4-боб. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги
1-§. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
14. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар ва бошқа ахборотларни давлат бошқаруви органларидан, хўжалик бирлашмаларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул асосда олиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;
вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур ҳолларда бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиш;
кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш масалалари бўйича давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар ишини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;
Агентликнинг ваколатига кирувчи масалалар юзасидан судларга аризалар ва даъволар киритиш;
Агентликнинг ва унинг тизимидаги давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда бериш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш, Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;
Агентлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларини улар томонидан тегишли соҳада улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;
ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
Агентлик ваколатларига кирувчи масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви органларига, хўжалик бирлашмаларига ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритиш;
ўзининг юритишига тегишли муаммоларни ҳал этишга илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан, хорижий олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;
Агентлик тизимига кирадиган ташкилотларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган буйруқларини бекор қилиш;
Агентлик ва Агентлик тизимига кирадиган ташкилотларнинг моддий-техник базасини яхшилаш чораларини кўриш;
амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Агентликнинг ижтимоий инфратузилмасини ташкил этиш ва такомиллаштириш;
Агентлик фаолиятини кенг ёритиш мақсадида ижтимоий тармоқларда расмий веб-сайтлар, шунингдек, саҳифалар яратиш;
ўз ваколати доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;
тиббий-ижтимоий хизмат мутахассислари малакасини ошириш дастурларига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш;
тиббий-ижтимоий хизмат муаммолари бўйича илмий-методик ва ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва нашр этиш.
Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.
15. Агентлик:
ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, тегишли соҳадаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;
ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган буйруқлар амалга оширилишининг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;
ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |