Коллоид эритма- заррачалар кристалланмайдиган, сувда, елим сингари эритма ҳосил қиладиган, ўта кичик заррачалардан иборат (2·10-7м гача) тизим. Коллоид эритманинг ўзига хос хусусияти ундаги заррачаларнинг суюқлик молекулалари билан кимёвий реакцияга киришишидир.
Суспензия таркибидаги заррачалар коллоид эритмаларидагига нисбатан йирикроқ бўлади. Майдаланган заррачалар эримайди, балки қаттиқ кристалл ҳолда суюқликда эркин сузиб юради ва шу модданинг суви деб аталади. Масалан, битумли сув, цементли сув. Агар заррачалар миқдори кўпайиб кетса, у бўтқага ёки қоришмага айланади. Суспензиядаги қаттиқ моддалар солиштирма оғирлигига қараб суюқлик тагига чўкади. Агар суспензия жуда суюқ бўлса, заррачаларнинг чўкиш тезлиги ортади ва бу жараён седиментация дейилади.
Қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш жараёнлари илмий амалий томондан таҳлил қилиш ва уни асослаш технология фани деб аталади. Технологик жараёнларда хом ашёдаги моддаларнинг парчаланиши, ўзаро реакцияга киришиши ва моддалардан қурилиш ашёлари олиш усуллари кимё-технология фанида ўрганилади.
Минерал кукунини ҳаддан ташқари майдалаш унинг фаоллигини оширса-да, аммо жуда майда кукун заррачалар хаводаги намни ютиб ўзаро бир-бири билан ёпишиб қумоқ (кластер) доналарга айланади ва унинг солиштирма сиртини (г/см2) кичрайтиради. Шунингдек, бундай майда заррачаларни суюқлик билан аралаштирганда ҳаво кириб қоладиган ғоваклар миқдори ортади. Аксарият, минерал кукунининг майдаланиш даражаси тажриба йўли билан аниқланади.
Майдалаш жараёнида унга сирти фаол моддалар қўшилса, минерал кукуни заррачаси сиртида фаол парда ҳосил бўлади ва уларни ўзаро ёпишиб қумоқ доналарга айланишига йўл қўймайди. Ўта майдаланган минерал кукунини узоқ вақт сақлаганда ҳаводаги намликни ютиши ҳисобига унинг фаоллиги сусаяди. Минерал кукунини олишга доир технологик жараёнда, у майда-йирик доналарга алоҳида қилиб ажратилади. Бу жараёнда элаш ёки сепарация қилиш (солиштирма оғирлигига кўра саралаш) усули қўлланилади.
Қоришманинг қулай жойланувчанлиги ҳамда қўзғалувчанлиги ундаги ўзаро аралашмаган қуюқ ва суюқ қисмнинг борлигига боғлиқ. Янги тайёрланган қоришма кераклича аралаштирилмаса, унинг тузилиши қониқарсиз бўлади. Демак, мустаҳкамлиги пасаяди. Оқувчанлик жараёни бузилади. Қуюқ ва суюқ қоришма ёки эритмаларнинг оқувчанлиги, аввало уларнинг таркиби ҳамда унга таъсир этувчи кучга боғлиқ. Қоришмаларга, биз истагандек, шакл беришда, унинг қуюқ-суюқлигини ўрганувчи йўналиш оқувчанлик (реалогия) фани деб аталади.
Қолипга жойланган янги қоришмага махсус ишлов берилиб оддий шароитда аста-секин ёки иссиқ-нам муҳитда тез суръатда қотади, кейин қаттиқ буюмга айланади. Кимёвий реакциялар жараёнида янги моддалар ҳосил бўлади. Ҳароратнинг ортиши билан заррачаларнинг эриши кўпаяди, ундаги кимёвий реакцияни зўрайтиради, заррачаларни бўлакларга бўлиниш жараёни тезлашади ва янги бирикмалар, моддалар ҳосил бўлади.
Қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш саноатининг ривожланиши, шу соҳа фан намояндалари олдига улкан вазифаларни қўйди. Қурилиш ашёлари фанини мустақил бир илмий йўналиш эканлигини исботлаган академик П.А.Ребиндер ва унинг шогирдлари физик-кимё механикасига ҳам асос солдилар. Икки фан чегарасидаги бундай илмий йўналиш юқори мустаҳкам ва чидамли ашёлар яратиш устида жаҳоншумул аҳамиятга молик илмий ишларга йўл очиб берди. Шунингдек, физик-кимё йўналиши ашёларни майдалаш ва туйиш жараёнида кимёвий усуллар билан дона-заррачалар сиртини фаоллаштириш,нанотехнологияни қўллаш учун қурилиш хомашёларини нанозаррача (10-9м) даражасигача туйиш, микроғоваклардан ташкил топган нанотузилишли қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш,қаттиқ жисмларни кесиш, босим остида сифатли ашёлар тайёрлаш каби саноатимиз учун ўта муҳим муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
Қурилиш ашёлари фани орқали ўқувчи нафақат битта ёки иккита ашёнинг ҳосил бўлишига доир илмий ишларни, шунингдек, бир хил сунъий ашёларнинг тузилиши, моддалар алмашинуви, қотиш, қиздириш ва совиш жараёнларига тегишли қонуниятларни ҳам ўрганади.
Ашёларнинг оптимал тузилиши тўғрисидаги тушунча билан уларнинг турлари, ашё хоссалари ва тузилишининг ўзгариш қонуниятлари ҳамда энг самарали таркибни ҳисоблашга доир муаммоларни ўрганишга асосланган сунъий қурилиш конгломерат назарияси қурилиш ашёларини мустақил фан эканлигини исботлади.
Масалан, зичлиги бир хил бўлган барча ашёларга таъсир этувчи зарарли муҳит, уларни бир тизимда тўла бузаолмайди. Агар шу ашёлар ғовак бўлса, уларнинг бузилиш жараёни бир-биридан фарқ қилади.
Қурилиш ашёларининг турлари шу қадар кўпки, уларни бир тизимга тушириб, безакли, рангли пардозбоп эканлигини назарда тутиб, махсус тасниф ёрдамида ўқувчига тушунтириш лозим (2.1-расм).
Пардозбоп қурилиш ашёларининг таснифи қуйидаги жиҳатларига кўра: рангли хом ашёнинг турлари, уларнинг сифатини белгиловчи кўрсаткичларга, кейин қайерда ишлатилишига қараб, жумладан, иссиқликни кам ўтказувчи, оловбардош, ялтироқлигини рангини сақловчи, акустик ашёлар каби гуруҳларга бўлинади.
Ҳар бир пардозбоп қурилиш ашёси ўзининг таркиби, келиб чиқиши ва ишлаб чиқариш технологиясига кўра, юқорида келтирилган хоссаларга эга. Ашёнинг таркиби, ранги, тузилиши ва ҳолатининг ўзгариши билан унинг қурилиш ҳамда технологик хоссалари ҳам ўзгаради. Пардозбоп қурилиш ашёларининг хоссалари турғун бўлмай, улар физик, механик ва кимёвий жараёнлар таъсирида ўзгариб туради. Уларнинг хоссаларини синаш ишлари махсус асбоб ҳамда ускуналар билан жиҳозланган тажрибахонада ва дала шароитида давлат стандартларида кўрсатилган усуллар асосида ўтказилади.
Рангли қурилиш конгломератлар таснифи умумий назарияларни ўз ичига олади. Янги боғловчи моддалар ва рангли тўлдиргичлар яратилса ёки ҳозирги рангли пардозбоп ашёлар таркиби, ишлаб чиқариш технологиялари такомиллаштирилса,ҳамда янги тузилишлар ихтиро этилса, физика ва кимёвий(СҚК - сунъий композиция) назариялари асосида ўрганилади.
Қурилиш ашёларининг умумлашган сифат кўрсаткичларини аниқлашнинг энг муҳим вазифаларидан бири ишлатилаётган қурилиш ашёларининг ҳар хил муҳитда чидамлилигини оширишдан иборатдир. Айниқса, кимё саноати ва ер ости иншоотларининг зарарли-ишқор, кислота эритмалари ва тузлар таъсирида узоқ йиллар мобайнида сифат кўрсаткичларининг сақланишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бундай шароитда қурилиш ашёларининг ички микротузилишидаги бузилиши, боғловчи ашёларда модда алмашинувининг тезлашиши, уларнинг физик ва механик хоссаларининг пасайишига олиб келади.
Ҳар хил моддалардан ташкил топган заррачалараро боғловчи кучни уларнинг ички тузилишида рўй бераётган физик-кимёвий жараёнлар қурилиш ашёларининг чидамлилигини камайтиради. Бундан ташқари қурилиш буюмлари ёки контрукцияларни тайёрлашда технологик жараённинг бузилиши, улар таркибини ҳисоблашда йўл қўйиладиган хатолар ва бошқа омиллар ҳам ашёнинг ички тузилишининг мустаҳкамлигини камайтиради. Умуман олганда бундай жараёнлар ўта мураккаб бўлиб, улар моддаларда физик-кимёвий реакциялар натижасида рўй беради. Қурилиш ашёларининг хоссаларининг ўзгаришига сабабчи бўлаётган ягона физик-кимёвий реакциялар қандай моддалар орасида бўлаётганлигини микрокалориметр усули билан юқори аниқликда тажрибахоналарда аниқлаш мумкин.
Маълумки, микрокалориметрия усуллари ёрдамида аниқланган миқдорий кўрсатгичлар асосан ашё таркибидаги ҳар модданинг реакцияга киришишида ҳосил бўладиган иссиқлик манбаи, унинг қуввати ва иссиқлик ютувчанлик қобилиятига асосланган. Физик-кимёвий реакция жараёнида ҳар бир модданинг термодинамик холати ҳар хил бўлади. Масалан, цемент заррачаси сув билан намланганда эркин энергия ўзгаради. Бунда цементнинг солиштирма юзаси қанчалик катта бўлса, заррачалараро туташ нуқталар шунча кўп бўлади. Натижада қотаётган цемент тошининг мустаҳкамлиги шунчалик юқори бўлади.
Микрокалориметрия усуллари ёрдамида заррачаларни намланиш энергиясини тажрибахонада аниқлаганда унинг миқдор кўрсатгичининг ошиши ёки камаяши ашё таркибида модда зарраларининг туташ нуқталарида термокимёвий реакция кетаётганини билиш мумкин. Демак, қурилиш ашёларининг қотиши ундаги физик-кимёвий бирикиш жараёнининг бошланиши ёки бузилишидан дарак беради.
Анорганик моддаларнинг қотиши аниқ қонуниятга асосланган тўғри маълумот берадиган асбоблар ёрдамида аниқлаш усуллари илмий ишларда ва амалиётда аста-секин қўлланилмоқда. Микрокалориметрия тажриба усулларига асосланган термокимё ва термокинетика йўналишидаги илмий изланишлар ёрдамида қурилиш ашёларидаги деструктив (бузилиш) жараёнининг бошланиши тўғрисида ҳам башорат қилиш мумкин. Шунингдек ҳар хил физик-кимёвий хоссаларга эга бўлган гетероген системага оид моддалар-аро реакциянинг бир меъёрда қотиши ва умумман олганда қурилиш ашёларининг чидамлилигини таъминловчи барча сифат кўрсаткичларни аниқлаш мумкин бўлади. Қурилиш ашёларини олишда моддалараро кимёвий реакция иссиқлик ажратиш жараёнида рўй беради. Ушбу жараённи термокимё ва термокинетик усуллар билан ўрганилиб, олинган кўрсаткичлар микрокалометрия асосини ташкил этади.
Қурилиш ашёлари сифатини макротузилиш даражасида илмий томондан асослаб миқдорий кўрсатгичлар орқали ифодалаш усулларига эса квалиметрия (лотинча gualis-сифати қанақа ва грекча metreo- ўлчайман) деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, квалиметрия – қурилиш ашёларининг умумлашган сифатини аниқлаш усуллари ва миқдор кўрсатгичлар йиғиндисини ифодаловчи илмий йўналишни тушунмоқ керак. Қурилиш ашёларининг квалиметриясини аниқлаш деганда уларнинг қайси турини ишлаб чиқариш ва қайерда ишлатилишига қараб асосий сифат кўрсатгичини ифодаловчи хоссаларини тажрибахонада аниқлаш тушунилади. Шулар ичида энг зарур оптимал хоссаларини синаш усуллари билан қурилиш ашёларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи хоссаларни давлат стандартларига мослигини аниқлаб, кейин унинг квалиметрияси кўрсатилади. Масалан, тавсия этиладиган қурилиш ашёси билан сув ҳавзаси ёки ховуз деворлврини қоплаш керак бўлса, унинг асосий сифат кўрсатгичи сувни ўтказмаслик хоссасига тегишли синаш ишларини тушунмоқ керак.Қурилиш ашёларининг квалиметриясини аниқлашда турли математик усуллар ҳам ишлатилади. Жумладан, оптимал бошқарув назарияси, текис ва нотекис ҳамда динамик режалаштириш каби ҳисоблаш усуллари кенг қўлланилмоқда.
Маҳсулот сифати физик, механик ва деформатик хоссаларни миқдорий кўрсаткичлар орқали баҳолаш усуллари саноатнинг кўпгина йўналишларида қўлланилади. Иншоотларнинг квалиметриясини таҳлил қилиш учун қурилиш жараёнини тегишли қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ҳамда ишлатилаётган ашёларнинг сифатли эканлигини ўрганиб аттестация қилиш ва уларни баҳолаш керак бўлади.
Илмий-тадқиқот ишларида квалиметрия усулини қўллаш кенгаймоқда ва такомиллашмоқда. Квалиметрия усули билан қурилиш ашёлари ва конструкцияларини баҳолаганда объектнинг комплекс талабларига жавоб беришини аниқ кўрсаткичлар орқали ифодаоаш мумкин бўлади. Бундай кўрсаткичлар қурувчи ва лойиҳаловчиларнинг кундалик амалий ишларида қандай қурилиш ашёларини, конструкцияларини деворбоп буюмларни, ҳамда пардозбоп ашёларни танлашда катта аҳамиятган эга. Қурилиш ашёлари хосси орасида умумийликни бир қонуниятга бўй синишини проф.Рыбьев И.А. илмий томондан асослади ва уни “устун назарияси” деб атади. Масалан, ашё тузилишининг зичлиги қанчалик ошса, унинг квалиметрия кўрсаткичлари юқори бўлади ёки ғоваклиги, сув шимувчанлиги, газ ёки сув ўтказувчанлиги камаяди. Шундай мисоллар билан ашёнинг биттагина хоссаси орқали бошқа хоссаларининг сифат кўрсаткичлари квалиметрияси тўғрисида тушунчага эга бўлиш мумкин. Албатта, бундай усул билан ашёнинг сифатига назарий томондан аниқ баҳо бериб бўлмайди. Масалан, мустаҳкамлиги бир хил кўрсаткичга эга бўлган полимер ашёларнинг зичлиги билан темирнинг зичлиги бир-биридан кескин фарқ қилади. Демак, ашёларнинг зичлиги ошиши ҳамма вақт ҳам уларнинг мустаҳкамлигини оширади дегани эмас. Бундай холда ашёнинг таркибий қисмидаги минерал моддаларнинг келиб чиқиши ва уларнинг хоссаларини ўрганиб таҳлил қилиш керак. Қурилиш ашёларининг ҳар бир хоссасининг ошиши орқали уларнинг барча хоссалари тўғрисида фикрлаш мумкинлигини 3.1-расмдаги проф. Э.У.Қосимов ишлаб чиққан квалиметрия кўрсаткичларини ифодалаб, қурилиш ашёларини умумлашган сифати –квалиметриясини билиш мумкин.
Қурилиш ашёларини бинонинг қайси қисмида ишлатилиши, қандай зарарли моддалар ёки муҳит таъсирида бўлишлигига қараб ҳар томонлама давлат стандартлари бўйича текширилган сифатли ашёлар тавсия этилади.
Масалан, сув хўжалиги қурилишларида ишлатиладиган ашёнинг мустаҳкамлик маркаси ва сув ўтказмаслик хоссалари чуқур ўрганилган бўлиши керак ёки полни қоплашда қўлланиладиган ашёни ишқаланишга ва сувга чидамлилик хоссалари унинг асосий сифатини ифодалаши зарур.
Қурилиш ашё, буюм ва конструкцияларнинг микрокалориметрия ва квалиметрия сифат кўрсаткичи қуйидагиларга боғлиқ:
-хомашёнинг кимёвий таркиби, унинг физик ва механик хоссаларига;
-боғловчи модда – хомашёсини қайта ишлаш технологияси стандарт талабларига тўла риоя қилинганлигига;
-ашёни ишлаб чиқариш технологияларининг хар бир жараён сифати ва стандарт талабларини тўла қондирилишига;
Do'stlaringiz bilan baham: |