ЧАНОҚ СУЯГИНИНГ ЎЛЧОВЛАРИ
Аёллар чаноғи асосан икки қисмдан ташкил топган — катта чаноқ ва кичик чаноқ. Буларнинг ҳар иккаласини ажратувчи чегараси номсиз ёки чегара чизиғи (linea innominata seu terminalis) ҳисобланади, деб айтиб ўтган эдик. Катта чаноқ акушерлик нуқтаи назаридан кичик чаноққа нисбатан унчалик аҳамиятга эга эмас.
Баъзи акушерлар катта чаноқни «кичик» чаноқнинг «ойнаси» деб ҳисоблайдилар, чунки катта чаноқнинг баъзи ўлчовларига қараб кичик чаноқ ўлчовларини тахмин қилса бўлади.
Катта чаноқ (pelvis major). Орқадан охирги бел умуртқаси, ёндан ёнбош суяклар билан чегараланиб, олд томонида суяклар бўлмайди, шунга кўра ҳомиладорликда бачадон ва қорин девори ҳеч қандай тўсиқсиз ўсаверади.
Кичик чаноқ (pelvis minor). Шакли қирқилган учбурчакка ўхшайди, гўё асоси билан юқорига айланган. Кичик чаноқнинг олдинги девори қов суяги ва симфиз, орқаси думғаза ва дум суяги, ёндан қуймич суяклари билан чегараланган.
Кичик чаноқнинг олдинги девори орқа деворидан уч баравар калта (олдинги девори 4—4,5 см, орқа девори 12,5—13 см).
Кичик чаноқнинг ён томонлари қорин парда ва иккита бойлам lig. sacro spinosum ва lig.sacrotuberosum билан қопланиб, чегараланган тешик (қуймич ўймаси) (incisurae ischiadicae) ни ҳосил қилади.
Шундай қилиб, кичик чаноқ ҳамма томондан суякдан ташкил топган.
Катта чаноқ ўлчовлари. Нормал чаноқнинг ташқи масофаларини ўлчаб аниқлаш билан кичик чаноқ ўлчовларини ҳам тасаввур қилиш мумкин бўлади.
Чаноқнинг ташқи масофалари одатда аёлнинг ётган ҳолатида ўлчанади. Бунинг учун циркул (чаноқ ўлчагич — тазомер) дан фойдаланилади. Аёл кушетка ёки каравотга чалқанча ётади, акушер эса аёлнинг ўнг томонига қараган ҳолда ўтиради, чаноқ ўлчагичнинг икки оёғини икки қўлига олади-да, кўрсаткич ва катта бармоқлар билан унинг учидаги тугмачалардан ушлайди ва ўлчашга киришади.
Нормада:
Икки ёнбош суякларининг олдинги устки ўсиқлари ораси (distantia spinarum) – 25-26 см.
Икки ёнбош суяклари устки қирраларининг энг узоқ нуқталари ораси (distantia cristarum) – 28-29 см.
Сон суякларининг катта трахантерлари (катта боши кўстлари) орасидаги масофа (distantia trochanterica) –30 -31 см.
Тери ости ёғ қавати қалин бўлган аёлларнинг туртиб чиққан катта нуқталарини ушлаб кўриш жуда қийин бўлади. Бундай ҳолларда аёлдан аввал бир оёғини, кейин иккинчи оёғини суриш талаб қилинади ва шу ҳаракат вақтидa сон суякларининг катта боши кўстни бармоқ билан пайпаслаб топишга ҳаракат қилинади.
Ташқи конъюгаталарни (cоnjugata externa) ёки Боделак диаметрини ўлчаш учун аёл ёнбошга ётқизилади. Аёл пастдаги оёғини чаноқ - сон ва тизза бўғимларидан букади, юқори оёғини узатган ҳолда чаноқ ўлчагич бир учи тугмаси симфизнинг юқори қисмига, иккинчиси эса думғаза ромби (Михаэлис ромби)нинг юқори бурчагига қўйилади. Агар ромб унча билинмаса, кўрсаткич бармоқни бел умуртқаси бўйлаб сурилганда бармоқ чуқурчага тушади, шу ер бел умуртқасининг думғаза билан бирлашган еридир. Бу ўлчов 20—21 см га тенг бўлиб, бунинг ёрдамида кичик чаноқнинг тўғри ўлчовини билиш мумкин. Бундан 9 см олиб ташланса (суяк ва юмшоқ тўқима қалинлигига), кичик чаноқнинг тўғри ўлчови чиқади.
Кичик чаноқ ўлчовлари. Кичик чаноқ акушерлик нуқтаи назаридан туғиш йўли ҳисобланади. Кичик чаноқ юзаси қов суяги ва симфиз четлари билан, орқадан думғаза дўнги (promоntorium), ёнидан номсиз чизиқ билан чегараланади.
Кичик чаноқнинг кириш юзаси геометрик тузилишдадир. Кичик чаноқ йўлида 4 та сатҳ мавжуддир.
чаноқ кириш қисмининг сатҳи;
чаноқ кенг қисмининг сатҳи;
чаноқ тор қисмининг сатҳи;
чаноқдан чиқиш қисмининг сатҳи.
Чаноққа кириш қисмининг сатҳи 3 та: тўғри, кўндаланг ва жуфт қийшиқ ўлчовлар (ўнг ва чап) дир .
Чаноққа кириш қисмининг тўғри ўлчови — чин конъюгата (conjugate vera), чаноқнинг чиқиб турган четлари: олдидан симфиз ва думғаза дўмбоғи (promоntorium) оралиғи, бу ўлчов 11 см га тенг. Чаноқнинг анатомик тўғри ўлчови (conjugata anatomica) чин конъюгатадан 0,5 см камдир.
Агар аёл оёқлари каравот четидан осилтирилса (Валхер ётиши) ёки узатилса, чин коньюгатага 0,5—0,75 см қўшилади. Аксинча, сонни қоринга букканда шунча камаяди.
Кичик чаноқ кириш сатҳи тўғри ўлчовини 2 та усул билан аниқлаш мумкин. 1)
ташқи конъюгата (conjugata externa) дан 9 см олиб ташланса, тўғри ўлчов чиқади;
2) диагонал коньюгата (conjugata diaganalis). Бунинг учун ўнг қўлнинг кўрсаткич
ва ўрта бармоғини асептик шароитда қинга киритиб думғаза бурни (promоntorium)
томон йўналтирилади. Одатда бармоқлар думғаза бурнига етмайди, бу чаноқнинг
тор эмаслигини билдиради. Агар бармоқлар думғаза бурнига етса, унда қиннинг
бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқ оралиғи қов суяги остига тақалади, шу тақалган
ерни чап қўл билан белгилаб олиб, кейин ўнг қўл қиндан чиқарилади. Кейин чаноқ
ўлчагич ёки сантиметр тасмаси билан ўлчанади. Агар 13 см бўлса (бу ўлчовдан ками
тор чаноқ бўлади), ундан 2 см олиб ташланса, чин конъюгата (conjugata vera) чиқади
Кичик чаноқ кириш қисмининг кўндаланг ўлчови номсиз чизиқ энг узоқ нуқталарининг орасидаги 13—13,5 см масофага тенг, бу чин конъюгатани перпендикуляр равишда кесиб ўтиб, чаноқ кириш қисми овал шаклида бўлганига кўра думғаза дўмбоғи (promоntorium) яқинроғига жойлашган.
Кичик чаноқнинг қийшиқ ўлчовлари — бу ўлчов орқадан думғаза ва ёнбош қўшилган бўғимлар билан ёнбош ва қов суяклари бириккан дўмбоқ оралиқларидир. Бунинг 9 та ўлчови бор, биринчиси ўнг қийшиқ ўлчов-бу ўнг томондаги думғаза ва ёнбош бўғимидаги ёнбош ва қов дўмбоғи ораси, чап қийшиқ ўлчов - чап томондаги думғаза ва ёнбош бўғимидан ўнг томондаги ёнбош ва қов дўмбоғи ораси (eminentio ilio pubica), ҳар бир қийшиқ ўлчов 12 см га тенг.
Кичик чаноқнинг кенг сатҳи олдиндан симфизнинг ўрта қисми билан, орқадан II ва III думғаза бўғимлари оралиғи тўғри ўлчови бўлиб, бу 12,5 см га тенг. Кўндаланг қуймич косаси оралиғи ҳам 12,5 см. Чаноқнинг кенг қисми думалоқ шаклда бўлади. Чаноқ бўшлиғининг тор текислиги олдиндан симфизнинг пастки чети, орқадан думғаза суягининг пастки қисми оралиғи ҳисобланади. Бунинг тўғри ўлчови симфизнинг ва думғаза суякларининг (articulatio sacro cocsegea) пастки қисми оралиғи 11,5 см бўлади. Кўндаланг ўлчови — иккита қуймич қирраси оралиғи 10,5 см бўлиб, тор сатҳи овал шаклда (тўғри ўлчов, кўндаланг ўлчовдан кўп) бўлади .
Чаноқ чиқиш қисмининг (тубининг) юзаси симфизнинг пастки чети билан қуймич дўмбоғи ва дум суяги учининг оралиғидир.
Чаноқнинг чиқиш қисмида ҳам 2 та — тўғри ва кўндаланг ўлчовлар бор. Бу юзада қийшиқ ўлчов йўқ: тўғри ўлчов симфизнинг пастки четидан дум суягининг учи оралиғи бўлиб, 9— 9,5 см.
Туғиш жараёнида ҳомила боши ва елкаси туғилишида думғаза ва дум суягини бириктирувчи бўғим қўзғалувчан бўлганига кўра дум суяги орқага қайрилиб, бу ўлчов 11—12 см га етади. Чаноқ чиқиш қисмининг кўндаланг ўлчови қуймич суягининг ички юзаси оралиғи бўлиб, 11 см га тенг.
Агар кичик чаноқнинг ҳамма 4 та тўғри ўлчовлари қўшилса, букилган чизиқ ёки чаноқ ўқи ҳосил бўлади. Чаноқ ўқи думғаза букилмасига мослашган бўлганига кўра букилган ҳолда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |