиша, пластмасса, баъзи сопол буюмлар ва бошқа иссиқликни мухофазаловчи ашёларга хос бўлган жуда кўп миқдордаги макро- ва микроғоваклар мавжуд. Уяли тузилишга эга бўлган ашёларда, таркибидаги ташкил этувчи элементларнинг (масалан, ҳаво ёки сув билан тўлдирилган ғоваклар билан унинг деворлари) хусусиятлари бир-биридан жуда катта фарқ қилади.
3. Ашёлар толали тузилишга анизотроп (бўйлама ва кўндаланг йўналишда турли хусусиятга эга) бир-бирига параллел равишда жойлаштирилган толалар туфайли эга бўлади. Толали тузилиш ёғоч, минерал толали ашёларга хосдир.
4. Қатламли тузилишга эга ашёлар ҳам анизотроп хоссага эга. Бунга ашёнинг параллел қатламлари туфайли (қатламли моддалардан фарқли ўлароқ) эришилади. Буларга қатламли тўлдиргичлар асосидаги ўрама ашёлар, лист кўринишидаги ашёлар, плита кўринишидаги ашёлар (текстолит ва ш.к.) киради.
5. Донадор тузилишли ашёлар бир-бирига боғланмаган зарралардан (қум, чақиқтош, цемент) ташкил топади.
Бундан ташқари, барча турдаги макротузилишлар муқобил бўлиаган, муқобил ва рационал турларга ажратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |