Хоналар холатига, уларнинг жиҳозлари ва анжомларига
қўйиладиган санитария талаблар
1. Барча хоналардаги жиҳозлар, тиббий ва бошқа асбоб-анжомлар тоза сақланиши лозим. ДПМни маъмурияти, хоналарда тозалов ўтказадиган ходимларни ишга киришидан олдин ва кейинчалик даврий равишда (йилига камида бир марта) санитария- гигиена тартиблари ва тозалов ўтказиш технологиялари бўйича инструктаж ўтказишни ташкиллаштиради.
2. Ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалар, ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ёпиштирилган ёрлиқлари бўлган идишларда, махсус ажратилган хоналардаги токчаларга қўйилиб сақланиши керак.
3. Турли объектларни зарарсизлантириш ўтказиш учун дезинфекцияловчи ишчи эритмалардан фойдаланиш учун алоҳида идишлар бўлади;
- тиббиётда қўлланиладиган буюмларни зарарсизлантириш учун;
- хонадаги мавжуд мебелларни, аппаратларни, асбоб ускуналарни ва жиҳозларни зарарсизлантириш учун;
- тозалов анжомларини ва “Б”, “В” гуруҳига кирувчи чиқиндиларни зарарсизлантириш учун.
Ишчи дезинфекцияловчи воситалар эритмалари қуйилган идишларнинг қопқоқлари зич ёпиладиган бўлиши керак, ёрлиқларида воситанинг номи, уни концентрацияси, тайёрланган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилган бўлиши керак.
4. Дезинфекцияловчи воситалар билан ишлаганда барча эҳтиёт чораларига амал қилиш керак, шунингдек воситани қўлланиши бўйича йўриқномага амал қилган холда махсус кийимлардан, ҳимоя воситаларидан фойдаланиб ишлаш керак.
5. Тозалов анжомлари (аравачалар,идишлар, латталар, швабралар) хоналарни фойдаланиш вазифасига кўра ва тозалов ишлари турларини ҳисобга олган холда аниқ белгилаб ёзиб қўйилади ёки ранглар билан белгиланади(кодлаш) ва улар алоҳида ажратилган хонада сақланади. Рангли белгилаш(кодлаш) схемаси тозалов асбоб-анжомларини сақлаш хонасигаёпиштириб қўйилади.
6. Дераза ойналари ҳар чоракда 1 марта ва ифлосланиш даражасига қараб ювилади.
7. Мукаммал тозалов ишлари бўлимни палата хоналарида ва бошқа ёрдамчи хоналарда график асосида камида 1 ойда 1 марта ўтказилади, бунда деворлар, поллар, жиҳозлар, анжомлар ва ёриткичлар зарарсизлантириб ювилади.
8. Мукаммал тозалов ишлари жарроҳлик блоки, боғлов хоналари, туғруқ заллари, муолажа хоналари, стерилизация хоналарида ва бошқа асептика талаблари бажарилиш керак бўлган хоналарда ҳафтада 1 маротаба ўтказилади.
9. Навбатдан ташқари мукаммал тозалов, ташқи мухитдан олинган суртма намуналарида микроблар сони ортиб кетганда ва эпидемиологик кўрсатмага мувофиқ ўтказилади.
10. Мукаммал тозалов ўтказиш учун ходимни алоҳида махсус кийимлари ва шахсий ҳимоя воситалари (халат, қўлқоп, ниқоб, резина қўлқоп, резина фартук ва бошқалар) хамда махсус белгилар қўйилган тозалов анжомлари ва тоза матоли салфеткалар бўлиши керак.
11. Мукаммал тозалов ўтказишда санитария-гигиена талаблари асосида юзалари (кафел ва мойли бўёқлар билан) қопланган деворлар ювилади. Шунингдек , эшиклар, деразалар, плинтуслар, ёритиш жиҳозлари ва анжомлар ювилади.
12. Мукаммал тозалов ўтказишда бир вақтни ўзида 2 та челакдан фойдаланилади:
- биринчи челакда таркибида хлор сақловчи дезинфектантнинг 0,5 фоизли эритмасидан иборат ювиш тўплами тайёрланади, бунга 50 гр. ювиш воситаси, бир бўлак хўжалик совуни ёки 25 гр. исталган ювиш кукуни қўшилади;
- иккинчи челакда — тоза сув бўлади;
- дастлаб латта ювиш эритмаси солинган челакка ботирилади, бироз сиқиб олинади ва ювилиши керак бўлган кичикроқ жой артиб чиқилади. Сўнгра ишлатилган латта тоза сувли челакда чайилади. Шу тариқа ушбу жараён такрорланади.
13. Мукаммал тозалов ўтказишни босқичлари:
- мукаммал тозалов ўтказишдан олдин хона камида 20 дақиқага шамоллатилади;
- сўнгра барча юзалар дезинфекцион ювувчи эритма билан артиб чиқилади;
- ундан кейин хамма жой тоза сувли латта билан артиб чиқилади ва 30 дақиқа кварцланади.
Эслатма: Дезинфекция воситаларни ҳар ҳафта алмаштирилиб қўллаш тавсия қилинади: таркибида хлор сақловчи, водород пероксиди ёки бошқа дезинфектантлар.
14. Дезинфекцияловчи эритмани сарфи 1 кв.м.га - 100 мл.
15. Соматик ихтисослигидаги даволаш-профилактика муассасалари, туғруқ мажмуалари (бўлимлари), жарроҳлик стационарларида (бўлимларида) коридор ва палаталарнинг жорий тозаланиши кунига 3 марта, шу жумладан 1 марта ювиш воситалари қўлланилиб амалга оширилади. Дезинфекция воситалари кўрсатмага кўра (организм биологик суюқликлар билан ифлосланилган тақдирда) қўлланилади. Инфекцион касалликлар, сил ва тери-таносил стационарларида (диспансерларида) кундалик тозалаш ишлари кунига 3 марта, шу жумладан 1 марта дезинфекция воситалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.
16. Жарроҳлик блокида, боғлов хоналарида, муолажа хоналарида ва манипуляция кабинетларида жорий тозалов 1 кунда камида 3 марта ўтказилади, шундан 1 мартаси дезинфекция воситалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.
17. Ишчи юзаларга таркибида хлор сақловчи дезинфекция воситасининг 0,5% эритмаси ёки йўриқномага мувофиқ бошқа дезинфекция эритмаси билан ишлов берилади.
18. Тоза латталар сони етарлича, бироқ камида 10-15 дона бўлиши керак. Ишлатилган латтадан такроран фойдаланишга йўл қўйилмайди. Ишлатилган латталар алоҳида идишда тўпланади, кейинчалик ювилади, қуритилади ва тоза идишда сақланади.
19. Жорий тозалов ўтказишдан олдин ҳар доим хоналар 20 дақиқага шамоллатилади. Ҳар бир тозалов ўтказилгандан кейин бактериоцид лампа ёқилади.
20. Фойдаланилган тозалов анжомлари дезинфекцияловчи эритмаларга солиниб зарарсизлантирилади кейин тоза сувда чайилиб қуритилади. Пол ва деворлар учун тозалов анжомлари алоҳида бўлиши, фойдаланишига кўра аниқ белгилар қўйилган бўлиши,хоналар, коридорлар, санитария хоналари (ҳожатхона, ваннахона ва ҳ.о.) учун алоҳида қўлланилиши керак.
21. Тозалаш асбоб-анжомлари махсус ажратилган хона ёки махсус ажратилган жойда сақланиши зарур.
22. Ифлосланган чойшаб тўпламлари ёпиқ идишларда (клёнкали ёки полиэтилен қопларда, белгилар қўйилган махсус чойшаблар ташийдиган аравачаларда) йиғилади ва кир ювиш хоналарининг марказлашган омборхонасига юборилади. Ифлосланган чойшабларни бўлимларда (12 соатдан кўп бўлмаган муддатда) алоҳида деворлари сув ўтказмайдиган қопламалар (кафел, мойли бўёқ) билан қопланган хоналарда сақланиши керак. Бу хоналар ҳар куни ювилади ва дезинфекция қилинади.
23. Чойшаб тўпламлари махсус кирхоналарда ёки ДПМлар қошидаги кир ювиш бўлимларида ювилади.
24. Тоза чойшаб тўпламларини кирхонадан олиб чиқишда ва кир чойшабларни кирхонага олиб киришда, идишларга солинган ҳолатда (контейнерларга) махсус транспортлар билан ташилади.
25. Ифлосланган ва тозаланган чойшаб тўпламларини битта идишда ташишга йўл қўйилмайди. Матолиидишлар (қоплар) чойшаб тўпламлари билан бир вақтнинг ўзида ювилади.
26.Бир суткага етадиган чойшаб тўпламларини заҳираси махсус ажратилган хонадаги токчаларда(стеллажларда) ёки шкафларда сақланади. Болалар йўргаклари қолган чойшаб тўпламларидан алоҳида, шкафдаги махсус токчаларда ёки алоҳида шкафда сақланади. Беморга шахсий (уй) кийимидан фойдаланишга рухсат берилади.
27. Туғруқ комплекслари, болалар шифохоналари(бўлимлари) ҳамда фтизиатрия, юқумли касалликлар, жарроҳликка ихтисослашган муассасаларда беморлар(ўлганлар) ётиб чиқиб кетгандан кейин матрацлар, ёстиқлар,кўрпалар дезифекцион камерада зарарсизлантиришдан ўтказилиши керак. Агар матрацлар намли дезинфекция қилинадиган матолардан ғилоф қилиниб ўралган бўлса, камерали тозаловдан ўтказиш талаб қилинмайди. Беморлар чиқарилгандан кейин дезинфекцион эритмалар билан артиб, фойдаланишга рухсат этилади.
Беморларнинг кроватлари, тумбочкалари дезинфекция қилинади.
28. Пардозлаш жорий нуқсонлари (шифт ва деворларда чакка ўтиши, захлик, моғор изларини бартараф этиш, тирқиш, тешик ва ўйиқларни ёпиш, кўчиб тушган қоплама плиталарини тиклаш, пол усти қопламалари нуқсонларини йўқотиш ва бошқалар) дарҳол бартараф этилиши керак.
29. Жорий ва тубдан таъмирлаш даврида хоналарнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатиб турилади.
30. Бир бинода қаватлаб ёки блоклаб таъмирлаш ишлари олиб борилишига йўл қўйилмайди.
31. ДПМ ларда синантроп бўғимоёқлилар, каламушлар ва сичқонсимон кемирувчилар бўлмаслиги керак. Дезинсекция, дератизатия тадбирлари санитария қоидаларига риоя этилган ҳолда , махсус ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши керак.
32. ДПМларда турли хавфли гуруҳдаги чиқиндиларни йиғиш, вақтинча сақлаш, олиб чиқиб кетиш, тиббий чиқиндилар билан ишлаш бўйича санитария қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |